Жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш — Ўзбекистонда бу борада қатор қонун ҳужжатлари, шунингдек, узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга дастурлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқилаётгани алоҳида эътиборга моликдир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида айни ушбу йўналишдаги мақсад ва вазифаларни белгилаб олганки, бу ҳам ҳар бир инсон фаровонлиги учун хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар партия электорати манфаатларига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2024 йилда бажарилиши юзасидан ҳукумат ҳисоботи Ўзбекистон ХДП фракция йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Давлат дастурининг ижтимоий йўналтирилгани, эҳтиёжманд қатлам вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Қайд этилдики, давлат бюджетининг жами харажатлари 311 трлн сўмни ташкил этиб, шундан харажатларнинг 50 фоизи ёки 152 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилган. Натижада партия дастурининг устувор йўналишларида белгиланган “Ёшлар дафтари”га киритилган 50 мингга яқин йигит-қизнинг контракт тўловлари, 15 мингга яқин ногиронлиги бўлган ёшларга даволаниш харажатлари ҳамда 400 мингдан ортиқ ижтимоий ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган, I ва II гуруҳ ногирони ёки қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор хотин-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатиш учун сарфланади. Уларнинг мингдан ортиғини уй-жойлари таъмирлаб берилиши каби бир қатор амалий тадбирлар ҳам амалга оширилади. Депутатлар бу масалаларни эътироф этди ва ижроси барча учун манфаатли бўлишига оид фикрлар билдирилди.
Йиғилишда муҳокама этилган навбатда масала, яъни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисоботи ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди.
Фракция аъзолари ҳисобот даврида, Омбудсман институти томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, инсон ҳуқуқларини кафолатловчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги айтиб ўтишди.
Шу билан бирга, депутат Зокиржон Зоҳидов амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, кейинги фаолиятида қуйидагиларга яъни, эътибор беришни алоҳида тавсия сифатида ҳам кўрсатиб ўтди.
Хусусан, мурожаатлар бўйича кўплаб маълумотлар берилган бўлсада, ҳисобот даврида уларнинг қанчаси ҳал этилгани, қанчаси ечимини кутаётгани ва қанчаси кўриб чиқилаётгани тўғрисида аниқ рақамлар берилмаган. Бу борада мурожаатларининг кўплигини ҳисобга олиб, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва соҳага тегишли мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадга мувофиқ экани айтилди.
Депутатга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда, минтақавий вакилларнинг ўрни катта. Бу борада минтақавий вакилларнинг лавозим мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш ва юридик маълумотга эга кадрлар билан таъминлаш чорасини кўриш мақсадга мувофиқ.
Омбудсманнинг сўзларига кўра, ўтган йилда мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан ошган ва 23422 тани ташкил қилган. Тажрибадан келиб чиқиб 2025 йилда янги режа ва мақсадлар белгилаб олинган. Хусусан, тегишли вазирлик ва идоралар билан меморандум имзоланиши ва ана шу асосида янгича ёндашув асосида фаолият олиб бориш режалаштирилмоқда. Биргина мисол, Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг мурожаатларини таҳлил этиш ҳамда масъул вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан аниқ ва асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсад қилинган. Жорий йилда шу ва шунга мос равишда ўнлаб янгича ёндашув асосидаги чора-тадбирлар юзасидан алоҳида ахборот тақдим этилди.
Фракция аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ахборотини тасдиқлаб, овоз берди.