Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманига ташриф буюриб, «NURA Electric» электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди ҳамда электротехника тармоғида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда электротехника саноатига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Электротехника тармоғи нафақат саноатнинг муҳим йўналиши, балки мамлакатнинг технологик тараққиёти, энергетик хавфсизлиги, рақобатбардошлиги ва экспорт имкониятларини белгилаб берувчи соҳалардан биридир. Энергия истеъмоли ўсиб, тармоқлар янгиланаётган бир пайтда ички бозорни сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш импортга қарамликни камайтиради ва яратилган қўшилган қиймат мамлакатимизда қолишини таъминлайди.
Мулоқотда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиқиб, учта муҳим жиҳатга алоҳида тўхталмоқчиман.
Биринчидан, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун замонавий технологиялар, инновациялар ва энергия тежамкор ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш лозим. Рақобатбардошлик фақат нархда эмас, балки сифат, ишончлилик ва сервисда ҳам намоён бўлади. Шундагина маҳсулотимиз ташқи бозорларда ҳам ўз ўрнини топади.
Иккинчидан, инвестиция лойиҳаларининг энг муҳим натижаси янги иш ўринлари яратиш, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва аҳоли даромадларини оширишда намоён бўлиши керак. Ҳар бир янги корхона ҳудуддаги ёшлар учун барқарор иш ва малакани оширишнинг амалий мактабига айланса, лойиҳанинг ижтимоий самараси янада ортади.
Учинчидан, саноат тараққиёти экологик масъулият билан уйғун бўлиши ҳам муҳим. Энергия ва ресурсларни тежаш, чиқиндиларни камайтириш, экологик хавфсиз технологиялардан фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Бу харажат эмас, келажакка қилинган узоқ муддатли сармоя ҳисобланади, албатта.
Мен депутат сифатида инвестиция ҳажми билангина эмас, балки унинг натижалари, яъни янги иш ўринлари, маҳаллий маҳсулотлар, аҳоли фаровонлиги ва экологик хавфсизлик билан баҳоланиши тарафдориман. Зеро, иқтисодий тараққиётнинг бош мақсади халқ фаровонлиги, муносиб турмуш шароити ва келажак авлодлар учун барқарор имкониятлар яратишдир.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.