Дунёнинг ривожланган мамлакатларида истеъмолчилар ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш – глобал даражадаги иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим белгиларидан бири саналади. Мамлакатимизда ҳам бу борадаги барча ҳуқуқий асосни такомиллаштириш масаласи бошқарув соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Зеро, ҳар бир истеъмолчи бу – бутун бир халқнинг бир бўлагидир. Аммо ахборотлашув, замонавийлашув билан боғлиқ жараёнларда истеъмолчиларга маҳсулот етказиб беришнинг янги, инновацион, шу билан бирга, ҳали тартибга солинмаган кўринишлари юзага келмоқда.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида айни шу йўналишларни қамраб олган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Фракция аъзолари лойиҳани жиддий муҳокама қилди.
Жумладан, Анвархон Темиров бу борада анча ташаббус илгари сурилганига қарамасдан, амалдаги қонунларда сотувчилар томонидан жисмоний шахс бўлган истеъмолчиларга товарларни келишилган муддатларда етказиб бермаганлик учун жавобгарлик ҳали ҳам мавжуд эмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, депутат Зуҳра Шодиева сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда алдов ва фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг “чув тушириш” ҳолатлари авж олганлигини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мутасадди ташкилотларнинг ҳаракатга келиши секин асталик билан кетаётганини айтиб ўтди.
Навбатда муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонуни лойиҳаси ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди.
Мутасаддиларнинг фикрича, ушбу лойиҳа солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, жиноят ишлари доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутади. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, асосий масала солиқларни олиш ёки оширишга эмаслигини таъкидлади.
Хусусан, Имомназар Турсунов бу ерда ҳар бир тадбиркорнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш орқали уларнинг қонуний фаолиятига кенг имкониятлар яратиб бериш механизмларини кучайтиришга кўпроқ урғу бериш кераклигини таъкидлади. Зеро, “ҳар бир ислоҳотда инсон омилини ҳисобга олмас экан, бундай ислоҳотлар тезда барбод бўлади”, — деди Имомназар Турсунов ўз сўзи якунида.
Фракция аъзолари кун тартибида муҳокама қилинган барча қонунлар лойиҳалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирар экан, ҳар қандай қонун ҳужжати, аввало, фуқароларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга, уларнинг турмуш-тарзини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Фракция аъзолари лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллади.