Жамоат транспортлари ва бекатларда аудиоёзувлар бўлиши зарур

 

Ногиронлар жамияти ва Кўзи ожизлар жамиятининг ҳудудий бўлинмалари, Мурувват ва Саховат уйлари, ижтимоий объектлар, “Нуроний” жамғармаси — бу Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Анвар Нурматов Андижонда бориб кўришни мақсад қилган объектларнинг бир қисми. Режага мувофиқ, депутат дастлаб вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ходимлари билан учрашди. Улардан вилоятда истиқомат қилувчи кўзи ожиз фуқароларнинг талаб ва истаклари ҳақида сўради.

Қайд этилдики, кўзи ожиз фуқаролар жамоат транспортида юрган даврда ўз бекатига келганини билмай қийналади. Шу сабабли жамоат транспортлари ва бекатларни аудио ёзувлар билан таъминлаш лозим. Шунингдек, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси Чўлпон номидаги истироҳат боғида жойлашгани сабабли кутубхонага ҳам шу номни бериш борасида таклиф билдирилди.

Аниқланишича, кутубхонага вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан китобхонлар келади. Шунга қарамай, ходимлар уларнинг сафини янада кенгайтириш истагида. Бунинг учун турли тадбирлар ташкил этиш ва уларга келиб-кетиш учун кўзи ожиз китобхонларни транспорт билан таъминлаш масаласида ёрдам сўралди.

Суҳбат давомида брайль алифбосида қўлланма ва китоблар чоп этишга мўлжалланган махсус қоғоз олишга маблағ ажратилиши ҳамда кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида кўзи ожизлар учун кутубхона ташкил этиш, юқори қаватларини кўзи ожиз фуқароларга яшаш учун имтиёзли равишда сотиб олиш имконини бериш каби таклифлар билдирилди.

Депутат ҳар бир муассасада сайловчилар билан самимий суҳбатлар қуриб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганмоқда.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш