ХДП фаоллари – ҳудудларда: Юзма-юз мулоқотлар

 

Камбағалликка қарши курашиш, ижтимоий инклюзивликни ошириш ва тенгсизликни камайтириш орқали инсонлар ҳаётини яхшилаш, ҳар бир фуқаронинг кафолатланган тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, таълимнинг барча шаклларига ғамхўрлик қилишга оид давлат мажбуриятлари янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган. Албатта, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат бу мажбуриятларнинг амалий тасдиғини топиши, ҳар бир инсоннинг давлат эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслигини кафолатлашга хизмат қилмоқда. Лекин тизимли ислоҳотлар ҳамма жойда ва бир хил даражада самарадорлик касб этяпти, дея узил-кесил хулоса билдириш айни чоғда, юмшоқроқ айтганда, шошма-шошарлик бўлиши тайин.

Халқ вакилларининг ҳудудларга чиқиб, ўз ваколатлари доирасида ўрганишлар ва назорат-таҳлил ишларини олиб бориши бу борада реал ҳолатларга кўзгу тутиб, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, одамларни бугунги кундан рози қилиш йўлида ҳаётий ташаббус ва ғояларни ишлаб чиқишга замин яратмоқда.

Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиздан иборат ишчи гуруҳ жойларда камбағалликни қисқартириш, бандлик, таълимни ривожлантириш ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, пенсия тайинлаш жараёнидаги масалаларни атрофлича ўрганаётгани, муаммолар ечимига қаратилган жўяли таклифларни илгари сураётгани эътирофга моликдир.

Яқинда ЎзХДП фракцияси ва партия Марказий Кенгаши вакиллари Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлди.

Маълумотларга кўра, вақт ҳарчанд тиғиз бўлишига қарамай, ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг 12 та тумани ва 1 та шаҳрида жойлашган маҳаллалар ҳамда ижтимоий муассасаларда аҳоли, хусусан, партия электорати билан юзга яқин учрашувлар ўтказилди. Бу учрашувларда мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, ўзларини ўйлантираётган турли масалаларда муаммо ва таклифларини баён қилди.

Юзма-юз мулоқотлар асносида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг устувор мақсадлари ва муҳим вазифалар моҳияти, аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди. Шу билан бир қаторда ЎзХДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури юзасидан кенг маълумотлар берилди. Партия фракцияси аъзоларининг ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари билан таништирилди.

Аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, партиянинг Сайловолди дастури ва сиёсий позициясидан келиб чиқиб, ташкилотлар кесимида жами 10 та йўналишда ўрганиш ишлари ташкил этилди. Ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини кафолатлаш, пенсия тайинлаш жараёнида учрайдиган муаммоларни бартараф этиш, таълим соҳасидаги камчиликларни аниқлаш ва зарур чораларни кўриш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, субсидиялар ажратиш, бандлик даражасини яхшилаш, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, сифатли ижтимоий, коммунал ва хизматлар кўрсатиш ҳолатлари ўрганилди. Шунингдек, давлат бюджети ва ҳудудларда инвестиция дастурлари ижроси устидан назорат тадбирлари билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Тарози босгулик ютуқлар, ижтимоий соҳаларда силжишлар бор, бироқ аниқланган камчиликлар ҳам оз эмас. Эътирофли жиҳатлардан бири шуки, учрашувлар ва назорат-таҳлил тадбирларида маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия ҳудудий тузилмалари раҳбарлари фаол қатнашиб, вилоят, туман даражасида ҳал қилиниши мумкин бўлган камчиликлар ечимида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишди.

Бугун халқ вакиллари зиммасида ваколат ҳам, масъулият ҳам каррасига ошган. Бу эса уларнинг фаолиятида мудроқ кайфиятга тамомила барҳам бериб, жонкуярлик, халқ дардида бедорлик хислатларини тоблаётгани мана шундай мазмундаги тадбирлар давомида яққол намоён бўлмоқда.

 

Кўздан панадаги муаммолар билан тўқнаш келдик

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Камбағалликни қисқартириш ва кучли ижтимоий ҳимоянинг мукаммал тизимини яратиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Барча ислоҳотлар «Инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилмоқда.

Аҳоли учун муқим ва даромадли иш жойларини яратиш, шу орқали камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган трансформация дастурлари жойларда амалий натижасини бераётганига Наманган вилояти мисолида ҳам гувоҳи бўлдик. Бинобарин, жорий йилда республика бўйлаб 1,5 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш, 5 млн 200 минг кишини ишли қилиш кўзда тутилаётган бир пайтда ушбу мақсадга эришиш барча даражадаги давлат органи ва ташкилотларининг биринчи да ражали вазифасига айлангани, «Камбағалликдан — фаровонлик сари» дастури доирасида манзилли чора-тадбирлар қизғин тус олаётгани мазкур вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам залворли ўзгаришларга туртки беряпти.

Биламизки, водий аҳли, жумладан, наманганликларда омилкорлик, ишбилармонлик салоҳияти юқори. Вилоятда саноат ва ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш жадал ўсиб бормоқда. Зироатчилик, томорқа деҳқончилигида ҳам наманганликларнинг ўз тажриба мактаби бор. Бу эса, табиийки, аҳолининг бандлик даражасига ижобий таъсир кўрсатади. Шу йилнинг ўтган қисқа даврида ишсизлик кўрсаткичи 1,2 фоизга камайиб, 5,8 фоизга тушгани – бу дадил натижа!

Соҳалар кесимида таҳлил этилганида, тижорат банклари томонидан аҳолини доимий ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш йўналишларида 20,7 минг кишининг бандлиги таъминланган. Юқорида айтиб ўтганимдек, саноат ва ишлаб чиқаришдан ташқари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция дастурларининг изчил татбиқ этилаётгани янги иш ўринларини яратиш имкониятини оширмоқда. Бундан ташқари, ишсиз фуқароларни Наманган шаҳри, Учқўрғон, Тўрақўрғон ва Наманган туман касбий кўникмалар марказларида ҳамда вилоят бандлик бошқармаси ташаббуси билан 23 та нодавлат, 20 та профессионал таълим муассасалари ва 16 та устоз-шогирд мактабларида бепул ўқитиш йўлга қўйилгани айни муддаодир.

Қизиғи, туманлар кесимидаги ўрганишлар давомида бу борадаги ютуқлар билан бирга кўздан панада қолиб кетган қатор муаммолар билан ҳам тўқнаш келинди. Биргина мисол келтираман. Норин туманида жорий йил бошидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш орқали иш ўринлари кўпроқ яратилган. Бу яхши, албатта. Лекин маҳаллаларда фаолият юритаётган хизмат кўрсатиш (ошхона, сартарошхона, автомобилларга хизмат кўрсатиш, кичик савдо дўконлари ва бошқалар) шохобчаларида одатда 2 нафардан 10 нафаргача ходимлар ишлаётган бўлса-да, солиқ ҳисоботларида 1 нафардан кўрсатилган. Худди шундай, ишлаб чиқариш объектларида ҳам солиқ ҳисоботларида ишчи-ходимлар сони кам келтирилган.

Бундан англаймизки, маҳалла еттилиги томонидан ўз ҳудудида жойлашган юридик корхона ва ташкилотларда легаллаштириш ва иш ўринларини тўлиқ кўрсатиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга, туман солиқ инспекция билан биргаликда маҳаллалардаги хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектларини қайта текширувдан ўтказишга эҳтиёж сезилмоқда.

Туманларда Миграция агентлигининг бўлими мавжуд бўлмагани сабабли хориждан қайтган меҳнат муҳожирларининг ҳисобини юритиш, чет элга бормоқчи бўлган фуқароларга маслаҳат ва йўналишлар бериш бўйича муаммолар ҳам ўз ечимини кутиб турибди.

Фуқаро ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредит олмоқчи бўлса, «Onlaynmahalla.uz» платформаси орқали мурожаат этиши лозим. Мурожаат МФЙдаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси билан банк томонидан кўриб чиқилади. Ҳоким ёрдамчиси маҳаллага ажратилган кредит лимити бўлсагина, тавсиянома бериши мумкин, йўқса, фуқарога «рад қилиш» тўғрисидаги хабарномани узатишга мажбур. Бу эса фуқароларнинг ҳоким ёрдамчисига ишонч ҳисси камайишига олиб келмоқда. Кредитни берувчи – банк, жавобгар эса ҳоким ёрдамчиси бўлиб қолмоқда.

Миграциядан қайтган фуқароларни ишга олган кичик ва йирик корхоналарга бу ходимларнинг малакасини оширганлиги учун субсидия ажратиш тизими ҳам қайта йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўрганишлар ва мулоқотлар жараёнида аҳоли ҳамда тадбиркорлар бандликни таъминлаш, камбағалликка қарши курашиш борасида ўзлари дуч келаётган вазиятларга таяниб, мана шундай асосли таклифларни етказишга астойдил жидд-у жаҳд этгани бизни мамнун қилди. Демак, одамларимиз онг-у тафаккури ўзгарган, ижтимоий ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси уйғонган, асосийси, биз, халқ вакилларига умид ва ишонч кўзи билан қарамоқдалар.

 

Таълим ривожланса, жамиятда ўсиш бўлади

Зуҳра ШОДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси, эл-юрт тақдири, жамият ҳаётидаги ўсиш таълим-тарбия ривожига қаратилаётган эътибор, ажратилаётган ресурслар билан узвий боғлиқ.

Наманган вилоятида сўнгги йилларда мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар таълими тизимида сезиларли ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этиб ўтиш керак. Вилоятнинг мактаб битирувчилари республика ва хориждаги нуфузли ОТМга кириш бўйича йилдан-йилга юқори кўрсаткичларга эришаётгани бунинг ёрқин далили. Вилоятда бўлган чоғимизда энг чекка, олис ҳудудларда ҳам ҳавас қилгулик шароитларга эга мактаб ва боғчаларни кўриб, очиғи, дилимиз ёришди. Билимга чанқоқ ўғил-қизлар, ўз касбининг фидойиси бўлган педагог-ўқитувчилар билан учрашув ва мулоқотлар улар учун ҳам, биз учун ҳам фойдали бўлди.

Биз учун фойдалиси шундаки, ҳудуд таълим тизимида узоқ йиллардан бери ечимини кутаётган муаммолар билан юзма-юз келдик. Ўша муаммолар билан яшаётган инсонларнинг ташвиш ва ўйларини юрагимизда ҳис қилдик. Халқчил таклифлар ишлаб чиқиш учун долзарб асосларни белгилаб олдик.

Масалан, Косонсой туманида жойлашган 8-сонли умумтаълим мактаби 960 ўринли бўлиб, бугунги кунда 1 минг 927 нафар (2 баравар кўп!) ўқувчи таҳсил олмоқда. Таълим муассасасида 4 та инклюзив синф ташкил этилган. Мактабда инвестиция дастури асосида қўшимча 540 ўринли ўқув биноси қурилмоқда. Лекин Навбаҳор, Гулобод, Чорбоғ, Тагижар каби маҳаллалардан олис масофадан қатнаб ўқиётган ўқувчилар учун қўшимча мактабга эҳтиёж мавжуд. Ҳудудда янги турар жойлар қурилаётгани ва аҳоли сони ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда камида минг ўринли янги мактаб қурилишига амалий ёрдам сўралди.

Ёки Поп туманидаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабини бориб кўрганимизда маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун қишда совуқ, ёзда иссиқ, ўриндиқлари қаттиқ, ёритгич чироқлари талабга жавоб бермайдиган концерт зали муассаса жамоаси ва ўқувчиларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётганини билдик. Ушбу тумандаги 19-сонли мактабгача таълим ташкилоти эса 1957 йилда ҳашар йўли билан қурилгани ва ҳозиргача бу МТТда таъмирлаш ёки қайта қуриш ишлари бажарилмагани бизни ҳам ҳайратлантирди, ҳам ўйлантирди.

Чуст туманида эса аксарият мактабларда битта синфда ўқувчилар сони меъёрдан анча юқори экани, эллик фоиз компьютерлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, олий тоифали ўқитувчиларнинг камлиги, кўпчилик ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати ҳамда билим даражаси пастлигига доир муаммолар киши кўнглини хижил қилмай қолмайди.

Тизимдаги шу сингари камчилик ва бўшлиқларни янада аниқлаштириб олиб, уларни ҳал этиш борасида тезкор, натижадор чораларни таклиф қилдик. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳам ўз ҳудудлари бўйича тегишли масалада депутатлик сўрови юбориш, халқ депутатлари туман Кенгаши комиссияси ва сессиясига киритган ҳолда муаммони бартараф этишда жонбозлик кўрсатишга бел боғлаганини айтиб ўтиш ўринли.

Яна бир гап. Чет тилларини, замонавий ахборот технологияларини ўрганиш учун мактабдан сўнг ўқув курсларига, репетиторларга бориб, вақт, пул сарфлаётган қанча ёшларимиз бор. Шунинг ўзи ҳам умумтаълим мактабларида бу йўналишларда ўқитишни янада чуқурлаштиришга талаб борлигини кўрсатади. Партиямиз бу муаммоларга ечим сифатида чет тиллари ҳамда IT бўйича мавзуларни чуқурроқ тушуниш ва теран ўзлаштириш учун мактабларда назарий билим ҳамда амалий машғулотларни ўз ичига олган ўқув соатларни, дарсларни кўпайтириш заруратига урғу бериб келаётгани бежиз эмас.

Унутмайлик, тараққиётга фақат таълим орқали эришилади. Қайсики, жамиятда инсон капитали ривожланса, халқнинг, миллатнинг интеллектуал даражаси ортади.

 

Қатъий ёндашув керак

Илҳом АТАБАЕВ,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

– Бугунги кунда дунёда инклюзив жамият тушунчаси кенг тарқалган. Ҳар қандай мамлакат юксак тараққиётга эришиши учун унда яшовчи ҳар бир шахс фаол фуқаролик позициясини эгаллаши шарт. Айнан шу меъёр ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам жамиятимиздаги фаоллиги янада ошишида ўз тасдиғини топади.

Юртимиз ҳудудларида очилган ва ҳозирда тизимли равишда фаолият кўрсатаётган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари нафақат ногиронлиги бор шахслар, шунингдек, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар, зўравонликка учраган аёллар каби оғир ҳаётий вазиятга тушган ҳамюртларимизга ҳар тарафлама мадад қўлини чўзиб келмоқда. Наманган вилояти шаҳар ва туманларидаги «Инсон» ИХМ томонидан қилинаётган ишлар, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижаларини ўрганиб, соҳада ягона давлат сиёсатини юритувчи органнинг ташкил қилиниши ижтимоий ҳимояни янги босқичга олиб чиққанига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Шу билан бирга вилоятда ногиронлиги бор шахсларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича талай ишлар ҳам кутиб турганини кўрдик. Мисол учун, Ногиронлар жамияти ва Кўзи ожизлар жамиятининг туман-шаҳар бўлимлари учун алоҳида, махсус жиҳозланган бинолар керак.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун банклар томонидан кредит фоизини пасайтириш мақсадга мувофиқдир.

Ногиронлиги бор шахслар асосан жисмоний меҳнат талаб қилинадиган, даромади кам бўлган ишларга жалб қилинаётган ҳолатлар ҳам, афсуски, бор. Бундай ҳолатларга ечим сифатида ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий касбларга масофавий ўқитиш тизимини яратиш ҳамда замонавий технологиялар ёрдамида ишлаш имкониятларини кенгайтиришнинг иқтисодий ва ҳуқуқий асосини яратиш масаласини кун тартибига қўйдик. Aйниқса, уларнинг IT, дизайн ва таржимонлик каби соҳалар орқали масофавий бандлигини таъминлаш, тобора рақобатдошлиги ортиб бораётган меҳнат бозорида ўз ўринларини топишига кўмаклашиш ҳақиқий инсонпарварлик намунаси бўлади.

Тўрақўрғон туманида ногиронлиги бўлган шахслар учун электр аравачалар, махсус юриш, эшитиш мосламалари, протез-ортопедия буюмлари етишмаслиги, борларининг ҳам сифати талабга жавоб бермаслиги муаммоси ўрганилди. Корхона ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган ишчилар учун қулай шароит яратишга субсидия беришда сусткашликка йўл қўйилаётгани ва субсидия берилишидаги тўсиқларнинг кўплиги, инклюзив таълимнинг етарли ривожланмагани таассуфли.

Ишчи гуруҳи ўрганиш жараёнида бу каби муаммоларни партия аъзолари билан чуқур ўрганиб, депутатлик сўрови юбориш, қатор масалаларда эса қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашни белгилаб олди.

Тўғри, ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни рози қилиш, турмуш сифатини ошириш, барча жабҳада инклюзивлик даражасини юксалтириш бир зумда ва осон кечадиган жараён эмас. Бунинг учун давлат ва жамиятнинг ҳамкорликда қатъий ёндашуви керак.

Халқ демократик партияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилади. Бу бизнинг ижтимоий адолат тамойилларига содиқлигимиз ва собитлигимизни билдиради.

 

Ҳеч бир инсон эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмасин!

Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликка асосланган халқпарвар сиёсат олиб борилмоқда. «Инсон қадри учун» тамойили асосида жамиятдаги турли қатламларнинг манфаати, хоҳиш-иродасини инобатга олиш ва уларни рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Кексалар, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат ва жамиятимизнинг доимий ғамхўрлиги остида яшамоқда.

Албатта, бу борадаги ислоҳотлар қанчадан-қанча одамларнинг турмушида ўзгариш ясагани, уларнинг ҳаётга ишончи ва умидини юксакларга кўтарганини исботлашга ҳожат йўқ, назаримизда. Бу юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилгани натижасидир.

Хўш, бу борада Фарғонада нима гап? Жамиятнинг эҳтиёжманд қатлами ҳимояси учун вилоятда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

 

Улуғбек Вафоев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– Тўғри, эътиборга арзигулик ислоҳотлар олиб бориляпти, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан алоҳида аҳамият бериляпти. Аммо қабул қилинган қонунлар ва қарор, фармонлар ижроси жойларда тўлиқ бажарилмаяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқларини амалда қўллаш механизмлари тўлиқ ишга солинмаяпти.

Масалан, Кўзи ожизлар жамияти Қўқон шаҳар бўлими фаолиятини ўрганганимизда эътибор қилиниши керак бўлган қатор масалалар борлиги маълум бўлди.

Хусусан, шаҳар кўзи ожизлар жамияти атрофидаги йўллар қаровсиз ҳолатда, таъмирга муҳтож. Бу ҳудудда кўзи ожизлар ҳаракатланиши учун қийинчилик туғдирмоқда. Юртимизда ногиронлиги бор одамларнинг ҳаммаси ҳам тўшакка михланмаган. Аравача, қўлтиқтаёқ ва бошқа кўмакчи воситалар ёрдамида ҳаракатланадиганлар ҳам кам эмас. Демак, аввало, уларга тўсиқсиз муҳит яратилиши керак.

Шунингдек, Кўзи ожизлар жамиятига давлат томонидан пул ажратмалари тизимни рағбатлантиришга етмайди. Шунинг учун тизимга ҳомий ташкилотларни бириктириш, кўзи ожиз фуқаролар учун иш ўринлари яратиш, уларни касбга йўналтириш курсларини ташкил қилиш лозим.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи аъзолари Ногиронлар жамиятининг Бешариқ тумани ҳудудий бўлинмаси фаолияти билан ҳам танишди. Бизга маълум бўлишича, туман Ногиронлар жамиятининг ҳеч қандай биноси йўқ, вақтинчалик «Файзиобод» МФЙ биносидан фойдаланмоқда. Ушбу ташкилотда моддий-техник база ҳам умуман йўқ.

Туманда эшитишида нуқсони бўлган болаларга тиббий хулоса бериш билан шуғулланувчи мутахассиснинг (сурдолог) фақатгина вилоят марказида фаолият олиб бориши чекка ҳудудлардаги фуқароларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, туманлар марказий поликлиникаларида эшитишида нуқсони бўлган болаларга тиббий хулоса бериш билан шуғулланадиган сурдолог фаолиятини ташкил қилиш керак, деб ўйлаймиз. Ҳудудлардаги Ногиронлар жамияти доимий фаолият олиб бориши учун муқим жой билан таъминлаш ва моддий-техник базасини шакллантириш ҳам кечиктириб бўлмайдиган масала.

Мавзуга, реал жараёнга янада чуқурроқ кирсак, вилоятда эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, ижтимоий ҳимоя тизимида ҳал этилиши керак бўлган кўп масалалар борлиги ойдинлашади. Шуни унутмайликки, ижтимоий ҳимоя, аввало, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги масаласи, ҳар бир инсон инсондек муомалага лойиқ, деганидир. Ногиронлиги бор инсонлар ҳам кўп нарсага эришиши мумкин. Фақат уларни қўллаб-қувватлаб, ўзига ишончи, ҳаётга умидини оширсак бўлди.

Биз масалани шунчаки ўрганмадик, шу жойга келганда тўхтаб ҳам қолмаймиз. Маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари билан ҳамкорликда бу борадаги назоратни кучайтириб, муаммоларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритамиз. Таклифларимиз амалга ошмагунча тинчимаймиз.

 

Фахриддин Элмуродов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ташкилий-назорат ва кадрлар бошқармаси бошлиғи:

– Халқ демократик партияси жамиятимизда ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш тарафдори. Биз Фарғонадаги ўрганишларимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор бердик.

Хусусан, Кўзи ожизлар жамияти Олтиариқ туман бўлими фаоллари билан учрашдик, бу борадаги муаммоларни ўргандик.

Маълум бўлишича, туманда 550 га яқин кўзи ожиз, кўришида нуқсони бор фуқаролар яшайди. Кўзи ожизлар жамияти туман бўлимига маъмурий бино ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида кичик ишлаб чиқаришлар ташкил этиш учун бино зарур. Шунингдек, кўзи ожиз фуқаролар учун ихтисослаштирилган кутубхона ҳамда чет тилларини ўқитиш марказларини ташкил этиш лозим.

Бундан ташқари, туманлардаги марказий чорраҳаларда кўзи ожиз фуқароларнинг светофорлардан мустақил фойдаланиши учун овозли қурилмаларни ўрнатиш зарур.

 

***

Партиямиз фаолларининг таъкидлашича, вилоятда муҳтож оилалар ва эҳтиёжманд инсонлар билан манзилли ишлашни кучайтириш керак.

 

Тараққиёт билимли ёшлар билан

Жамият тараққиёти, хусусан, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли ёшларга боғлиқ. Илғор фикрлайдиган, юқори салоҳиятли кадрларни шакллантириш, илм-фан ва инновациялар ривожи аввало, таълимдан бошланади.

Ўқитувчи ва ўқувчига ўқитиш ва ўқиш учун зарур шароитлар яратилса, ёшлар ўзини ўзи ривожлантириш учун қулай ва замонавий муҳитга эга бўлса, келажак пойдевори шунча мустаҳкам бўлади.

Партиямизнинг ишчи гуруҳи вилоятдаги таълим муассасалари фаолияти билан ҳам танишишди. Ҳозир биз барча жабҳада жаҳон андозаларига бўйлашяпмиз. Хусусан, таълим тизимида ҳам. Хўш, вазиятни вилоятдаги туман ва шаҳарлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, нимани кўрамиз?

 

Анвархон Набиев,

халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Назорат-таҳлил давомида Риштон туманида янги қад ростлаётган 61-умумтаълим мактабида ҳам бўлдик. Ушбу мактаб 2024 йил якунига қадар фойдаланиш учун топширилиши керак эди. Аммо мактабда ҳанузгача тўлиқ ва тўлақонли қурилиш ниҳоясига етмаган. Биз бунинг сабабини ўргандик. Маълум бўлишича, қурувчи фирма керакли маҳсулотларни етказиб бермаяпти. Партия гуруҳи билан ҳамкорликда масалани чуқур ўрганиб чиқиб, депутатлик сўрови юборишни режалаштирдик.

Шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари Бувайда туманидаги 20-умумтаълим мактабида ҳам бўлишди. «Оқтош» қишлоғида жойлашган ушбу мактабда спорт зали ва ошхона йўқ. Йўл четида пиёдалар йўлаклари ҳам йўқлиги учун ўқувчилар автомобилларга мўлжалланган йўл атрофидан юришига тўғри келмоқда. Бу эса автоҳалокатлар бўлиш хавфини оширади.

Бундан ташқари, фаолларимиз билан бирга Қўштепа туманидаги ихтисослаштирилган мактабга ҳам бордик. Бу ерда барча шароитлар талабга жавоб беради, ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи жуда юқори. Аммо мактабнинг 197 нафар ўқувчиси 15-45 километр масофадан дарсга қатнайди. Ётоқхона ташкил қилиш учун бино бор, овқатланиш шароитлари бор. Ётоқхона ташкил этилса, узоқдан дарсга қатнайдиган ўқувчилар учун айни муддао бўлади.

Таълим даражаси ва сифати жамият истиқболини белгилаб берадиган муҳим омилдир. Шу маънода мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчилар учун барча шароитларни яратиш масаласини энг олдинги ўринларга қўйишимиз керак. Бусиз мақсадга эришиб бўлмайди.

Маълум бўлишича, вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиляпти. Биз Фарғонадаги ҳақиқий ҳолатга назар ташлаймиз. Камбағалликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижаларига тўхталамиз.

Маълумотларга кўра, бугун вилоятда 3,3 миллион аҳоли яшайди. Шундан 2,2 миллион нафари меҳнат қилишга тайёр иқтисодий фаол ҳисобланади. Улардан 1,9 миллиони иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилмоқда.

 

Жавоҳир Бектурдиев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий-назорат бўлими бошлиғи:

– Камбағалликка барҳам бериш қатор тизимли масалаларни ўз ичига олади. Бу иқтисодий инфратузилма билан бирга, инвестиция йўналтириш, бандлик билан боғлиқ барча муаммоларни ечиш, таълимни ривожлантириш каби комплекс чораларни талаб этади. Мазкур масалалар Халқ демократик партияси ғоялари билан чамбарчас боғлиқ.

Шундан келиб чиқиб, биз бу йўналишдаги назорат-таҳлил ишларини вилоятнинг барча туманларида олиб бордик. Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, ҳудудларда бу борадаги муаммолар етарли.

Фикрларимизни Бувайда тумани мисолида давом эттирамиз. Туманда ишсиз фуқаролар учун меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда, аммо улар учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўтказишда бироз сусткашликлар бор. Меҳнат мигрантлари учун амалий ёрдам бериш мақсадида онлайн ўқув курслари ташкил этилмаган. Хориждан қайтган меҳнат мигрантларини ишга жойлаштиришда муаммолар мавжуд.

Шунингдек, биз Бувайда тумани саноат зонасига ҳам бордик. Бу ерда ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан устоз-шогирд анъаналари тўғри йўлга қўйилмаган. Ногиронлиги бор шахсларни ишга қабул қилишда бериладиган имтиёзлар хусусида тадбиркорлар тўлиқ маълумотга эга эмаслиги ҳам маълум бўлди.

Назорат-таҳлил давомида ҳар бир масалага чуқур ёндашишга ҳаракат қилдик. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик, аҳоли билан учрашдик, эътирозларини тингладик, мурожаатларини ўргандик. Таклифларимизни ҳам шу асосда тайёрладик. Муаммоларни сессияларда муҳокама қиламиз.

Зарурат бўлса, парламент ва депутатлик сўрови юборилиб, мутасаддилар олдига масала қатъий қўйилади. Мақсадимиз аҳолини ўйлантираётган муаммоларни қисқа вақтда ва тизимли ҳал этишдан иборат.

 

***

Албатта, электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай масаланинг назоратга олиниши яхши. Бу мутасаддиларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини ошириш, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган муаммоларнинг юзага чиқиши, бартараф этилиши учун муҳим. Чунки жойларда қайд этиш ва айтиш билан чекланиб қолинаётган ҳолатлар бор...

Партиямиз фаолларининг назорат-таҳлил натижаларидан яна кўплаб маълумот ва рақамлар келтириш мумкин. Гап кўрсаткичларда эмас, аниқланган муаммоларни вақтида бартараф этишда, бунинг учун асосли ва ўткир таклифлар тайёрлашда. Шу боисдан биз энг муҳимларига тўхталишни жоиз топдик.

Энг муҳими, партиямиз ишчи гуруҳи жойлардаги ўрганишлар, назорат-таҳлил тадбирларида шунчаки кўриб, маълумот йиғиш эмас, балки натижагача бориш амалиётини йўлга қўймоқчи. Бу ижтимоий масалалар ечимига ижобий таъсир қилишига ишонамиз!

 

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Фарида МАҲКАМОВА,

Лазиза Шерова

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 26.3.2025, №12

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш