Мақсад – электорат манфаатларини илгари суриш
Мақсад – электорат манфаатларини илгари суриш

 

Юртимизда мавжуд сиёсий партияларнинг ҳар бири ўз ғоя ва ташаббуслари, сайловолди дастури ҳамда уни амалга ош иришга қаратилган чора-тадбирлар режаси асосида фаолият олиб боради. Ўзбекистон Халқ демократик партияси эса ўз дастурий мақсадларини аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат ғоялари устига қурган.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳам белгиланган вазифалар ижросида электорат манфаатларини илгари суришга алоҳида аҳамият қаратади. Асосийси, қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритишда партия ташаббусларини парламентда ифодалайди. Ўтган ҳафтадаги палата мажлисида ҳам айни шундай ҳолат кузатилди. Ўзбекистон ХДП фракцияси қонун лойиҳалари бўйича ўз позициясини билдириб борди.

 

Партиянинг яна бир ташаббуси амалга ошмоқда

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сув кодекси лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Аввалроқ мазкур лойиҳа Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам муҳокама қилинган эди.

Аввало айтиш керакки, мазкур лойиҳа партия ташаббусларидан бири бўлиб, 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридан ўрин олган. Яъни, дастурда партия шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тарихий қиёфасини сақлаш, табиий ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини кучайтириши белгиланган. Хусусан, 6-қадамда мамлакатни хавфсиз ва экологик барқарор ҳудудга айлантиришнинг муҳим шартлари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун Сув кодексини қабул қилиш таклифи илгари сурилган. Мазкур ҳужжатда сув ресурсларидан фойдаланишда бозор тамойилларини жорий этиш, сув хўжалигини тартибга солиш ва молиялаштириш механизмларини белгилаш кераклиги таъкидланган.

Айни пайтда қуйи палатада муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси партия ташаббусининг амалий ифодасидир. Ушбу ҳужжат ҳажм жиҳатдан анча катта бўлиб, унинг устида ишлаш, таклиф ва тавсияларни ўрганиб чиқиш учун анча вақт талаб этилди. Шунга кўра, дастлаб аввалги ўқишда кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.

Лойиҳа моддама-модда муҳокама қилинар экан, депутатлар аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди.

Масалан, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналари ва санитария-ҳимоя минтақалари ўлчамлари билан боғлиқ масала қандай тартибга солиниши ҳақида савол берилди.

Ташаббускорларга кўра, аввал бу борадаги меъёрлар қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган. Мазкур масаланинг қонун даражасига олиб чиқилишига сабаб қурилиш ишларини амалга оширишда белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини таъминлашдан иборат.

Фракция аъзоси Анвархон Темиров сувни асраш, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масаласи бугун давлат сиёсатининг ижтимоий соҳадаги муҳим ва асосий йўналишларидан бири ҳисобланишини таъкидлади. Депутатга кўра, ХДПнинг Сайловолди дастурида ҳам ҳудудларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлиги, айниқса, тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари бўйича алоҳида мақсад ва вазифалар белгиланган. Шунингдек, депутат лойиҳанинг ижобий имкониятлари билан бир қаторда, тўлдирилиши, эътибор берилиши зарур жиҳатлари ҳақида фикрларини айтиб ўтди.

Таъкидланишича, сув объектлари ва ҳавзаларининг муҳофаза зонасидан қандай ҳолатда фойдаланиш мумкин. Лекин қурилиш билан боғлиқ ҳолатда қатъий талаблар белгиланади. Мисол учун, қурилиш соҳил бўйлаб 4-5 метр масофада жойлашган бўлиши ва у ерда каналнинг сув ўтказиш қобилиятидан келиб чиқиб энг минимал йўлак қолиши зарур. Агар вақтинчалик, енгил конструкция асосида қурилган объектлар бўлса, унинг жойлашуви мезонлар асосида қўриб чиқилади. Қурилиши тақиқланган зонага тушган объектлар давлат эҳтиёжлари учун олинадиган ер сифатида қайд этилади ва мулкий зарар қоплаб берилади. Бироқ хавф туғдирувчи ҳар қандай объект бартараф этилади.

Қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида атрофлича кўриб чиқилиб, иккинчи ўқишда маъқулланди.

 

Миллий Гвардия ходими сизни диққат билан эшитиши шарт

Палата мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган яна бир қонун лойиҳаси таҳририй ўзгартиришлар билан депутатларга тақдим этилди.

Унга кўра, Миллий гвардия органи ҳарбий хизматчиси (ходими) фуқарога мурожаат этганида қандай талабларга риоя этиши билан боғлиқ меъёр ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятига оид қонунчиликка мувофиқлаштирилган. Яъни, фуқарога мурожаат қилган ходим ёки хизматчи ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Шунингдек, фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

Бу тартиб Миллий гвардия органи ҳарбий хизматчиси (ходими) ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда ҳам амал қилади. Шунга қўшимча равишда фуқарони диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши ҳам талаб этилади.

Депутатлар олиб ташланган меъёр ва моддалар ҳамда қўшимча сифатида таклиф этилаётган ўзгаришларни муҳокама қилди. Лойиҳа иккинчи ўқишда маъқулланди.

 

Аҳоли саломатлиги йўлида

Бугунги кунда аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва эндемик бўқоқ касаллигининг олдини олиш борасидаги ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли орасида эндемик бўқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Қуйи палатада кўриб чиқилган яна бир қонун лойиҳаси мазкур масалаларнинг қонуний ечимига қаратилган. Яъни, мажлисда йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси билан боғлиқ қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритиш масаласи муҳокама қилинди.

Унга кўра, аҳоли орасида эндемик бўқоқ касаллигининг олдини олиш мақсадида профилактика тадбирларини тўлақонли амалга ошириш, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган сифатли ҳамда хавфсиз ош тузи билан тўлиқ таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек, болалар, ўсмирлар ва репродуктив ёшдаги аёллар орасида йод танқислиги натижасида келиб чиқадиган касалликлар профилактикасини талаб даражасида ташкил этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари қамраб олинган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар бир қатор саволлар билан масъулларга мурожаат қилди.

Хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Зокиржон Зоҳидов мамлакатимизда йод маҳсулоти билан таъминланганлик даражаси қандай назорат қилинаётгани билан қизиқди. Депутат ҳудудларда йод танқислиги (айниқса, аёллар ва болалар) даражаси ортиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Мутахассислар ушбу масалани ўрганиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида аҳоли саломатлигини мониторинг қилиш маркази ташкил этилаётганини билдирди. Мазкур тузилма ҳудудларда аҳоли саломатлиги даражасини аниқлашга қаратилган амалий тадбирларни ташкил қилишга масъул бўлади.

Фракциянинг яна бир аъзоси, депутат Сайёра Имомова озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, фуқаролар орасида йод танқислигининг олдини олишга қаратилган амалий ишларни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади. Мазкур масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қайд этилдики, фуқаролар саломатлиги, айниқса, соғлом авлодни шакллантириш масалалари ҳар бир демократик давлат ва жамиятга бирдек хос тенденция ҳисобланади. ХДПнинг асосий ва муҳим йўналишлари айнан аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ бўлиб, бунда турли соҳалар қамраб олинган. Жумладан, мамлакатда ош тузи ишлаб чиқаришга қўйиладиган талабларни кучайтириш, йодлаштирилмаган ош тузини ишлаб чиқарувчиларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ташаббуси илгари сурилган. Йод танқислиги сабабли келиб чиқадиган касалликлардан аҳолини ҳимоялаш борасидаги ўзгаришлар муҳим. Айниқса, бу Орол денгизининг қуриши натижасида йод етишмовчилиги кузатилаётган Қорақалпоғистон учун алоҳида аҳамият касб этади.

Депутатлар бугунги экологик вазиятни ҳисобга олиб, барчага бирдек манфаатли бўладиган таклифларни билдирди. Лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

 

Темир йўл транспортлари ҳашаротларсиз ҳаракатланишга мажбур

Қуйи палатадаги мажлисда яна бир қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Баҳс-мунозаралар, таклифлар асосида лойиҳа биринчи ўқишда тасдиқланди.

Гап шундаки, транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль, темир йўл, дарё транспортларида йўловчи ва юкларни ташишга қўйиладиган талабларга риоя қилишда масъулиятни ошириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, қонунбузарларга нисбатан таъсир чораларини белгилаш, ташувчилар фаолияти учун рақобат муҳитини ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш, қонунчилик базасини мувофиқлаштириш мақсад қилинган.

10 га яқин модда ва шунга мос равишда қатор меъёрлар таклиф этилаётган лойиҳада Транспорт назорати инспекциясига қўшимча вазифа ҳамда ваколатлар юклаш ҳам назарда тутилган.

Масалан, автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш юклатилмоқда.

Бундан ташқари, Транспорт назорати инспекциясига ўз вазифаларини амалга ошириши учун автомобилда юк ва йўловчи ташиш, темир йўл, ички сув ва шаҳар электр транспорти ҳамда йўл хўжалиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколати берилиши қайд этилган.

Депутат ушбу меъёрлар юзасидан тушунтириш сўради. Яъни, инспекция юкламаси ортиши, унга қўшимча ваколатлар берилишидан мақсад нима экани, буларнинг натижасида аҳоли қанчалар манфаатдор бўлиши кутилаётганига оид савол берилди.

Ташаббускорларга кўра, бу аввало ташиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Мисол учун, темир йўлда ташиш хизматига нисбатан эътирозлар кўп. Хусусан, поезд вагонларида иситиш ёки совутиш тизими ишламаслиги, тозалик билан боғлиқ камчиликлар, турли ҳашаротлар борлиги ҳақида мурожаатлар бўлган. Ташувчи бу масалаларни бартараф қилингани ҳақида маълумот тақдим этган, аммо инспекция бу бўйича ҳеч бир таъсир чорасини кўра олмаган.

Назоратчи орган сифатида эса инспекция шу ва бошқа муаммоларнинг олдини олишга масъул ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, йўловчилар ҳамда юкларни хавфсиз ташишни таъминлаш учун қонуний асосга эҳтиёж бор.

Транспортда ташувлар соҳасини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича хорижий давлатлар тажрибалари шуни кўрсатадики, йўловчи ва юк ташиш қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўйган ташувчи ва ҳайдовчига таъсирчан чора кўрилиши келгусида йўналиш талаблари ва тарифларига амал қилинишига, ҳайдовчиларнинг масъулияти ошишига, йўл транспорт ҳодисаларининг камайишига олиб келган.

Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

Шунингдек, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартириш киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама давомида депутат Шокиржон Аҳмедов сўнгги пайтларда уй-жой қуриш тенденцияси “авж” олгани, бунда техник параметрларга, хусусан, тозалик, қурилиш асбоблари техника хавфсизлиги меъёрларига амал қилинмаётганидан хавотирда эканини билдирди. Бунинг натижасида, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлиги учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилаш зарурати юзага келаётганига урғу берди.

Депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, ташаббускорлар таклиф этаётган ҳар қандай қонун ҳужжатлари аввало, инсонларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга, турмуш сифатини оширишга қаратилиши зарур эканини таъкидлади. Лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 29.1.2025, №4

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш