
Куни кеча Президентимиз мамлакатимиз ёшлари билан мулоқот қилди. Унда кўплаб ташаббус ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, ёшлар турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
“Бунинг бош омили нимада, деб сўрасангиз, мен аввало ёшларга муносабат давлат миқёсида бутунлай ўзгарганида, деб жавоб берган бўлардим. Ўғил-қизларимиз ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини сезиб, ўзларига беқиёс куч олмоқда”, – деди Президент.
Бундан беш йил олдин Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. У ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўрди. Охирги сайловда ана шу ёшлардан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат бўлиб сайланди.
Мени қувонтирган яна бир жиҳати ҳозирги вақтда дунёдаги “топ” олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд юртимиз йигит-қизлари таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик.
Илгари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар абитуриент кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етди. Бу ҳам майли, илмий даражали ёш олимларимиз сони 2 карра ошиб, 4 минг 357 нафарга етди. Чет тилларини ўрганиш ва замонавий билимларни эгаллаш борасидаги ишлар ҳақида тўхталсам, уларнинг рўйхати анча узун. Демак, биз ўсяпмиз, ривожланяпмиз, тараққий топяпмиз. Бундан қувонмаслик, ғурурланмаслик асло мумкин эмас.
Шу ўринда Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган эътиборини айтиш зарур. Жумладан, ҳар йили умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун давлат гранти асосида қўшимча 3 минг квота, тўлов-шартнома асосида эса қўшимча 6 500 квота ажратилаётгани кўплаб ёшларга талаба мақомини бермоқда.
Учрашувда, шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган 3 та катта ҳужжат имзолангани эълон қилинди.
Биринчи ҳужжатга мувофиқ, Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилгани, энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилиб, стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилиши таъкидланди.
Иккинчи қарор асосида бўлса олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилаётгани, бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс берилиб, уларнинг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича янги банк хизматлари пакетлари жорий этилиши, албатта ёшларга катта имконият бўлади.
Мулоқот давомида айтилган ҳар бир янгилик алоҳида катта мавзу, ёшларнинг қувончига сабаб бўлган, уларга кўплаб имкониятлар эшигини очадиган масалалардир. Ишонаманки, ёшларнинг таълим-тарбияси ва келажагига бўлган бундай ғамхўрлик уларга катта қувонч бағишлаб, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Гулназ Далибаева,
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи.