
Яқиндагина Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини комплекс ривожлантириш мақсадларини ўзида жамлаган муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди.
Дастурда белгилаб берилган устувор йўналишлар халқимизнинг дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек мақсадларини ўзида қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом экологик муҳит яратиб беришдек мақсадлар белгилаб берилган Давлат дастури кўпмиллатли халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, бу ҳужжат шунчаки ишлаб чиқилмади, балки жамоатчиликнинг таклиф ва тавсиялари асосида бойитилди, такомиллаштирилди. Юртдошларимизнинг кўнглидаги фикрлар стратегик аҳамиятга эга ҳужжатда акс эттирилгани уларнинг ижроси муқаррар бўлишига хизмат қилади.
Шу ўринда қайд этиш керак, бизнинг партия бу йилги Давлат дастурида ҳам фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг саломатлигини яхшилашга устувор аҳамият қаратилганини эътироф этади. Зотан, атроф-муҳитни асраш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш биринчи навбатда инсонни асраш ва унга қулай шароит яратишни назарда тутади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат дастуридаги аксарият вазифалар аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, яъни, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, дастурдаги қуйидаги устувор ёндашувлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳар томонлама ҳамоҳангдир.
Жумладан, ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш орқали 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 5 фоиз даражасида сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш энг муҳим мақсад, деб белгиланган.
Фуқаролар ўртасида “Тежамкорлик ва барқарорлик” тамойили асосида янгича ижтимоий муносабатлар ривожлантирилиши, маҳаллаларнинг экологик қиёфаси яхшиланиши, яшиллик даражаси оширилиши, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳити шакллантирилиши, аҳоли саломатлиги яхшиланиши, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг шароит яратилиши мамлакатимиздаги ижтимоий муҳитни янги даражага кўтариш каби ташаббуслар партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларига тўғридан-тўғри мос эканлигини кўрсатади.
Дастурда партиямиз электорати манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган яна бир қатор вазифалар белгиланганлиги бизга алоҳида ишонч ва ғурур ҳиссини бағишлайди. Хусусан, республикамизнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаб фаолияти ташкил этилиши қайд этилаётир. Бу жамиятимизни босқичма-босқич инклюзивлаштиришда стратегик аҳамиятга эга масала ҳисобланади.
Болалар қандай оила ва шароитда вояга етаётганидан қатъий назар, таълимда тенг имкониятларга эга бўлиши муҳим, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатда жорий йилнинг ўзида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиниши вазифаси қўйилгани қанчадан-қанча ёшлар ва оилаларнинг келажакка ишончини оширади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда трансёғлардан фойдаланишнинг чекланган миқдорларини белгилаш бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштирилиши назарда тутилгани ҳам дастурий вазифларимиз билан мос келади.
Кейинги йилларда кам даромадли оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг муҳим стратегик йўналишига айланди. Жорий йилда ҳам бу борада долзарб вазифалар белгиланаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Жумладан, 100 минг гектар ер майдонларини ижарага бериш орқали 200 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзланмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, халқимиз бугунги кенг кўламли ўзгаришларга катта ишонч билан қараб, тезроқ уларнинг самарасини кўришни истайди. Бу йилги Давлат дастури ва унда белгиланган мақсадлар эса ҳамюртларимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-экологик, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришни кафолатлашига ишонамиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси Дастурни тўлиқ қўллаб-қувватлайди, албатта, партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси, шунингдек, фаолларимиз, электорат вакилларимиз ҳамда хайрихоҳларимизни ҳужжатда белгиланган устувор ёндашувлар, мақсадларни амалга оширишда фаоллик ва жонбозлик кўрсатишга чорлаб қолади. Зеро, дастурдаги вазифаларнинг амалдаги ижросини аҳолимизнинг барча қатламлари, айниқса, партиямиз фаоллари ва хайрихоҳлари, фахрийларимиз, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ўз кундалик ҳаётида сезиши учун барчамиз бирлашиб, бор куч ва ресурсларимизни тўлиқ сафарбар қилишимиз лозим.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.