Пленумда Тошкент вилоят кенгаши раиси Акмал Умаралиев маъруза қилди. Партиянинг амалий Ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифаларнинг 2024 йилдаги ижроси таҳлилий-танқидий кўриб чиқилди. Депутатлик корпуси ҳамда партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш учун эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Таъкидландики, ўтган йил давомида партия Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, партиянинг Сайловолди дастурида акс этган устувор йўналишлардан келиб чиқиб фаолият юритди. Жумладан, партия ишини такомиллаштириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ўртасида муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада жонлантиришга урғу берилди. Шунингдек, халқ билан мулоқот самарадорлигига эришиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Тошкент вилоятида партиямиздан сайланган депутатлар Ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифалар бўйича 53 та масалани ўрганишга муваффақ бўлган. Уларнинг 47 таси доимий комиссия, 43 таси эса сессияларда кўриб чиқилган. Ҳар бир масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижроси назоратга олинган. Ҳаракатлар дастуридан ташқари, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўрганиш натижасида депутатлик гуруҳида 37 масала, доимий комиссияда 43 масала ўрганилди ва 39 масала сессия кун тартибига киритилди. Бундан кўринадики, партия электорати манфаатларига алоқадор камчиликлар Кенгашларда муҳокама қилиниб, бартараф этишга эришилган.
Шу билан бирга, сайловчилардан келган мурожаатлар асосида тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 275 та депутатлик сўрови юборилган. Масалаларнинг аксарияти, яъни, 197 таси ижобий ҳал қилиниб, вақт талаб этиладиганлари ижроси устидан назорат ўрнатилган.
Фаолият танқидий-таҳлил қилингач, масала юзасидан Ижроия қўмита аъзолари ўз фикрларини билдирди. Қайд этилишича, вилоятда самарадорликка эришиш учун янги ташаббус, иштиёқ ва ҳаракат лозим. Бу эса партия ташкилотлари ва депутатлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Хусусан, партия масъуллари, депутатлар аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориши ва қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиши талаб этилади.