
Парламент бугун мутлақо янгича услубда фаолият олиб бормоқда. Табиийки, бунда мамлакатимиздаги ислоҳот ва янгиланишларнинг ўрни катта. Айтиш керакки, парламент очиқлик ва адолат тамойилларини амалда намойиш этмоқда. Эътиборлиси, янги даврда юзага келаётган бу ўзгаришлар ўз самарасини беряпти. Яъни, халқчил қонунлар, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда ва ҳамюртларимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун, деган ғоя асосида ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда, шубҳасизки, депутатларнинг вазифаси уларнинг ҳуқуқий негизини яратиш, бўшлиқларни тўлдириш, янада такомиллаштиришдан иборат. Айни шу паллада парламент вакиллари бу вазифаларни қай даражада амалга ошираётгани барча учун қизиқ, албатта.
Гап шундаки, сайловчилар натижа кутмоқда. Демак, барча сиёсий бирлашмалар қатори Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва ундан сайланган депутатлар ўз дастурида белгиланган ижтимоий масалаларда жўяли таклифлар, кескин талаблар қўйиш ва муаммолар ечими юзасидан қатъий позиция билдириш ваколатидан самарали фойдаланиши зарур. Қуйи палатадаги партия фракцияси қонун лойиҳалари муҳокамасига шу нуқтаи назар билан ёндашяпти ва дастурий ташаббуслар қонун кўринишида амалиётга татбиқ этилмоқда.
ХДП ғоялари ҳаётга кўчмоқда
Халқ демократик партиясининг асосий ғоя ва мақсадларида ижтимоий ҳимоя масалалари устуворлик касб этади. Ана шулардан бири давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш билан боғлиқдир. Бу борада илгари сурилган ташаббусга кўра, барча фуқаролар учун пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришишга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, Ўзбекистонда узоқ умр кўриш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Мазкур тенденция барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан бирга кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришни тақозо этади.
Фракциялар йиғилишида ҳамда палата мажлисида пенсия тизимида янгича ислоҳотлар ва ўзгаришларни қамраб олган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бунга эҳтиёжни келтириб чиқарган жиҳатларга тўхталиб ўтсак.
Аввало, ёшга доир пенсияларни фуқаролар белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини жорий этиш ва нафақаларни тўлаш тартиби бўйича янги тартиб-қоидаларни белгилаш зарурати юзага келган. Ваҳоланки, халқаро тажрибада кўплаб давлатлар аллақачон ушбу механизмга ўтган. Шунингдек, мақбуллаштирилган вазирлик ва идораларни янги номи билан баён этиш ва фуқароларга давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичларга олиб чиқиш давр талаби саналади. Бунинг учун соҳага ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, фуқароларнинг пенсия таъминотини халқаро стандартларга ва замон талабларига мувофиқлаштириш муҳимдир.
Таклиф этилаётган лойиҳа билан эса айни ушбу тартиб жорий этилмоқда. Хусусан, пенсия ҳамда нафақаларни тўлаш юзасидан ваколатли давлат органларининг вазифа ва функцияларини аниқлаштириш назарда тутиляпти. Бундан ташқари, қонунчиликка пенсия ва нафақа олувчилар тўғрисида маълумотлар олиш, пенсия ва нафақалар тўланишига оид даъво ишларида давлат божидан озод этиш бўйича айрим таҳририй ўзгартиришлар киритилмоқда. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш, пенсия тайинлашда иш ҳақи ва стажини ҳисоблаш тартибини соддалаштириш қонун доирасида мустаҳкамланмоқда.
Палата мажлисида кўриб чиқилган лойиҳага кўра, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси қўшимча меъёр билан тўлдирилмоқда.
Қонунда белгиланишича, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти улар пенсия ёшига тўлган ёки ногиронлиги бор шахс бўлсалар пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъий назар тайинланади.
Қонунчиликка кўра, эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Айтиш керакки, бу Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир. Зеро, партия ташаббуслари орасида эр ёки хотини вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлган турмуш ўртоғига ўтказиб бериш тартибини жорий этиш масаласи ҳам ўрин олган. Янги тартиб билан эса камроқ пенсия олаётган эр ёки хотин қонунан пенсиясини кўпроқ миқдордагисига алмаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши пенсия тайинлаш тизимига замонавий рақамли технологияларни фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, лойиҳа учинчи ўқишда маъқулланди ва юқори палата муҳокамаси учун юборилди.
Ижтимоий суғурта — партиянинг навбатдаги ташаббуси амалда
Биламизки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори. Бу мақсадга эришиш учун ўз сайловолди дастурида қатор ғояларни илгари сурган. Хусусан, иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтириш учун таклиф этилган масалалар орасида ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий этиш ташаббуси ҳам белгиланган эди.
Шу кунларда парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси билан мазкур ташаббус амалиётга татбиқ этилиш арафасида турибди. Яъни, давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонун лойиҳаси кеча бўлиб ўтган палата мажлисида иккинчи ўқишда тасдиқланди. Масалага бироз ойдинлик киритсак.
Айтайлик, давлат ижтимоий суғуртаси нега керак ва бу институт нималарга хизмат қилади?
Аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизда айни шу масалага алоқадор меъёрни келтириб ўтсак. Гап шундаки, Бош қонунимизда ҳар ким меҳнат қобилиятини йўқотганида ҳамда ишсизлигида ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Аммо бугунги кунда ушбу талаб амалиётда тўлиқ самара беряпти, деб айта олмаймиз. Чунки ходимлар вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида ёки ишдан бўшатилганда ижтимоий қўллаб-қувватлашда бир қатор муаммоларга дуч келмоқда.
Масалан, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари иш берувчилар учун ортиқча молиявий юклама ҳисобланади. Шунинг учун бундай нафақалар хусусий секторда тўланмайди. Шунингдек, ҳомиладорлар ё ишга олинмайди ёки бирор баҳона билан бўшатиб юборилади.
Таъкидланганидек, юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонун лойиҳаси билан бир қатор муҳим меъёрлар белгиланмоқда. Яъни, лойиҳада давлат ижтимоий суғуртаси тизими ва давлат ижтимоий суғуртаси тўловларини тўлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган. Жумладан, касаллик туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда иш ёки даромадни йўқотиш билан боғлиқ ҳолатларда нафақа тўлаш кафолатланади. Шу билан бирга, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда ишдан бўшатилганлик нафақаси ҳам давлат ижтимоий суғуртаси билан амалга оширилиши қайд эт илмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурта ҳодисалари рўй берганда тегишли тўловларни тайинлаш ва тўлаш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш асослари ҳам мазкур ҳужжатдан жой олмоқда.
Палата мажлисида ушбу масала кўриб чиқилар экан, вақтинча меҳнатга лаёқатсиз ёки ҳомиладор ва туғуруқ таътилидаги аёлларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳамда ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилиши таъкидланди. Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Юқори сифатли тиббий хизмат олишнинг кафолати
Сир эмаски, соғлиқни сақлаш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокорлар ёки тиббиёт бригадалари томонидан аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматлар бепул асосда кўрсатилмоқда. Шунингдек тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бироқ қонунчиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан қўшимча хизмат турларини пулли асосда кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уларга берилган малака тоифаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни назарда тутувчи тартибни белгилаш зарурати юзага келмоқда. Бунинг учун айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозим. Ҳафта бошида бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида айни шу масала иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов мазкур қонун билан мос равишда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ва «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киритилиши кўзда тутилган ўзгартириш ва қўшимчалар Конституция ва бошқа меъёрий ҳужжатларда акс эттирилган инсон ҳуқуқларига зид келмаслигини таъкидлади. Ушбу соҳа вакиллари ўртасида қонуннинг асл мақсадини тўғри тушунтириш лозимлиги қайд этилди.
Қонунчилик палатасининг бу галги мажлисида ҳам айни масала муҳокама қилинди. Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси билан аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқий тартибга солинади. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмида белгиланганидан ортиқча тиббий ёрдам ва бошқа хил қўшимча хизматлар, шунингдек, оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмаси бўлмасдан, тўғридан тўғри мурожаат қилган фуқароларга пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш таклиф этилмоқда.
Бир меъёр билан тиббий таълим ташкилотларини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахсларга мавжуд малака тоифасини олиш тизими ичида автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Кутилаётган натижаларга кўра, бу орқали аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фуқароларга қўшимча тиббий ёрдам ва оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмасисиз тўғридан тўғри пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш имкони юзага келади.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳам юқори палатага юбориладиган бўлди.
Қонунлар барча учун тушунарли тилда бўлиши тарафдоримиз
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ҳамда «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларда хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгашининг фидуциар мажбуриятларини ҳамда мажоритар акциядорларининг ёхуд иштирокчиларининг умумий мажбуриятлари бўйича жавобгарликни аниқлаштириш.
Палата мажлисида айни ушбу масалаларда қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун ташаббускорлари лойиҳа концепциясини депутатларга тушунтириб берди.
Таъкидланганидек, лойиҳани ишлаб чиқишдан асосий мақсад низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлаш, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга эришишдан иборат.
Бу орқали медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилмоқда. Нотариусларга «Медиация тўғрисида»ги қонунда белгиланган барча турдаги соҳалар бўйича медиатор вазифасини амалга ошириш ваколати бериляпти.
Шунингдек, медиаторларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш зарурати белгиланмоқда. Медиатив келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар киритилмоқда.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларини лойиҳадаги янги сўзлар билан кириб келаётган тушунчаларнинг мазмуни қизиқтирди. Хусусан, фидуциар тушунчаси халққа тушунарли сўзлар билан ифодаланиши кераклиги таъкидланди.
Ташаббускорларга кўра, бу тушунча Президент қарор, фармонлари, ҳукумат ҳужжатларида келтирилган. Бироқ мазкур тушунча қонунчиликка янгилик сифатида киритилмоқда. Шу маънода қонун ташаббускорлари фидуциар атамасининг маъносини изоҳлашга ҳаракат қилди.
Бироқ фракция аъзолари бу масалага депутатлар олдида эмас, қонунда ойдинлик киритиш кераклигини қайд этди. Асосий тушунчалар сифатида ушбу сўзнинг изоҳланиши кейинчалик ундан фойдаланувчилар учун қийинчиликларни юзага келтирмаслигига урғу берилди.
Ташаббускорлар фракция таклифини кейинги ўқишгача лойиҳага киритишини билдирди.
Муҳокамалардан сўнг лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 19.2.2025, №7