
Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар соҳада ўзини ривожлантириш, намоён қилиш ва ҳаётда катта натижаларга эришиши учун барча имкониятлар яратилган. Аёл киши қайси ёшда бўлмасин ўз устида ишлаши, замонавий билимларни эгаллаши, доимо лидерликка интилиши ва Президентимиз таъбирларича, “замонамиз қаҳрамони” бўлишга ҳаракат қилиши даркор.
Зеро, Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этиб келинаётган “Раҳбар аёллар мактаби” дастурида таҳсил олган ҳар бир лидер аёл ўзига мана шундай катта рағбат олади.
“Раҳбар аёллар” мактаби ўқув курси Давлат фуқаролик хизматидаги раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни мақсадли тайёрлаш, уларнинг давлат бошқарувида қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирокини кенгайтириш, салоҳиятли хотин-қизлар корпусини шакллантириш, лидер аёлларимизни раҳбарликка тизимли тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, дастур янги имкониятларга йўл очади.
Олий Мажлис Сенати раиси Т.Норбоева, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Бош прокурор ўринбосари С.Артиқова ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарларидан олинган билим ва тажрибалар ҳар бир тингловчида ўзига бўлган ишончни, ҳаётда ва жамоада раҳбарлик позициясини шакллантиришда катта роль ўйнайди. Партиямиз фаоли сифатида менга берилган шундай имкониятдан жуда хурсандман. Ўқиш билан биргаликда Сенатдаги Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт қўмитасида амалиёт жараёнларида иштирок этиб, фаолият олиб бораётган соҳамни нақадар муҳимлигини яна бир бор англадим. Сенаторларимиздан энг яхши сабоқларни олишга интилдим.
Бугунга қадар дастур доирасида 150 га яқин хотин-қизлар ўқитилиб, улардан 32 нафари юқори лавозимларга тайинланди. Дастурнинг 4-мавсумида 100 нафар тингловчи таҳсил олдик.
Президентимиз “Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик ва маданият юқори бўлади...” дея таъкидлаганидек, дастурни муваффақиятли битириб, сертификатни қўлга киритган аёлларимиздан эртага шундай раҳбарлар етишиб чиқишига ишонаман.
Шаҳло Худойқулова,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи,
“Раҳбар аёллар мактаби” 4-мавсум тингловчиси.