Олим Равшанов: Вилоятда партиямизнинг ўз ўрни бор...
Олим Равшанов: Вилоятда партиямизнинг ўз ўрни бор...

 

Қашқадарё она-диёримизнинг жанубидаги муаззам вилоят. Унинг бағри одамларининг феълидай кенг, замини саховатли. Бугун Қашқадарёда партиямизнинг 92 нафар депутати бор. Партиямиз аъзолари 67236 нафар бўлиб, бошланғич партия ташкилотлари сони 723 тани ташкил этади. Агар биз уларнинг имкониятларидан унумли фойдалана олсак, ютуқ ва муваффақиятларимиз анча салмоқли бўлиши шубҳасиз.

Сўзимизни бежиз ушбу маълумотлар билан бошламадик. Чунки маҳаллий Кенгашлар учун ажратилган саҳифамизнинг бу галги меҳмони ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов бўлди. Улардан айрим саволларимизга шахсий қараши ва кузатувларидан келиб чиқиб, жавоб кутдик.

 

— Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз, кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади. Бу давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштиришга хизмат қиляпти.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларни ташвишга солаётган масалаларнинг ижобий ҳал этилишига кўмаклашиш билан бирга қатъий ва изчил депутатлик назоратини олиб бориш, мурожаатлар билан ишлашга жиддий эътибор беришмоқда.

Сиёсий ташкилот сифатидаги фаолиятимизни баҳолсак, ишонч билан айта оламанки, натижаларимиз яхши. Бунинг асосий сабаби эса сиёсий партиялар ҳамда депутатларга берилаётган эътибор, уларнинг мақоми ва ваколатлари ошаётганида, деб биламан.

Ишонч билан айта оламанки, вилоятимизда партиямизнинг ўз ўрни бор. Кўзга кўринарли муҳим ташаббусларга тўхталадиган бўлсам, биз бир қатор лойиҳаларимиз билан маҳаллаларга, сайловчилар орасига кириб боряпмиз, улар билан елкама-елка туряпмиз.

Вилоят партия кенгаши ташаббуси билан “Қувонч ва меҳр улашайлик” акцияси доирасида ташкил этилган тадбирларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, маҳалла ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, “Мурувват уй”ларида яшовчи 250 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, ҳайрия ёрдамлари кўрсатилди.

“Саломатлик акцияси” доирасида туман ва шаҳарларда партия фаоллари ва ҳамкорлар иштирокида 10 дан ортиқ бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, унда 350 дан ортиқ маҳаллалардаги хотин-қизлар ва уларнинг болалари тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар давомида 25 нафар хотин-қизларга касалликларига қараб даволанишлари учун тиббий йўлланмалар берилган бўлса, 6 нафарига ордерлар олишда кўмак берилган.

“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида 50 ортиқ тадбирлар ўтказилиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз ҳудудларида сайловчилар муаммоларини ўрганишди, депутатлик сўровлари чиқариб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди. Бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда.

Вилоятимизда партиянинг 723 бошланғич партия ташкилоти бор. Биз улар билан фаол алоқа қиламиз, улар бизнинг жойлардаги кучимиздир.

Шуни ҳам айтиш керакки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз катта куч ва салоҳиятга эга. Доимий комиссиялар, ҳокимлик ва ижроия органлар олдида ўз сўзига ва мустаҳкам позициясига эга. Бирорта сессия йўқки, унда партия гуруҳи томонидан долзарб масалалар киритилмаган бўлса.

Айни пайтда, депутатларимиз маҳаллий Кенгашларда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва кам таъминланган қатламларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда. Албатта, бу ташаббуслар партия ташкилотларининг жойлардаги фаолияти ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлиги асосида амалга оширилмоқда.

Ўтган йилги сайловларда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 92 нафар вакилимиз депутатликка сайланди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи томонидан 2024 йилда 8 та масала ҳамда 2025 йилнинг биринчи чорагида 4 та масала сессияларга киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, халқни ташвишга солаётган муаммоларни турли даражадаги раҳбарларга олиб чиқиш, уларнинг ҳисоботини тинглаш механизмидан самарали фойдаланяпмиз.

Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 сентябрдаги “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси тўғрисида Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи эшитилди.

Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи чорагида Президентнинг 2021 йил 19 июлдаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг вилоятда бажарилиши бўйича вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тингланди.

2025 йилнинг март ойида партия гуруҳимиз ташаббуси билан вилоятда Президентнинг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси бошлиғи Т.Расулов ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи У.Ориповнинг ҳисоботлари муҳокама қилинди.

Биз мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ечимини кутаётган муаммоларни очиқ-ойдин таҳлил қилдик. Уларнинг ҳисоботини депутатлик назорати орқали маълум бўлган рақам ва фактлар билан солиштирдик, таклифларимизни айтдик.

Муҳими, бу орқали одамларни қийнаб келаётган қанчадан-қанча масалалар ечим топадиган бўлди. Албатта, бунга эришиш бу йўлдаги илк натижа бўлса, унинг ижросини таъминлаш муҳим ва асосий жараён саналади. Бунда эса биз депутатлар фаоллик ва зийракликни бой бермай, назорат ўрнатишимиз зарур, деб ўйлайман.

Эътиборга молик ишлар кўп, албатта. Аммо бу — соҳада барча ишлар рисоладагидек дегани эмас. Чунки электорат манфаатлари йўлида бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишлар талайгина. Партиямиз депутатлари бу борадаги назорат-таҳлил ишларини изчил олиб борса, камчиликларни очиқ-ойдин таҳлил этса, кўп муаммолар ечилади, эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг оғири енгил бўлади, деб ўйлаймиз.

 

— Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?

– Тўғрисини айтсам, яхши ташаббуслар ҳам, ечилмай қолаётган муаммолар ҳам бор.

Ҳозир барчамиздан фаол ташаббускор ҳамда ижро интизомига қатъий риоя этиш талаб қилинмоқда. Бизлар асосан туманлар ва шаҳарлар партия кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари ҳамда партиямиздан сайланган депутатлар, шунингдек, партия аъзоларимиз билан яқиндан алоқа олиб боришимиз керак. 723 та бошланғич партия ташкилотлари фаолияти талаблар даражасига олиб чиқилди.

Юқорида маҳаллий Кенгашлар илгарига қараганда анча фаоллашганини таъкидладим. Очиғи, маҳаллий партия Кенгашлари фаол бўлмаган депутатларимизни анча “сергаклаштирмоқда” ҳам. Чунки, бугун партия кенгашлари олдига ҳам зарур талаблар қўйилмоқда. Улар партия гуруҳлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб бормоқда. Сессиялар анча мунозарали, савол-жавоб ва қизғин кечади. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўляпти. Аммо фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади.

Агар маҳаллий Кенгаш йиғилишлари ва сессияларида очиқлик, шаффофлик ва сиёсий фаолликни кучайтиришни истасак, албатта бу жараёнлар онлайн режимда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрсатилиши лозим. Баҳонада кўпчилик раҳбарларимиз ва халқ вакилларимизнинг сиёсий савия ва сиёсий билим даражалари ойдинлашарди.

Яна бир гап. Авваллари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига бир ёқлама ёндашилган. Хом ашё базаси етарли, демак, ўша ҳудуд яхши, деб баҳоланаверган. Ишлаб чиқариш жойлаштирилганда ҳам инфратузилма қулайлиги биринчи ўринда турган. Натижада олис қишлоқлар эътибордан четда қолиб кетган. Ҳозирда эса бунинг мутлақо акси.

Ҳар бир ҳудуднинг меҳнат салоҳияти, аҳолининг талаби, жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб, инвестицион лойиҳалар устида ишланмоқда. Биз ҳам бу жараёнга муносиб ҳисса қўшишимиз керак. Чунки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ҳолатидан келиб чиқиб амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватласак, бу орқали янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшамиз.

Бунинг учун сайловчилар билан мулоқотларни кўпайтириш, кўпроқ чекка ҳудудларга кириб бориш, иш бошлаш ниятида юрган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ечишга яқиндан ёрдам бериш керак. Жойларда сайёр қабуллар ўтказганимизда кредит олиш, иш бошлаш учун бино масаласида кўп ёрдам сўрашади. Уларга бефарқ бўлмасдан, лойиҳалар амалга ошиши, одамларимизнинг яратувчанлик ва бунёдкорлик ғоялари рўёбга чиқиши учун кўмаклашсак, бу электоратимиз вакиллари учун ҳам манфаатли бўлади, деб ўйлайман.

Эътибор берадиган яна бир муҳим жиҳат бу – партиянинг жойлардаги фаолиятида инновацион ёндашувни жорий этишда, деб биламан. Электорат билан ишлашда анъанавий усуллардан ташқари, янги технологиялардан фойдаланиш, рақамли платформа ва ахборот тизимлари орқали фуқаролар билан мулоқотни кенгайтиришнинг самараси юқори бўлади. Бу ҳозирги замон талаби. Бу партияни халққа яқинлаштиришга хизмат қилади.

Фаолиятимиз қачон ижобий тенденция томон силжишига тўхталадиган бўлсам, бунинг учун партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва парламентдаги вакилларимиз барчаси бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши керак. Тўғри, сўнгги йилларда улар ўртасидаги алоқа сезиларли даражада яхшиланди. Ҳозир қуйида билдирилган ташаббусларимиз парламент минбарида акс-садо бермоқда. Бу яхши натижа, албатта.

Аммо шуни унутмайликки, бугун ҳаёт ўзгарган, қонунларга талаб ўзгарган, одамларнинг онги кечагидан мутлақо фарқ қилади. Кундалик турмушимизда, ишимизда, ҳаттоки, ким биландир мулоқот жараёнида қонунларга бўлган эҳтиёж ортганини сезиб боряпмиз. Бунинг учун барча даражадаги депутатлар ва партия ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш керак.

Шунингдек, депутатлар, партия аъзолари ва оддий фуқаролар ўртасида реал мулоқот ўрнатиш зарур. Масалан, кенг жамоатчилик иштирокида партия ташаббусларининг натижадорлигини муҳокама қилиш мумкин, деб ўйлайман.

 

— Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларга тўхталдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз. Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?

– Бу жуда жиддий савол. Тўғри, эътиборга молик ишлар кўп, албатта. Аммо бу — соҳада барча ишлар рисоладагидек дегани эмас. Чунки ҳали электорат муаммоларини ечиш учун бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишлар талайгина.

Партиянинг жамиятдаги нуфузини ошириш партия фаоллари, ундан сайланган депутатларнинг Сайловолди дастурига асосан олиб бораётган амалий ишларига боғлиқдир.

Бошланғич партия ташкилоти мустаҳкам таянч бўлса, партиянинг нуфузи ортиб бораверади. Партия нуфузини ошириш ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишда туманлар ва шаҳарлар партия кенгашлари раисларининг фаоллиги муҳим.

Депутатларимиз орасида сўзи ўткир кишилар кўп. Аммо, шундайлари ҳам борки, негадир панада юришни афзал кўради. Уларнинг шунча ваколат ва имкониятлар берилишига қарамасдан, “сен менга тегма, мен сенга тегмай” ақидасига амал қилиши ишимизни орқага тортади, деб ўйлайман. Ваҳоланки, уларни билимсиз ва ташаббускор эмас, деб бўлмайди. Сабаби, ўз соҳасида яхшигина натижаларни қайд этган инсонлар кўп. Депутат бугунги талаб ва масъулиятни чуқур англаб ўз фаолиятини ташкил этиши керак. Акс ҳолда, сайловчилари олдида ўз таъсирини йўқотади.

Умуман олганда, камчиликлар устида ишлаб, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари нуфузини ошириш бўйича қатъий режаларимиз бор. Имкониятларимиз кўп, ваколатларимиз ҳам етарли. Ишонаманки, режаларимизнинг барчаси амалий натижаларимизда акс этади. Энг муҳими, халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмасликка ҳаракат қиламиз.

 

***

Хўш, депутат сифатида сиз ишингиздан қай даражада қониқяпсизми? Маҳаллий Кенгашлардаги бугунги вазият, ҳақиқий манзара аслида қандай? Кейинги сонларимизда бошқа вилоятлардаги депутатларимиз, маҳаллий партия ташкилотларимиз эшигини тақиллатамиз ва шу саволларга жавоб излаймиз. Тез орада сиз билан ҳам боғланамиз!

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза ШЕРОВА

суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 16.4.2025, №15

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш