Вилоятдаги мактабларда вазият қандай?
Вилоятдаги мактабларда вазият қандай?

 

Бухоро вилоятида 577 та умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Шундан 547 таси давлат, 30 таси нодавлат умумтаълим мактаблари ҳисобланади. Ушбу мактабларда 332 842 нафар (169 749 нафари ёки 51 фоизи қизлар) ўқувчилар таҳсил олмоқда. Уларга 29 934 нафар (23 094 нафари ёки 77 фоизи аёллар) ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Вилоятда 2 118 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Шундан 488 таси давлат, 1630 таси нодавлат (21 та хусусий, 108 та ДХШ, 1501 та оилавий) мактабгача таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабгача таълим ташкилотларида 131 620 нафар болаларга 11 842 нафар тарбиячи-педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Сўнгги уч йилда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг таълимга қамраб олиниши 73 фоиздан 86 фоизга етказилди. Умумий ўрта таълим мактаблари сони 15 тага, иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар 13 тага кўпайди.

2024 йилнинг ўзида ҳудудий инвестиция дастури доирасида Бухоро вилоятидаги 38 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган.

10 та мактабгача таълим муассасаси, шундан 1 та мактабгача таълим муассасаси янги барпо этилган, 9 таси реконструкция қилинган. Ушбу мақсадлар учун 44,7 млрд.сўм маблағ, бундан ташқари, 1 та ихтисослаштирилган таълим муассасаси қурилиб, бунинг учун 55 млрд.сўм ажратилган.

Шу билан бирга, таълимни ривожлантириш борасида Бухоро вилоятида айрим муаммолар мавжудлиги ҳам аниқланди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларида болани таълимга тайёрлаш ва уни психо-эмоционал ривожланиши учун дидактик ўйинлар билан шуғулланиши учун интерактив доскалар мавжуд эмас. Бунинг ўрнига хоналарда телевизор ўрнатилган бўлиб, кўп ҳолатларда болалар мультфильм томошаси билан вақт ўтказади. Ўйин майдончалари мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мос эмас.

Умумтаълим мактабларида физика, кимё, биология ва технология фанларида лаборатория хоналари ва жиҳозлари етишмайди, ҳатто айримларида лаборатория хоналари мавжуд эмас. Мусиқа фанида эса чолғу асбоблари ва улардан фойдалана оладиган педагоглар етарли эмас.

Мисол учун, Когон тумани мисолида оладиган бўлсак, мавжуд 25 та мактабнинг физика лаборатория хоналари жиҳозланганлик даражаси 41 фоизни, кимё лаборатория хоналарининг жиҳозланганлик ҳолати ўртача 36,8 фоизни, биология лаборатория хоналари жиҳозланганлик даражаси 28,4 фоизни ташкил қилади. Ҳудуддаги 22- ва 24-умумтаълим мактабларида физика лаборатория хонаси, 2-, 23- ва 24-мактабларда кимё лаборатория хонаси, 2-, 6-, 8-, 12-, 14-, 15-, 19-, 20-, 24-мактаблар ҳамда 1- ва 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида биология хонаси мавжуд эмас.

Инвестиция дастури орқали умумтаълим мактабларида амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишларида шаҳарсозлик меъёрлари ва қурилиш стандарт талабларига эътибор қаратилмаган. Бу, ўз навбатида, бинонинг ўзида мўлжалланган стандартларга ва қурилиш материалларига риоя қилинмаслигига олиб келган.

Бундан ташқари, мактаблардаги коммуникация воситалари, иситиш, совутиш, ёритиш тизимларининг ишлашдаги муаммолар кўп ҳолларда соғлом ўқув муҳити яратишга тўсқинлик қилади. Улар учун аниқ шартлар мавжуд бўлса-да, баъзан ушбу тизимлар етарли даражада мукаммал эмас.

Ишчи гуруҳи назорат-таҳлил ишларини Олот туманида ҳам ўтказди. Тумандаги 8, 5, 24-умумтаълим мактабларининг фаолияти билан танишдик. 8-умумтаълим мактабида 230 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, 1 нафар бола уйда ўқитилади. Таълим муассасасида ўқувчилар учун мажлислари зали, технология ўқув хонаси (тикув машина, дурадгорлар учун дастгоҳлар) йўқлиги, электрон доска, хоналар етишмаслиги, (тиббиёт хонаси) ўқувчилар учун ошхона ҳам йўқ экан.

“Нуробод” маҳалласидаги 5-умумтаълим мактабини кўздан кечирганимизда бино жуда эски, моддий-техника базаси ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолгани маълум бўлди. Спорт зал ҳам таъмирталаб. Мактаб ўқувчиларининг ҳамда ўша ҳудудда яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши ва маҳалладаги ёшларнинг вақтларини китобхонлик ҳамда спорт билан ўтказишлари учун мактаб биносини капитал таъмирлаш кераклиги бўйича таклифлар берилди.

Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси олдимизда турган экан, мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчилар учун барча шароитларни яратиш масаласини энг олдинги ўринларга қўйишимиз керак. Бусиз мақсадга эришиб бўлмайди.

 

Муҳсиддин Низомиддинов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими, депутат.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш