Мамлакатимизда камбағаллик кўп йиллар давомида ёпиқ мавзу бўлиб келди. Бу ибора ўрнига “кам таъминланганлик”, деган тушунчадан фойдаландик. Кейинги саккиз йилдаги очиқлик сиёсати туфайли ҳақиқат юзага чиқди.
2016 йилдан бошлаб халқ билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди, инсон қадри ва манфаатлари ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. Жамиятда камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича аниқ тизим амалиётга татбиқ этилди.
Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга қаратилди. Халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, одамларни рози қилиш йўлида катта вазифаларни амалга оширишга киришилди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя дастурлари билан қамрашни кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқиш, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
Ўтган қисқа даврда камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига хос миллий дастур ишлаб чиқилди. Бугун у изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўз вақтида кўрилаётган зарур чоралар туфайли юртимизда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга камайтирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори одамларнинг бандлигини таъминлаш, юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бинобарин, ҳужжатга асосан 2025 йилда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури доирасида 5,2 миллион фуқаронинг бандлиги таъминлаш белгиланди. Яъни, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 1 млн. 470 минг нафар ишсиз фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш орқали 430, ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан жами 377,6 мингта микролойиҳаларни амалга ошириш эвазига эса 755 минг иш ўрни яратилади.
“Маҳалла лойиҳаси” доирасида соддалаштирилган тартибда лойиҳаларни молиялаштириш учун янги кредит маҳсулотларини жорий қилиш орқали 250, ҳудудларда “драйвер” лойиҳаларни ишга тушириш эвазига 122, микросаноат марказларини барпо этиш лойиҳалари доирасида 21, аҳолига ер майдонларини ижарага бериш, жумладан, “компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида кооперативлар ташкил этиш эвазига 300 минг нафар фуқаро даромадли меҳнат билан таъминланади.
Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали 1 млн. 169, инвестиция лойиҳалари асосида 290, қурилиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш эвазига эса 169 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш мақсад қилинган.
Аёнки, камбағалликни кредит бериш ёки пул тарқатиш билан қисқартириб бўлмайди. Шунинг учун мамлакатда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича 2025 йил 1 майгача ваучер тизими жорий қилинади. 1 февралдан эса касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.
Мазкур тизим дастлаб 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади. Маҳаллаларда камбағал оила аъзоларининг ишлаш иштиёқини ва ташаббускорлигини оширишга қаратилган “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Ишонч” лойиҳалари ва “Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури амалга оширилади.
Айтиш жоизки, ҳужжат билан 2025 йилда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури ва унинг доирасида мақсадли кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди. Дастурнинг амалга оширилишини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 126 триллион сўм йўналтирилади. Бу ўз навбатида, минг-минглаб янги иш ўринлари яратиш, бизнес муҳитини яхшилаш, асосийси, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, реал даромадларини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, қарорда белгиланган вазифалардан кўриниб турибдики, камбағалликни камайтириш йўлида давлатимиз раҳбари иқтисодий ўсишнинг имкон қадар инклюзивлигини таъминлаш, иқтисодиётдаги ютуқлар халқ орасида тенг тақсимланишига ва бундан аҳолининг заиф қатламлари баҳраманд бўлишига эришишни мақсад қилган. Фақат шу йўл самарали натижаларга олиб келади.
Анвар НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.