![“Депутат сўрови – халқ сўрови”](/files/original/publication/10972.jpg)
Албатта, депутатларга берилган ушбу қонуний ваколатлар натижасида жойларда кўплаб масалалар самарали ҳал бўлмоқда. Айниқса, депутатлик сўрови институти анча жонланиб қолганини кўриш мумкин.
Сайловчи маълум бир масалада депутатга мурожаат қилади. Тўғри, мурожаатларни ҳал этишга келганда, депутатларга ҳам осон тутмаслик керак. Айниқса, маҳаллий Кенгаш депутатларига. Улар ҳар куни фуқароларни қабул қилади, депутатларга осон бўлмаган шароитда муаммоларга мутасаддилар билан биргаликда ечим топишга интилади.
Ўтган йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган 2833 та депутатлик сўровлари юборилган. Шундан 2042 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, 526 маротаба жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилди.
Жойларда бирламчи тиббий хизмат сифатининг пастлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Соҳа бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг жойларда етарлича ижро қилинмаётгани асосий муаммолардан бири бўлиб, бу ҳолатдан биринчи навбатда, партиямиз электорати азият чекмоқда. Шунинг учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларида депутатлик назоратини кучайтириш керак.
Шунингдек, ёшларни ишга жойлаштириш, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви, зарур дори воситалари билан таъминлаш ишлари таҳлилий ўрганилиб, муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари тайёрланмоқда. Албатта, натижадорлик ҳам қатъий назоратга олинмоқда.
Баҳодирхон Камолов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.
«Ўзбекистон овози», 5.2.2025, №5