ХДП: ногиронлиги бор аёлларга қувонч ва меҳр улашди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Сариосиё туманидаги “Фарҳод” мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида “Қувонч ва меҳр улашайлик” акцияси ташкил этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят ва Сариосиё туман кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлар иштирок этган тадбирда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов тиббиёт ходимлари ва тарбияланувчиларни Наврўз байрами билан табриклади.
Хушманзара тоғларга туташ масканда тарбияланаётган хотин-қизларга илиқ тилаклар билдирилиб, руҳий қўллаб-қувватланди. Байрам совғалари улашилиб, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди. Мурувват уйи тарбияланувчилари ҳам куй-қўшиқ ижро этиб, даврага байрамона кайфият бағишлади.
Акция доирасида партиянинг масъул ходимлари ва депутатлар мурувват уйида яратилган шароитлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири.