ЖСТга аъзо бўлишининг афзалликлари ҳам, шартлари ҳам бор
ЖСТга аъзо бўлишининг афзалликлари ҳам, шартлари ҳам бор

 

Жаҳон иқтисодиёти глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда давлатлар ўртасида эркин савдо муносабатларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши мамлакат иқтисодиёти учун бир қатор афзалликларни тақдим этади.

Аввало, экспорт ва импорт имкониятлари кенгаяди. ЖСТга аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон халқаро бозорга кенгроқ очилади. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорларга киришни осонлаштиради, экспорт товарларига нисбатан тариф ва нотариф тўсиқларни камайтиради. Шунингдек, божхоналардаги муаммоларни бартараф этиб, рақобатбардош хом ашё ва технологияларни олиб киришни енгиллаштиради.

Иккинчидан, янги инвестицияларни жалб қилиш. ЖСТга аъзо давлатларнинг одатда инвестиция муҳити яхшиланади. Чунки, ташқи инвесторлар учун аниқ қоидалар ва кафолатлар яратилади. Ўзбекистон ҳам ўз навбатида ташкилот талабларига мувофиқ маҳсулотларини халқаро бозор талабларига мослаштиради, ишлаб чиқариш сифатини оширади. Натижада бизнес муҳити халқаро стандартларга мувофиқлашади ва бу ўз навбатида янги сармояларни жалб қилади.

Яна бир муҳим жиҳати, савдо низоларини ҳал қилишнинг самарали тизими яратилади. ЖСТга аъзо давлатлар ўртасида савдо низоларини ҳал қилиш учун халқаро механизмлар мавжуд. Ўзбекистон низоларни халқаро майдонда адолатли ва шаффоф тарзда ҳал қилиш имкониятига эга бўлади. Ташқи савдо билан боғлиқ хатарлардан ҳимояланади.

Бундан ташқари, ички бозорда рақобатни ошириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш билан боғлиқдир. ЖСТга аъзо бўлиш рақобатни кучайтиради. Бу эса маҳаллий корхоналарни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Тадбиркорлик муҳити яхшиланиб, бозор иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш соҳаларида янги технологияларни жалб қилишга ва инновацияларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Шунингдек, ЖСТга қўшилиш мамлакат иқтисодиётининг ўсишига туртки беради. Экспорт ва инвестициялар орқали ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) сезиларли даражада ошади. Янги иш ўринлари яратилади, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси янада яхшиланади. Тадбиркорлик фаолияти кенгайиб, янги бизнес лойиҳалар учун имкониятлар пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши миллий иқтисодиёт учун муҳим стратегик қадам ҳисобланади. Бу мамлакатнинг халқаро иқтисодий интеграциясини кучайтиради, экспорт салоҳиятини оширади, янги инвестицияларни жалб қилади ва ички бозорда рақобат муҳитини яхшилайди. Шунингдек, иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шу сабабли Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли амалга ошириш учун зарур ислоҳотларни давом эттирмоқда.

 

Шокиржон АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш