Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи, Мехнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ХДП фракцияси ҳамкорлигида “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштиришнинг янги механизмлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Спикер ўринбосари Мавлудахон Хўжаева тадбирни кириш сўзи билан очиб бериб, сўнгги йилларда мамлакатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олиш, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг ижтимоий адолат мезонига асосланган шаффоф ва рақамлаштирилган янги тизимини жорий этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратиш ҳамда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган “Инсон” марказлари фуқароларни ўйлантириб келаётган масалаларни шу ернинг ўзида бартараф этиш имконини бермоқда.

“Инсон” марказлари томонидан оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида 102 турдаги профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йил 30 январь куни имзоланган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон  ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжат билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса — ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилиши белгиланди.

Шунингдек, камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментлари жорий этилади. Унга кўра, ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача грантлар ажратилади.

Семинарда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари томонидан ҳудудларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва унда “Инсон” марказларининг ўрни, фаолияти ва уларда ижтимоий қатламга кўрсатиладиган 102 турдаги хизматлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга қаратилгани қайд этилиб, у билан 1 апрелдан бошлаб “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун тўланадиган ссуда ва субсидиялар ажратилишини қайд этилди.

Депутатлар аҳолини ижтимоий ҳимоясини ташкил этилишига барча қонунчилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, энг асосийси соҳанинг эгаси аниқ белгилаб берилгани ва тизим яратилгани, ушбу тизим мунтазам такомиллаштириб борилаётганини таъкидлашди.

Ушбу фармон инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганига урғу бериб, у билан 1 майдан бошлаб “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилиши минг-минглаб одамларнинг айни дилидаги гап бўлганини алоҳида эътироф этди.

Қизғин ва самимий руҳда ўтган семинарда депутатларнинг ҳудудларга чиқиши жараёнида “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари бўйича жойларда келиб чиқиши мумкин бўлган масалалар, агентлик томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва унда “Инсон” марказларининг ўрни ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида келгусида режалаштирилган вазифалар хусусида ҳам фикр алмашилди.

Депутатлар ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш, ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш