Қорақалпоғистонлик Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси қонун ташаббуси билан чиқмоқда
Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида бўлиб ўтган мулоқотда янги ташаббус кўриб чиқилди. Тадбирда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари масъуллари иштирок этди.
Қайд этилдики, оилада бола пайдо бўлиши ота-оналар учун масъулият даражасининг ошиши демакдир. Чунки болани тарбиялаш ва вояга етказиш учун қўшимча молиявий харажатларга эҳтиёж сезилади. Шунинг учун, янги туғилган болани тарбиялашда ота-оналарни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, қўшимча имкониятлар яратиш ва уларни болаларга узоқ муддатли сармоя киритишга янада фаол жалб қилишни рағбатлантирувчи чора-тадбирларни излаш керак.
Бундай қўллаб-қувватлаш вариантларидан бири сифатида эса барча янги туғилган болалар учун “болалар депозитлари”ни очиш лойиҳасини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа ташаббускорига кўра, “болалар депозити”ни жорий этиш болалар вояга етганларида ўзини намоён қилиш ва ривожлантириш учун эркин молиявий ресурсларга эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Янги туғилган болага ҳисоб рақамнинг очилиши у вояга етган вақтда мустақил иш бошлаши, илмий изланишлар олиб бориши, умуман, мақсадларини амалга оширишини кафолатловчи омил вазифасини бажаради.
Шунингдек, тадбирда лойиҳанинг мазмун моҳияти, уни татбиқ этишдан ва ва кутилаётган натижалар ҳақида атрофлича таҳлилий маълумотлар берилди. Иштирокчилар партия дастурий ғоялари нуқтаи назаридан келиб чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди. Бир қатор саволларга жавоб қайтарилди. Билдирилган таклифлар эса ёзиб олиниб, лойиҳани такомиллаштиришда фойдаланиладиган бўлди.