Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи аъзоси Н.Камалова Бахмал туманида бўлди. 9-Ўсмат сайлов округидан сайланган депутат ҳудуддаги сайловчилар билан учрашди ҳамда аҳолининг муаммоларини ўрганиш мақсадида улар билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда фуқаролар ўзларини ташвишга солаётган бир қатор масалаларда мурожаат қилди. Хусусан, "Файзабод" маҳалласида яшовчи З.Aзимова Сангзор-Ўсмат йўлига фуқароларнинг хавфсизлиги учун камера ўрнатишга эҳтиёж борлиги айтди. Аёлнинг сўзларига кўра, мазкур ҳудуд овлоқ ва кимсасиз жой бўлиб, ёлғиз юрганда ёки қоронғу чўкканда хатарли.
Шунингдек, Б.Aлиқулов ва A.Бошманов маҳалланинг 5 та, яъни "Чеварлар", "Лолазор", "Тайлоқсой", "Гумсой", "Нурли қуёш" кўчаларидаги электр симёғочлар маънан эскирган ва авария ҳолатига келиб қолган. Маҳалладошларнинг ҳисоб-китобига кўра уларни янгисига алмаштириш учун 60 та бетон устун (столба) ва электр тортиш учун кабель керак бўлади.
Сайловчилар шахсий масалаларидан кўра, кўпчиликка манфаатли ва зарур бўлган муаммолар ечимига эътибор қаратди. Шулардан бири маҳалланинг асосий Тошкент кўчасида фуқароларнинг хавфсизлиги учун 1,5 км пиёдалар йўлакчаси қурилишида амалий ёрдам сўраш билан боғлиқ бўлди.
Вилоят Кенгаши депутати Н.Камалова мурожаатлар ёзиб олинди. Уларнинг ҳар бири юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига сўров юборилиши ҳамда ижросини шахсан назоратга олиниши маълум қилинди.