Ижтимоий ҳимоя – устувор вазифамиз
Ижтимоий ҳимоя – устувор вазифамиз

 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи аъзолари пойтахт аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини ошириш, адолатли жамият барпо этиш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият олиб бормоқда. Хусусан, депутатлар ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида аниқ натижаларга эришиш учун доим ҳаракатда.

Сир эмаски, партиямиз дастурида ижтимоий адолат тамойилларига асосланган ҳолда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғоялари ўрин олган. Шундан келиб чиқиб, Яшнобод туманида “Меҳр-шафқат” хайрия тадбири ташкил этилди. Унда 200 дан ортиқ оилага озиқ-овқат ва маиший буюмлар етказиб берилди. Бу каби хайрли ташаббуслар партиямиз учун фақат бир марта амалга ошириладиган акция эмас, балки доимий равишда давом этадиган эзгу ишларнинг бир қисми ҳисобланади.

Шу билан бирга, партия таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Масалан, депутатлар мактаб ва боғчаларда таълим сифатини ошириш, тиббий хизматларни фуқаролар учун янада қулай ва самарали қилиш бўйича аниқ таклиф ҳамда ташаббуслар билан чиқмоқда.

Жумладан, депутатлар ташаббуси билан Чилонзор туманидаги 215-мактабга замонавий компьютер синфлари жорий қилинди, бу эса мингдан ортиқ ўқувчининг ахборот технологияларини чуқурроқ ўзлаштиришига имкон яратди. Шунингдек, Тошкентдаги поликлиникаларда тиббий хизмат сифатини ошириш учун муаммолар ўрганилиб, навбатларни қисқартириш бўйича таклифлар киритилди.

Партиямиз пойтахтда жамоат транспортини такомиллаштириш, экологик тоза ҳудудларни кўпайтириш ва яшил майдонларни яратиш йўналишида фаол иш олиб бормоқда. Биргина 2024 йилда Миробод туманида партиядан сайланган депутатлар ташаббуси билан “Яшил Тошкент” лойиҳаси амалга оширилди. Натижада 10 000 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилиб, янги дам олиш ҳудудлари ташкил этилди. Бу лойиҳа шаҳар экологиясини яхшилашга қаратилган амалий қадамлардан биридир.

Яна бир масала фуқароларнинг муаммоларини тинглаш, уларга амалий ёрдам бериш ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги амалий ишлардир. Ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари ўрганилмоқда. Муҳими, уларни тегишли ташкилотларга етказиб, тезкор ҳал этилишига эришиб келиняпти.

Хусусан, Юнусобод туманида ичимлик суви таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш учун депутатлар тегишли ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик олиб борди ва қисқа муддат ичида янги сув қувурлари ўрнатилди. Бу эса минглаб аҳолининг ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилди.

Партиямизнинг пойтахтдаги депутатлари аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, иш ўринларини яратиш, таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантириш каби устувор вазифаларни амалга оширишда давом этади. Биз халқ билан, халқ учун ишлашда қатъиймиз ва келажакда ҳам шу мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларимизни кучайтиришда давом этамиз.

 

Умид Саттаров,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш