Ўзбекистон Халқ демократик партияси ишчи гуруҳи аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари З.Акромова ҳамда З.Шодиева Сирдарё вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармасида ўрганиш ишларини олиб борди. Учрашув давомида соҳадаги муаммолар, амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ қурилиш сифати, уй-жой таъмири ва коммунал хизматлар ҳолатини атрофлича ўрганиб, мавжуд камчиликларни аниқлади. Хусусан, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва уй-жой коммунал тизимини янада самарали ташкил этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мутасаддилар билан ўтган учрашувда аниқланган муаммолар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Партия вакиллари аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларини илгари суришларини маълум қилишди.
Депутатлар, шунингдек, Гулистон тумани пенсия жамғармаси бўлимида ҳам бўлди. У ерда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳолати ўрганилди.
Жумладан, пенсия ва нафақалар тўғри ҳисобланиши, уларнинг ўз вақтида етказилиши ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари қандай кўриб чиқилаётгани муҳокама қилинди. Депутатлар жамғарма мутасаддилари билан суҳбатлашиб, тизимдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беришди.
Мазкур тадбир партиянинг ижтимоий масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечимига ҳисса қўшиш мақсадида амалга оширилган навбатдаги ташаббусларидан бири бўлди. Ўрганиш ишлари давом этмоқда ва аниқланган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиши режалаштирилган.