Ўзбекистон ва Покистон муносабатларида янги давр бошланмоқда
Ўзбекистон ва Покистон муносабатларида янги давр бошланмоқда

 

Ўзбекистон ва Покистоннинг турли жабҳалардаги алоқа ришталари узоқ тарихга бориб тақалади. Ушбу давлат Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йилнинг 20 декабрида тан олган. Ўзаро дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майдан бошлаб ўрнатилган.

Ўзбекистон иқтисодий, сиёсий салоҳияти йил сайин ўсиб бораётган Покистон билан ўзаро шериклик муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда.

Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ижобий ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб турибди ва бу устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Расмий Тошкент ва Исломобод ўртасидаги иқтисодий алоқалар кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. 2023 йилдаги 387 миллион АҚШ долларлик савдо айланмаси 2024 йилга келиб 404,4 миллион АҚШ долларига етди. Шу билан бирга, Покистон 2024 йилнинг Ўзбекистон экспорт бозоридаги энг муҳим шериклардан бирига айланиб, савдо ҳажми 300 миллион долларга етди.

Икки давлат раҳбарлари томонидан бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани шерикликнинг аҳамиятини янада оширади. Савдо муносабатларини янада ривожлантириш учун онлайн платформалар яратиш режалаштирилган. Шу тариқа экспортчи ва импортчилар мулоқоти енгиллашиб, янги савдо йўналишлари очилади.

Шунингдек, 130 та қўшма корхона ташкил этилиб, Карачи ва Тошкентда савдо уйлари очилди. Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиақатновлар тикланди. 2024 йил январь-сентябрь ойларида Покистондан жами 18,1 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида парламентлараро ва идоралараро алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётгани томонларнинг ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканлигидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг мамлакатимизга ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади.

Бинобарин, музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон — Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Транзит савдоси бўйича битим ва Имтиёзли савдо битими самарали амалга оширилишини таъминлаш, икки мамлакат махсус иқтисодий зоналарига сармоя киритишни рағбатлантириш, ишбилармон доиралар ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари шубҳасиз, келгусида экспорт, импорт ҳажмини оширишга янги имкониятлар беради.

Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик ва маданий алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форумини ўтказиш таклифи ғоятда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама муносабатларда янги суръат бағишлайди.

Умуман олганда, ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш