“Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури мазмун ва моҳиятига бағишланган ўқув-семинарнинг навбатдагиси Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари ходимлари, ҳудудий кенгашлар масъуллари иштирок этди. Табиийки, асосий эътибор Давлат дастуридаги устуворликларга қаратилди.
Аввало, дастурда бугунги куннинг глобал масаласи, яъни экологияни ҳимоя қилиш ва шу орқали инсон саломатлигини муҳофазалашга оид муҳим масалалар ўрин олгани эътироф этилди. Шу билан бирга, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, турмуш тарзини яхшилаш билан боғлиқ тизимли чора-тадбирлар белгиланганига урғу берилди.
Эътиборлиси, дастурдаги ижтимоий масалалар бевосита партия дастурий мақсадларига уйғун экани алоҳида қайд этилди. Бу борада қатор мисоллар келтирилиб, уларни амалга ошириш механизмлари тушунтирилди. Зеро, Давлат дастури ижросида сиёсий партиялар ҳамда депутатлик бирлашмалари нафақат назоратчи, балки ижрочи сифатида ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Шу маънода олдинда турган вазифалар аҳамияти тушунтирилди.