Шаҳноза Қодирова 1987 йилда туғилган. Айни пайтда Тошкент вилоятининг Бўка туманида истиқомат қилади. Фуқаро Ўзбекистон ХДП вакилларига чап томонлама нефростома диагнози билан мурожаат қилган. Яхши инсонлар ташаббуси ҳамда кўмагида бемор трансуретрал ички оптик уретеролитотрипсия усулида жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди.
Биламизки, Наврўз байрами янгиланиш ва ёшариш байрами бўлиши билан биргаликда меҳр-шафқат айёми ҳам ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши яхши бир ташаббусга қўл урди. Яъни Чирчиқ шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказида соғломлаштириш акцияси ўтказилди. Унда партия Марказий Кенгаши вакиллари ҳамда Республика урология илмий амалий тиббиёт маркази урологлари, Тошкент вилоят кенгаши масъуллари, партия фаоллари иштирок этди.
Мазкур тадбир ҳудуддаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаб, соғломлаштириш ишларини олиб бориш, юқумли, онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилди. Терапевт, кардиолог, Лор, гинеколог, УТТ, уролог каби мутахассислар томонидан 120 нафардан зиёд аҳоли кўрикдан ўтказилди. Бир неча касаллиги аниқланган фуқароларга стационар ва амбулатор шароитда даволаниши учун тавсиялар берилди.
Шунингдек, Республика урология илмий амалий тиббиёт маркази бош директори Шуҳрат Мухторов томонидан икки нафар эҳтиёжманд беморда юқори технологияли бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Беморларнинг бири Шаҳноза бўлса, иккинчиси 1961 йилда туғилган, Қибрай тумани фуқароси эди. Унга тери орқали (перкутан) нефролитотрипсия усулида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳар иккала амалиёт ҳам муваффақиятли тарзда амалга оширилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам Республика урология илмий амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ўтказилиш режалаштирилган.
Айтиш керакки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами янада кенгайиб бораверади. Зотан, бу инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш партиянинг доимий эътибор марказидаги масала бўлиб қолади, деганидир.
Малоҳат ЭРГАШЕВА,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати бошлиғи.