Халқдан олинган таклифлар ҳаётий ва самаралидир
Халқдан олинган таклифлар ҳаётий ва самаралидир

 

«Депутатбу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир».

Ҳа, давлат раҳбари таъкидлаганидек, депутат бу халқ хизматчиси. Халқ ким? Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир.

Қачонки, оилада, маҳаллада тинчлик, осойишталик ва ҳаловат бўлса, ўша жамият ҳам, мамлакат ҳам ривожланади. Халқнинг иродаси, кучи эса унинг турмуш тарзи, орзу-мақсадларига эришиш йўлидаги интилишларида намоён бўлади. Бунинг учун халқ орасидан сайланган вакиллар ўзларига билдирилган ишончни юксак минбарларда туриб оқлаши, аҳоли манфаатларини ҳимоялаши лозим.

Хусусан, қонун ижодкорлиги жараёнида маҳаллий Кенгашлар ҳамда аҳоли иштирокини таъминлаш зарур. Қачонки таклифлар қуйидан олинса, шундагина улар ҳаётий, манфаатли ва самарали бўлади.

Бу ҳафтада бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қонун лойиҳалари ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқилди. Қуйи палата мажлисида ҳам муҳокамалар айни руҳда давом этди.

 

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ортяптими?

3 йил олдин, яъни, 2022 йилнинг январь ойида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ қонун имзоланган эди. Унга кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши белгиланди. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин экани қайд этилди.

Яна қатор қўшимча ва ўзгартиришлар борки, уларнинг барчаси истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бироқ қонунчиликда янгиликларга эҳтиёж ҳосил бўлмоқда.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида муҳокама қилинган лойиҳага кўра, сотувчи истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатларда товарни топширмаган тақдирда, мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига пеня тўлаши назарда тутилмоқда. Бунда пеня суммаси етказиб берилмаган товарлар баҳосидан ортиқ бўлмаслиги, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган сотувчи товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатидаги зарарни қоплашдан озод этилмаслиги белгиланяпти.

Бундан ташқари, сотувчи товарларни истеъмолчига топширишнинг кечикиши истеъмолчининг айби билан содир бўлганлигини исботласа, пеня тўлашдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.

Мунозаралар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани, уларда депутатлар томонидан берилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилингани қайд этилди. Асосли деб топилган таклифлар ҳужжат матнида акс эттирилиб, лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилгани ва маромига етказилгани таъкидланди. Бу борада фракция аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, Анвархон Темиров анча ташаббуслар илгари сурилганига қарамасдан, амалдаги қонунларда сотувчилар томонидан жисмоний шахс бўлган истеъмолчиларга товарларни келишилган муддатларда етказиб бермаганлик учун жавобгарлик ҳали ҳам мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, депутат Зуҳра Шодиева сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда алдов ва фирибгарлик йўли билан фуқароларни «чув тушириш» ҳолатлари авж олганлигини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мутасадди ташкилотларнинг ҳаракатга келиши секин-асталик билан кетаётганини айтиб ўтди.

Депутатларнинг айтишича, таклиф этилаётган ҳужжат аҳолининг қонуний манфаатларини истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш ва олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда товарларни истеъмолчига топширмаслиги каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Инсон омили ҳисобга олинмаган ислоҳот тезда барбод бўлади

Тадбиркорликни ривожлантириш бу мамлакатни, унда истиқомат қилувчи аҳолини ривожлантириш йўлидаги муҳим омиллардан саналади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда соҳада изчил ислоҳотлар олиб бориляпти, қонуний ҳуқуқлар мустаҳкамланмоқда. Бўлиб ўтган палата мажлисида ҳам солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотлар аҳоли манфаатларига хизмат қилади. Чунки бу орқали янги иш ўрни яратилади, одамларнинг даромади ошади. Бу эса жамият тараққиётига ҳисса қўшади. Бироқ солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилигидаги камчиликлар бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашга, рақобат муҳитини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Натижада қонунчиликка қўшимчалар киритишга эҳтиёж туғилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳаси билан солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий нормалар акс эттирилмоқда. Депутатлар судга қадар ва суд муҳокамаси давомида етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилишга доир қўшимчани маъқуллади. Бундан ташқари, ваколатли органларнинг терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ваколатларини аниқлаштиришни назарда тутувчи меъёр ҳам ўринли экани таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида депутатлар асосий масала солиқлар олиш ёки ошириш эмаслигини таъкидлади. Хусусан, Имомназар Турсунов бу ерда ҳар бир тадбиркорнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш орқали уларнинг қонуний фаолиятига кенг имкониятлар яратиб бериш механизмларини кучайтиришга кўпроқ урғу бериш кераклигини таъкидлади. Зеро, «инсон омили ҳисобга олинмаган ислоҳот тезда барбод бўлади», — деди Имомназар Турсунов ўз сўзи якунида.

Муҳокамалар ва фикр-мулоҳазалардан сўнг лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашевнинг «Мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга йўналтириш, кимёвий воситаларни (пестицидларни) рўйхатга олиш ва савдосини тартибга солиш ҳамда зарарли ҳашаротларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар эшитувнинг зарурати ҳақида фикр билдирар экан, унда кўриладиган масалаларга эътибор қаратди. Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 5.2.2025, 5

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш