Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашида Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди.
Турнирда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг “Siyosatchi”, “Himoyachilar”, “Tahlilchi” ҳамда Тошкент Давлат Шарқшунослик университетининг “Eastminester” жамоалари иштирок этди. Турнирда жамоалар 3 та шарт бўйича беллашди.
Биринчи шарт тезкор савол-жавоб, деб номланиб, жамоаларга давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид 10 та савол берилди. Ҳар бир тўғри жавоб 1 балл билан баҳоланди. Қисқа вақтда аниқ ва лўнда берилган жавоб иштирокчиларнинг тезкор фикрлаш қобилиятини намоён этди.
Фикрлаш ва мантиқий таҳлил шартида ҳар бир жамоа сардори ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган саволларни танлаб олди ва жамоаси билан бирга 2 дақиқа давомида жавоб қайтарди. Ушбу баҳс 5 балли мезон асосида баҳоланди.
Энг қизғин ва баҳсли шаклда мунозара ва дебат шарти ўтказилди. Унда жамоалар Ўзбекистонда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг ролини ўз зиммасига олиб, “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги мажозий қонун лойиҳасини муҳокама қилишди. Ҳар бир жамоа танлаб олган партияси нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз позициясини ҳимоя қилди. Ушбу босқичда ҳам иштирокчилар 5 баллик мезон асосида баҳоланди.
Турнир юқори савияда, дўстона муҳитда ва жонли баҳслар остида ўтказилди. Натижалар Ўзбекистон ДЖТУнинг “Tahlilchi” жамоаси биринчи ўринга эга бўлганини кўрсатди. “Eastminester”га иккинчи, “Himoyachilar”га учинчи ўрин насиб этди.
Турнир давомида Элбек Темиров ўзининг сиёсий билимдонлиги, таҳлилий ёндашуви ва ҳозиржавоблиги билан алоҳида ажралиб турди.
Турнир якунида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Сирожиддин Шоназаров ва Марказий Кенгашнинг Ёшлар сектори раҳбари Муҳсиддин Низомиддинов ғолиб ва совриндорни партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирлади. Иштирокчилар партия аъзолигига қабул қилинди. Ушбу турнир ёшлар орасида сиёсий-ҳуқуқий саводхонликни ошириш, уларни фаол фуқаролик позициясига эга бўлишга ундаш ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшишга илҳомлантиришдек мақсадларга хизмат қилади.