Париждан – Тошкентга
Париждан – Тошкентга

 

1889 йилда Франциянинг Париж шаҳрида дунёдаги биринчи кўп томонлама сиёсий ташкилот сифатида тузилган Парламентлараро иттифоқнинг 150 йиллик юбилей Ассамблеясига Тошкент шаҳри мезбонлик қилди. Ҳа, бу чиндан ҳам муҳим тарихий воқелик бўлиб, бундай тадбир Марказий Осиё минтақасида илк маротаба ўтказилди.

Маълумки, 190 га яқин мамлакатлар парламентини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ Ассамблеяси йилда 2 маротаба, парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатлардагина ўтказилади.

Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоққа аъзолиги 2017 йилда қайта тикланди ва бугунги кунда ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида барча тузилма ва форумлари ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Глобал кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича сермаҳсул амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Эътибор қаратилса, кейинги тўрт йилда парламент фаолияти билан боғлиқ учинчи халқаро тадбирга мамлакатимиз мезбонлик қилди. Дастлаб 2021 йил 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми ўтказилган бўлса, 2022 йил 8-9 сентябрь кунлари Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити Тошкент шаҳрида ташкил қилинди.

Мазкур 150-Ассамблеянинг асосий мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб номланиб, унинг доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Парламент халқ вакиллиги экан, демак, парламентлараро ҳамкорлик – бу халқлар, миллатлар бирдамлигидир.

Мамлакатимизда ҳам кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратилган. Айни пайтда миллий парламентимиз 100 га яқин хорижий ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатган. 80 та қўшма дўстлик гуруҳлари ва комиссиялари самарали ишлаяпти.

Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Суд, коррупцияга қарши кураш ва рақобат органларини шакллантириш бўйича Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди. Парламентнинг ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари янада кучайтирилди.

Бу ўзгаришларга мос тарзда ҳудудларимизда ҳам халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, 30 дан ортиқ ваколатлар маҳаллий кенгашларга ўтказилди ва бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда.

Мазкур тадбирнинг яна бир аҳамияти шундаки, Тошкентда бўлиб ўтган 150-Ассамблеяда парламентарий аёллар форуми ўзининг 40 йиллигини нишонлади.

1985 йилда норасмий глобал хотин-қизлар гуруҳи сифатида ташкил этилган мазкур форум бутун дунё бўйлаб аёл депутатлар учун кучли платформага айланди ҳамда гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтиришда сезиларли ютуқларга эришди.

Хусусан, олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида миллий парламентимизда ҳам хотин-қизларнинг улуши бугунги кунда 38 фоизга етди (10 йил олдин атиги 16 фоизни ташкил этар эди). Мазкур кўрсаткич Парламентлараро иттифоқ томонидан Осиё минтақасида сўнгги ўттиз йилда энг юқори ўсиш сифатида баҳоланди.

Бугун жаҳон майдонида юз бераётган глобал ўзгаришлар Парламентлараро иттифоқ ва миллий парламентлар олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.

Президентимиз нуфузли ташкилотнинг 150-Ассамблеясида нутқ сўзлар экан, замон талабларидан келиб чиқиб, бир нечта ташаббусларни илгари сурди. Айниқса, Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини ҳамда камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференцияни Ўзбекистонда ўтказиш, сунъий интеллект этикасини тартибга солиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ўта долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ижтимоий тараққиёт ва адолат масаласига алоҳида эътибор қаратиб, жаҳондаги, тенгсизлик, қашшоқлик ва таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган болалар муаммоларини ҳам кўтарди. Президентимиз нутқида тинчликка ва тараққиётга интилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган истак яққол сезилиб турди.

Ер юзидаги ҳозирги мураккаб вазият, тинчликни сақлаш, экологик барқарорликни, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентларнинг ролини янада ошириш дунё ҳамжамияти учун ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб қолмоқда.

 

Шерали МАМАДЕЦОЕВ,

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 16.4.2025, №15

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш