Аёл бахти – оила ва жамият бахти
Аёл бахти – оила ва жамият бахти

 

8 мартХалқаро хотин-қизлар куни

Айтадиларки, Ер юзида агар биргина аёл қолса ҳам, демак, ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат бор... Яратганнинг мўъжизаси саналмиш аёл қалби энг муаззам туйғуларга бешик бўлиб, унинг чеҳрасида нафосатни, ёруғ оламга зеб бериб турган назокатни кўрамиз. Вужудида инсоният келажагини улғайтирадиган бу тилсимот фидойилик, садоқат тимсоли ҳамдир. У миллатнинг буюк тарбиячиси, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг муҳим иштирокчиси эканига, неча минг йилдирки, бани башар гувоҳ бўлиб келмоқда.

Бугун дунё олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада шиддат билан ўзгаряпти. Қарашлар, тутумлар, ёндашувлар, ҳаттоки баъзи жамиятларда умуминсоний қадриятлар ҳам тамомила янгича мазмун-моҳиятга эга бўлиб бормоқда. Аммо бир ҳақиқат аниқ: жамиятнинг маданий даражаси, ундаги ижтимоий тенглик ва адолат айнан хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланишига оид улуғ мезон глобал доирада ҳамон қиймати ҳамда аҳамиятини зарра қадар йўқотгани йўқ.

Илм-фан ва техника энг юқори чўққига чиқаётган, инсон закоси ила ақл бовар қилмас кашфиётлар турмуш тарзимизга кириб келаётган янги замонда ШАХС тарбияси ўз тақдири ҳақида қайғураётган халқ ва миллат учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани ҳам бор гап. Бу вазифани уддалаш эса, сўзсиз, аёллар ақлу заковати, салоҳияти, маърифати ва фидойилигига боғлиқлигини ортиқча таъриф этиш на ҳожат.

– Қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради. Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади, – деган эди Президентимиз.

Самимиятга йўғрилган мазкур сўзлар замирида аёлни улуғлашдек олижанобликни кўрамиз. Қолаверса, бугун юртимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсати юқори босқичга ўз-ўзидан чиқмаётгани, бунинг ортида мана шундай юксак эътибор, ғамхўрлик, азму шижоат турганини яна бир карра ҳис қиламиз.

 

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси.

«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, 9

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш