
Мамлакатимиз Президентининг Францияга давлат ташрифи тарихий ташрифга айланди. Ўзбекистон ва Франция ўзаро ҳамкорлик бўйича кейинги йилларда мисли кўрилмаган натижаларга эришмоқда. Икки мамлакат ўртасида давлат ташрифлари, икки мамлакат вазирликлари ва парламентлари вакилларининг мунтазам учрашувлари ҳам ўтказилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, халқаро ҳамжамият ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Франция ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг сўнгги йиллардаги ривожи ҳақида кўплаб мамлакатларда кенг ёритилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Президентининг Францияга давлат ташрифи олдидан “London Post” нашрида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида эълон қилинган мақолада икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик хорижий инвестицияларни жалб қилишда махсус иқтисодий зоналарнинг аҳамияти ҳамда иқтисодиёт, сиёсат соҳасидаги лойиҳаларни ва гуманитар ташаббусларни амалга оширишда муҳим стратегик шериклиги ҳақида сўз боради.
2023 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача мўлжалланган янги Стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди.
Франция бизнесининг иштироки республикамиз иқтисодиётининг коммунал хўжалик (Veolia, Suez, Eiffage), энергетика, жумладан “яшил” энергетика (EDF, Total Eren, Voltalia, Orano), озиқ-овқат саноати (Lactalis) каби муҳим соҳаларида сезиларли даражада ошди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ва Ўзбекистон-Франция Савдо палатаси икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизмлари ҳисобланади.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳам фаол кенгаймоқда. Жумладан, сўнгги 7 йилда турли соҳаларда 50 дан ортиқ келишувлар имзоланди. Туризм, археология, дизайн, мода, лингвистика, таълим, бизнес-менежмент, соғлиқни сақлаш ва спорт йўналишлари шулар жумласидандир. Келишувлар самараларини сўнгги икки йилда Ўзбекистонга келган франциялик сайёҳлар сони йилига 20 минг кишига яқинлашганидан ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, Олий Мажлисдаги “Ўзбекистон-Франция” парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим воситасидир. Франция Сенати Миллий ассамблеясида эса “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи фаолият юритади.
Айтиш керакки, олий даражадаги учрашувлар натижалари Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги қулай шарт-шароит билан мустаҳкамланмоқда. Ушбу ҳамкорлик сиёсий ва дипломатик мулоқот ҳамда савдо-инвестициявий, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, таълим, фан соҳаларидаги ўзаро алмашинувни мустаҳкамлашдаги кенг имкониятлар билан ажралиб туради.
Имомназар ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.