Парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабат
Парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабат

 

Маълумки, депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаатлари туради.

Хўш, сайловчи депутатга қачон мурожаат қилади? Қачонки, фуқарони қайсидир масала ўйлантирса, қачонки бирор ҳудудда аҳоли қайсидир муаммо ечимини ҳал этишда қийинчиликка учраётган бўлса, қайсидир ташкилот одамларнинг арз-додига қулоқ тутмаётганида сайловчилар ўзлари сайлаган депутат эшигини тақиллатади ёки унга сим қоқади. Баъзи масалалар йўл-йўлакай ҳал этилса, айримлари юқори ташкилотлар аралашуви ва давлат дастурлари билан боғланади. Бунда албатта депутатнинг ваколати, мақоми иш беради, кўмаги зарур бўлади. Ҳар бир мурожаатчи депутатга умид билан юзланади, айримларининг эса сўнгги чораси ҳам шу бўлади.

Демак, депутатлик ваколати доирасида ҳар бир масалага жиддий қарашимиз керак. Албатта, бу ишларнинг бошида одамларга самимий ҳурмат, халққа хизмат қилишдек катта саодат турибди.

Фаолиятимиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, ўтган йили фракциямиз таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 2 та «парламент сўрови» юборилди.

Депутатларимиз томонидан сайловчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ҳамда жойлардаги учрашувларда кўтарилган масалалар, сайлов округларидаги ўрганишларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мансабдор шахсларга жами 49 та депутатлик сўрови юборилди. Ҳаммасида муносабат ҳар хил, ижобий натижалар ҳам бўлди.

Фаолиятим мисолида айтадиган бўлсам, Соғлиқни сақлаш вазирига муҳим бир масалада депутатлик сўрови жўнатганман. Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг туман марказида қўшимча 2-биноси мавжуд эди. У болалар поликлиникаси сифатида 20723 нафар болаларга тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бино 1978 йилда қурилган ҳамда кўп йиллар эътибордан четда қолганлиги сабабли бинонинг ҳолати анча носоз ҳолатга келиб қолганди.

Ушбу бинонинг подвал қисми, муфел печлари, эшик ва ромлари эскиргани, шунингдек, бино ичидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ҳамда қишда кўмир ёқилғиси олиб кириш учун йўл мавжуд эмаслиги сайловчиларнинг эътирозига сабаб бўлаётганди.

Шунингдек, поликлиниканинг моддий-техник базаси ўрганилганда янги мебеллар, тиббий жиҳозларга эҳтиёжлар борлиги маълум бўлди. Ушбу эҳтиёжларни ҳисобга олиб мутасадди вазирликка депутатлик сўрови жўнатдим.

Қонунда кўрсатилган тартибда вазирликдан жавоб олганмиз ва яқин кунларда масала ҳал бўлиш арафасида. Бу назоратимизда турибди.

Халқнинг, мамлакатнинг равнақи раҳбарларнинг қонун-қоидаларга муносабати, дунёқараши даражаси билан чамбарчас боғлиқ.

Парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабатнинг шу тартибда мустаҳкамланишидан одамларимизга фойда. Чунки ҳар бир депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади.

Сайловчиларимиз билан учрашувларда юзага чиққан муаммолардан келиб чиқиб, яна 3 та депутатлик сўрови юбориш режамда турибди. Ҳозир шунга алоқадор масалаларни ўрганяпман, муаммоларни жойига чиқиб кўряпман. Яқин кунларда тегишли мутасадди вазирликларга депутатлик сўрови билан яна мурожаат қиламан.

 

Анвархон Темиров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 5.2.2025, 5

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш