Депутат халқ билан қанчалик кўп мулоқот қилса, аҳоли кундалик ҳаётдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан шунчалик воқиф бўлиб боради, муаммолар ечими тезлашади, одамларда эртанги кунга ишонч ортаверади. Ана шундай тадбир Навбаҳор туманидаги “Қоровултепа” маҳалласида бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракция аъзоси Иба Наризова сайловчилар билан учрашди.
Депутат дастлаб қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг халқчиллиги, ижтимоий даражаси тўғрисида тўхталиб ўтди. Республика бюджетининг 52 фоизи таълим ва тиббиётга ажратилаётгани, маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи банкир штатларини жорий этилаётганига алоҳида урғу берди.
Шу ҳудуддан туман Кенгашига сайланган депутат Зебо Жиянова ҳам сўзга чиқиб, “камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили асосида кам таъминланган оилаларга яратилаётган имтиёзлар ҳақида гапирди. Хусусан, фуқароларга яратилаётган қўшимча банк хизматлари, ипотека кредитлари асосидаги уй-жой олиш, суғурта тизимини жорий қилинаётганига оид маълумотларни тақдим этди.
Мулоқот сўнггида депутатлар сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бераркан, айрим муаммолар ечими юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам беришни ўз зиммасига олдилар.