Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнирини ташкил этди.
Турнирда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиали, Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти, Қўқон давлат педагогика институти, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти жамоалари қатнашди.
Турнир икки босқичда ўтказилди. Биринчи шартда иштирокчилар глобал сиёсат асосларини амалий натижаларга айлантириш учун зарур кўникмаларни ўзида ривожлантириши керак эди. Яъни, бу йўналишдаги назарияни амалий натижаларга айлантириш ҳамда ўзгаришларни амалга ошириш учун ёш етакчиларнинг имкониятларини ҳавола қилишдан иборат. Бунда жамоалар ёшлар орасидаги камчиликлар, юзага келиши эҳтимоли юқори бўлган муаммолар, ёшлар келажагини прогноз қилиш каби масалаларни ўзида мужассам этган шартнома (консепция, резолюция, қонун) лойиҳасини олдиндан тайёрлайди. Турнир давомида тайёр лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Энг қизғин баҳс-мунозаралар иккинчи шарт – тезкор савол-жавоб босқичида кузатилди. Ушбу босқичда ҳар бир жамоага давлат бошқаруви, сиёсий жараёнлар ва ҳуқуқий тизимга оид 5 та савол берилди. Жамоалар қисқа вақт ичида аниқ ва лўнда жавоб бериши талаб этилди. Иштирокчиларнинг тезкор фикрлаш қобилияти, билими ва таҳлилий ёндашуви айнан шу босқичда синовдан ўтказилди.
Тезкор савол-жавоб босқичи давомида жамоалар ўртасида кучли рақобат юзага келиб, ҳар бир иштирокчи ўз билим ва тажрибасини намоён қилишга интилди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш 10 балли тизим асосида олиб борилди. Бу босқич ёшларнинг сиёсий жараёнларга бўлган қизиқишини ошириш, уларни ҳуқуқий билимларини бойитишга ундашга хизмат қилди.
Натижалар бўйича:
Биринчи ўрин Қўқон давлат педагогика институти талабаларига насиб этди. Иккинчи ўринни Фарғона давлат университети, учинчи ўринни эса Фарғона политехника институти жамоалари эгаллади.
Турнир дўстона муҳитда ўтказилиб, барча иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мусобақа давомида ёшларнинг партия аъзолигига қабул қилиниши ҳам уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга хизмат қилди.