
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча бўлиб ўтган йиғилишида 15 та қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди. Одатга мувофиқ қуйи палата фракцияларида лойиҳаларни муҳокама қилиш бир кун олдин фракция йиғилишларида бошлаган эди. Бу гал ҳам фракциялар йиғилишлари баҳс-мунозаралар, таклиф ва ташаббусларга бой бўлди.
Жумладан, ЎзХДП фракцияси йиғилишида бир қатор қонун лойиҳаларига аниқ ва асосли таклифлар билдирилиши билан бирга биринчи ўқишда кўриб чиқилган мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектларнинг ҳамда Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини қўмитага қайтаришга овоз берилди. Фракция депутатлари қонун лойиҳасини қўмитага қайтариб, уни такомилига етказиш лозим, деган фикрга келишди. Бир сўз билан айтганда, қонун ижодкорлари ва масъул қўмита лойиҳани ҳимоя қилади, фракция аъзолари эса уни такомиллаштириш, зарур деб ҳисобланган тақдирда ўзгартириш учун ўз таклифларини билдиришади. Яъни, икки томон ҳам ўз позициясини билдиради.
Шу куни мажлисда кўрилган масалаларнинг аксарияти ЎзХДП фракцияси электорати манфаатларига тааллуқли бўлди. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Лойиҳа ижтимоий ҳимоянинг адолатли бўлиши ва ҳақиқатан ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга етиб боришини таъминлашга қаратилган.
Ушбу қонун билан айрим нотариал ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларнинг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига берилиши таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш тўғрисидаги аризалардаги имзолари, агар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ҳақиқийлиги текширилган бўлса, нотариал шаҳодатлаш талаб этилмаслиги назарда тутиляпти.
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ариза берувчиларнинг уларнинг розилиги асосида банк сирини ташкил этувчи маълумотларини ахборот тизими орқали олишга ва ишлов беришга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, жумладан, ҳужжат матнини янада такомиллаштириш, уни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича берилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида лойиҳа матни маромига етказилгани таъкидланди.
Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижтимоий ҳимоя органи томонидан эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш орқали давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзилли йўналтирилишини ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Шу куни «Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ижтимоий хизмат ва ёрдамларни кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомилларни бажармаганлик, ижтимоий ҳимоя органлари ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларини бажармаганлик учун жавобгарликни белгилашни, шунингдек, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларига тааллуқлилигини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича хулоса олишни, шунингдек, ушбу ҳужжатсиз фаолиятни (ҳаракатни) амалга оширганлик ёки мазкур ҳужжатни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олганлик учун жарималар миқдорларини белгиловчи қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Халқ вакиллари лойиҳанинг ҳар бир моддасини бирма-бир муҳокамадан ўтказиб, иккинчи ўқишда қабул қилди.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир масала тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Тан олиш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг йўқотилган банк пластик картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш юзасидан нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилган ишончномани тасдиқлаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.
Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда. Бу эса, ҳуқуқбузарликлар устидан қатъий ва адолатли назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳада реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ИД-карталари), никоҳни қайд этганлик ва туғилганлик тўғрисида такрорий гувоҳномалар берилганда давлат божи ундирилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунга давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар таркибига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳам киритилиб, уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар белгиланмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар, уларнинг вояга етмаган фарзандларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, шунингдек, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшгача бўлган боланинг ногиронлигини аниқлаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ўрнига тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни кўрикдан ўтказиш йигирма календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши, шунингдек, ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмлари, шу жумладан, шахсни тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутиляпти.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилиши, давлат мулки бўлган спорт объектлари ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун истисноларсиз тақдим этилиши белгиланмоқда.
Қайд этиш лозимки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмларини соддалаштириш, ушбу тоифадаги шахсларга ижтимоий ёрдам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хил ёндашув шаклланишига хизмат қилади.
Бир кун аввал ЎзХДП фракцияси қўмитага қайтаришга овоз берган мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектларнинг ҳамда Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам ҳеч қандай ўзгаришсиз йиғилишда муҳокамага қўйилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этиши белгиланмоқда.
Тўғри, қонун биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Лекин ЎзХДП депутатлари қонуннинг концепцияси унинг асосида келтирилган фармондан келиб чиқилмаган, деган хулосага келди. Хусусан, фракция депутати Қизилгул Қосимова сўз олиб қуйидаги фикрни билдирди.
– Мазкур қонунни кеча фракцияда батафсил кўриб чиқдик. Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштирувчилар, қайта ишловчилар, иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини гўёки қамраб олгандай. Агентлик уларнинг ҳаммасини қамраб ола оладими? Бу жойда коррупциявий хатарлар юзага келмайдими? Агентлик ҳам Фермерлар кенгаши ёки Савдо-саноат палатаси бажарадиган функцияларни ўз зиммасига олмоқчими? Яна бир жиҳати қонун кимнинг манфаатига хизмат қилиши аниқ кўрсатилмаган. Шулардан келиб чиқиб, лойиҳани қайтадан кўриб чиқиб, вазифаларни аниқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш тўғри бўлади, деб ўйлаймиз.
Бошқа бир депутат божлар Давлат бюджет даромадларининг асосий қисмини ташкил этишини айтиб, агентлик айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан бирга ўзларини ҳам бождан озод қилишни назарда тутаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, депутат ўтган йиллар давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан биронта даъво аризаси судга киритилмагани, аксинча агентлик томонидан шу кунгача 22 та ариза киритилгани ва улардан бор-йўғи 10 таси қаноатлантирилганини таъкидлади.
Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Лойиҳага 81 нафар депутат маъқуллаб, 32 нафари эса қарши овоз берди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш лозимки, кўпчиликнинг овози устун келди. Шу билан бирга лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қаттиқ ишлаш кераклиги ҳам ҳаммага бирдай маълум бўлди. Кутамиз, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда нималарга эътибор қаратилади, кимларнинг таклифлари қонунда ўз аксини топади.
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 23.4.2025, №16