
Парламент Қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан изчил ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ташкил қилингани ҳаётий натижаларини кўрсата бошлади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қисқа вақтда ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш тизимини маҳаллаларгача манзилли жорий этиш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда.
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам берадиган манзил сифатида эл оғзига тушмоқда. Электорат манфаатларидан келиб чиқиб, дастурий мақсадларга эришиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси агентлик билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда партия Марказий Кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда «Инсон» марказлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Таҳлиллар бу борада қатор ютуқлар билан бир қаторда жойларда ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам борлигини кўрсатди.
Жорий ҳафта бошида қуйи палатадаги фракция аъзолари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари билан ўрганиш натижаларини муҳокама қилди. Ўзаро ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ҳақида фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Бугунги кунда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида қатор янгиликлар жорий қилинмоқда. Айниқса, трикотаж, тўқув, йигирув фабрикаларига 2028 йил 1 январга қадар маълум бир солиқ имтиёзлари бериляпти. Буни ногиронлиги бўлган шахслар учун интеграция қилиш масаласи кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъулининг билдиришича, агентлик томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада камбағаллик реестрида турмаган бўлса ҳам, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга имтиёзлар бериш таклиф этилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова «Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги ногиронлиги бўлган шахсларга қаровчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласидаги ўзгаришлар, режалар ҳақида сўради.
Ушбу саволга агентликнинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Саҳобиддин Давронов жавоб берди. Унга кўра, «Мурувват» уйлари ҳамда Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ногиронлиги бўлган шахсларга қаровчи ходимлар асосан шифокорлар, ҳамширалар ва санитаркалар ҳисобланади. Ўртача ойлик иш ҳақи «Мурувват» уйларида 6 200 000 сўмдан 7 500 000 сўмгача экани таъкидланди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эса 5 750 000 сўмдан 7 000 000 сўмгача экани билдирилди.
Депутатлар ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш бўйича туман, шаҳарларда касб-ҳунар мактаблари ва умумтаълим мактабларида ўқув курслари, назарий дарслар ташкил этилганини, бу борада юқори натижаларга эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, агентлик бу масалага алоҳида эътибор қаратган. Тошкент шаҳрида «International inclusive hub» халқаро таянч инклюзив профессионал таълим маркази фаолияти йўлга қўйилган. У ерда ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш бўйича туман, шаҳарларда таълим олаётган 136 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчи дарсдан ташқарида 16 та касбга йўналтирилган курсларга жалб қилинган. Улардан 59 нафари ушбу курсларни муваффақиятли тугатиб, тегишли касб-ҳунар бўйича диплом эгаси бўлишган.
Болаларни касбга ва кичик бизнесга ўргатишни янада кенгайтириш мақсадида халқаро ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда UPSHIFT дастури ишга туширилиб, энг яхши «стартап» ғояларига ЮНИСЕФ томонидан бизнес ғояларини амалга ошириш учун грантлар берилишига келишилган.
Агентлик тизимида 17 та кўзи ожиз болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида ўқиётган 3 487 нафар ўғил-қиз касб эгаллашига кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Уларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаб бориш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактаб-интернатлар қошида 10 та йўналиш бўйича ташкил этилган 29 та ўқув устахоналарида 543 нафар ўқувчи мунтазам дарс машғулотларига қатнайди. Имкониятларидан келиб чиқиб, ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик, пойабзал ишлаб чиқариш ва тикувчилик, нақш, пазандачилик ва тўқувчилик каби ўқув устахоналари ташкил этилган. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 60-сон «Нурли маскан» мактаб-интернатида якка тартибдаги тадбиркор билан шартнома тузилиб, 22 нафар болага мебелсозлик сирларини ўргатиш йўлга қўйилган.
Фракция аъзолари ўрганишлар давомида аниқланган бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, болаликдан оғир тоифадаги ногиронлиги бўлган болаларнинг қаровчиларида ҳиссий ва жисмоний чарчаш оқибатида психик муаммолар вужудга келмоқда. Шундай инсонларга имтиёзли тарзда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги санаторийларга бориш имкониятини яратиш масаласини ўйлаб кўриш ҳақида таклиф билдирилди. Бу бўйича сайловчилардан мурожаатлар ҳам бўлиб тургани қайд этилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган инклюзив синфлардаги шароитлар, адаптив спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун имкониятлар яратиш масалалари ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.
Келгуси режалар хусусида маълумот берилди. Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда агентлик ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.
«Ўзбекистон овози», 26.3.2025, №12