Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ҳам умуммиллий ҳаракатга айланган «Яшил макон» дастурида фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Когон туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Гулмира Каримова ва бир гуруҳ нуронийлар Туткунда қишлоғини янада ободонлаштиришга қаратилган тадбирга бошчилик қилди. Фаоллар турли кўчатлар экиб, юртга тинчлик ва осойишталик сўради. Ҳудуд ёшлари жалб қилинган бундай хайрли иш нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки ёш авлодни табиатни асрашга ва меҳнатсеварликка ўргатишда ҳам катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Худди шундай тадбир Самарқандда ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши ҳамда Тойлоқ тумани кенгаши ҳамкорлигида ҳудуд ободлигига ҳисса қўшилди. Яъни, Тойлоқ туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Айтиш керакки, бу каби тадбирларда миллий қадриятларимизни қадрлаш, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатга чақиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу каби ташаббуслар барча туман шаҳарларда давом этмоқда.