Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси С.Имамова Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида бўлиб, ўрганишлар олиб борди.
Дастлаб депутат тумандаги “Навоий” овул фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” билан мулоқот қилиб, маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишди.
Шунингдек, профилактик ҳисобда турган фуқаро У.Ечжановнинг иш жойига бориб у билан мулоқот қилди. Маълум бўлишича, У.Ечжанов маҳалладаги ҳоким ёрдамчисидан 31 млн. кредит олиб автомобилларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур жиҳозлар сотиб олган. Ўз тадбиркорлигини бошлаган фуқаро тўғри йўлга қайтган.
Шундан сўнг, Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Бундан ташқари, 1976 йил туғилган, боқувчисидан айрилган, 5 та фарзанди бор А.Раззақованинг хонадонига бориб ҳолидан хабар олинди ва ҳомийлар томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Депутат “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали кўчатлар экишда ҳам иштирок этди.