Жаҳон иқтисодиёти ва глобал савдо майдонидаги ҳозирги тенденциялар, айниқса, Қўшма Штатлар томонидан янги божхона тарифлари ва импорт чекловлари жорий этилиши интеграциялашган дунё мамлакатлари ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. хусусан, атиги уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар йўқотилди. Юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, жаҳон инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Пандемия давридагидек дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлиш хавфи давлатлардан тезкор ҳамда оқилона иқтисодий ечимларни жорий этишни тақозо қилаётир. Қийин ва аёвсиз рақобат муҳитида қатор етакчи тармоқлар, жумладан, тўқимачилик, электр техникаси, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноатига зарба етиши мумкинлиги асосли хавотир уйғотмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 18 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шулар хусусида сўз юритилди. Унда дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ҳамда тармоқларга таъсирини камайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми. Оқилона ташқи сиёсат ва қулай инвестициявий муҳит натижасида тадбиркорларимизга янги бозорлар очилмоқда, маҳсулотлар тури кўпаймоқда.
Гарвард университетининг таҳлилига кўра, охирги беш йилда «Иқтисодий мураккаблик индекси»да Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланган. 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз «дунё бозорида рақобат устунлигига эга», деб баҳоланган. Буларнинг натижасида охирги йилларда мамлакатимиз экспорти 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди.
Мамлакатда инвестициялар ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. Шу йилнинг биринчи чорагида 8 миллиард 700 миллион доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоиз кўп) бунинг исботи. Эвазига энергетика, металлургия, кимё, фармацевтика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, коммунал ва ижтимоий соҳаларда кўплаб муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда қўшилган қиймат ва иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Олдинда эса марралар янада катта. Жорий йилнинг ўзида 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиши, 80 дан ошиқ йирик, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳалар амалиётга татбиқ қилиниши кўзда тутилмоқда. Бироқ бундай салмоқли мақсадларга эришиш, юқорида айтиб ўтганимиз – ҳозирги иқтисодий мураккаб шароитда у қадар осон иш эмас.
Йиғилишда Президент бундай вазиятда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил қадам ташлашимиз кераклигига урғу берди.
– Ҳозирги дунё аввалгидек эмас, – деди давлат раҳбари. – Гап тариф ёки уларнинг миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти.
Демак, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш қамровини ошириш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш айни муддао. Шундан келиб чиққан ҳолда, йиғилишда ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан шахсан шуғулланиши шарт экани айтиб ўтилди.
Бунинг учун, табиийки, давлат томонидан зарур ҳуқуқий, ташкилий ва амалий чоралар кўрилади.
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида эркин бизнесни ривожлантириш энг тўғри ёндашув ҳисобланади. Шу маънода тадбиркорларнинг қонуний фаолияти учун имкониятларни кенгайтириш, улар дуч келаётган муаммоларга узил-кесил барҳам бериш, турли бюрократик ва коррупцион тўсиқларнинг олдини олиш даркор. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, бугунги кунда ушбу субъектларда 10 миллион 500 минг одам – жами банд аҳолининг 74 фоизи даромад топиб, рўзғор тебратяпти. Иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири улар ҳиссасига тўғри келяпти.
Ўтган ҳафтадаги видеоселектор йиғилишида Президентимиз тадбиркорларимизни энг кўп ўйлантираётган муаммо – бу стандартлаштириш ва сертификатлаш тизимига оид эканини, эскирган талаблар ва бюрократия бизнес вакилларининг «қўлини боғлаб» қўяётганини таъкидлади. Устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани турли сарсонгарчиликларни келтириб чиқармоқда.
Маълум бўлишича, юртимизда 25 мингдан ортиқ стандарт ва 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига жавоб бермайди. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 минги мажбурий сертификатланади. Бу эса таннархни оширади. Пировардида бундан оддий одамлар чўнтаги зарар кўради.
Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бозор назоратини ҳам олиб бориши, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани танқид қилинди.
Эътиборлиси, шу каби муаммолар таҳлили, ўрганишлар ва ишбилармонларнинг таклифлари асосида Президентимизнинг «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ишлаб чиқариш, миллий маҳсулотлар экспорти ва янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган кўрсаткичларга эришиш мақсадларига йўналтирилган ушбу ҳужжатга кўра, ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш, сертификация ва техник назорат соҳасида ислоҳотларни янги босқичга чиқариш, божхона ва солиқ маъмурчилигига қатор янгиликлар киритиш назарда тутилмоқда.
Яъни, эндиликда техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария-эпидемиология, ветеринария, карантин идораларининг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади.
Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси шуғулланади. Озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормалари «Кодекс Алиментариус» (озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг хавфсизлиги бўйича халқаро миқёсда тан олинган меъёрлар, амалиёт мезонлари, кўрсатмалари ва бошқа тавсияномалар мажмуи)га мувофиқлаштиради. Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхати ҳам қисқартирилиб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади. Асбоб-ускуна, хом ашё, махсус техника, транспорт импортида юртимизда тан олинадиган хорижий сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади. Уларнинг импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.
Шунингдек, Фармонга асосан, энди четдан олиб келинаётган маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади. Шу пайтгача қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилган эди. Энди, 1 июлдан бошлаб, бирорта товарнинг экспортига чеклов бўлмайди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирувчи хом ашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Сўнгги йилларда маҳаллий саноатда қандолат ва салқин ичимликларнинг ўрни ошди. Бу тармоқларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим. Шу боис шакарга акциз бекор қилинади. Қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланади. Натижада қарийб 40 минг одам ишлайдиган қандолат ва салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг йиллик айланмаси камида 50 триллион сўмга етади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бозорларга янги, талабгир маҳсулотлар билан кириши учун шароит яратиш заруратини яна бир бор эслатди. Айрим товарлар бозорларимизга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол келтирилди. Унга кўра, ўзимизда чиқаётган, таннархи 220 долларлик кичик музлаткич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади. Худди шундай турдаги музлаткичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олиняпти. Бошқача айтганда, ўзимизнинг ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўламоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз иқтисодий салоҳияти ошиб борса, бундан фақат ва фақат давлатимиз, халқимиз фойда кўради. Қанча иш ўринлари яратилади, мамлакат қудрати юксалади.
Юқори айтиб ўтганимиз Фармон билан четдан олиб келинаётган товарларни божхона қийматини аниқлаш тартиби халқаро қоидаларга мослаштирилиши, назаримизда, ҳар томонлама мақбул чорадир.
Шубҳасиз, буларнинг бари охир-оқибат мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлайди. Иқтисодий барқарорлик эса ижтимоий ислоҳотлар самарадорлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг негизи ҳисобланади.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 23.4.2025, №16