Эҳтиёжманд инсонлар соғлигига эътибор қаратилмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят ва Жарқўрғон туман кенгашлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Жарқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этди.

“Саломатлик акцияси” доирасида тумандаги 28- оилавий поликлиникада ўтказилган кўрикда асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг саломатлигини баҳолаб, касалликларни барвақт аниқлашга қаратилди. Шу куни 240 киши тажрибали педиатр, пульмонолог, акушер-гинеколог, офтальмолог, онколог, болалар невропатологи, травматолог, маммолог, невролог, терапевт, кардиолог ҳамда эндокринолог каби мутахассисларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўригидан ўтказилди.

Шу куни шифокорлар касаллик аниқланган 38 беморга вилоят ҳамда туман шифохоналарида, 110 нафарига амбулатор тартибда даволанишни тавсия этди. 72 нафарига тиббий маслаҳат берилди.

– Иккала сон суягим ва иккита буйрагимдаги қаттиқ оғриқ эркин ҳаракатланишига қўймас эди, – дейди бемор Марзия Юлдашева. – Қўлимиз калта бўлгани учун шифокорлар кўригидан ўтиш ва даволанишнинг имкониятини тополмай тургандик. Ташкилотчилар барака топсин. Мутахассислар тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик амалиёти учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ордер асосида даволанишимга имконият яратиб берди.

Акция иштирокчилари тумандаги Нефтчи маҳалласида ётиб қолган, ўзгалар ёрдамига муҳтож беморлар хонадонида ҳам бўлиб, уларнинг соғлигини кўрикдан ўтказди. Саломатлигини тиклаши учун таклиф ва тавсияларини билдириб, вилоят, туман тиббиёт муассасаларига бепул даволаниш учун йўлланма берди.

 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш