ЎзХДП Нуробод тумани Кенгаши котибияти мудири Б.Обланов ва тегишли масъуллар иштирокида туманнинг «Лолазор» маҳалласида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси етказиб берилишини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ўрганилди. Бу ҳақида Самарқанд вилоят кенгаши ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум бўлишича, Лолазор маҳалласида 225 та хонадон мавжуд, шундан 122 та хонадон аҳолиси ўз маблағлари ҳисобидан қазилган қудуқлар ва табиий булоқлар орқали ичимлик суви истеъмол қилиб келмоқда. Маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида «Самарқандсувтаъминоти» АЖ Нуробод тумани филиали томонидан келгуси йилларда қиймати 1.5 млрд сўм бўлган 1 та сув иншооти қуриш ҳамда 5 км тармоқ тортиш бўйича давлат дастурига таклиф берилган.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида электр энергиясида мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун СИП-2 (200 метр), СИП-4 (2 км) электр кабелларига ҳамда 1 дона трансформаторга (100) эҳтиёж бор. Аҳолининг ушбу мурожаати ҳам депутат назоратига олинди.
Аҳоли вакиллари бандликни таъминлаш борасида ўз таклифларини билдирди. Гап шундаки, маҳалла ҳудудидаги 50 гектар яйлов ер майдонини тоифасини ўзгартириш орқали қишлоқ хўжалиги ер майдонларига айлантириб ҳудуд иқлимига мос бодом ва узумчилик ташкил этиш учун 1 гектар ҳамда 0.5 гектар ўлчамларда аукцион савдоларига чиқариш орқали 100 нафарга яқин фуқароларнинг доимий бандлиги таъминланишига эришилади.
Ҳудуд аҳолиси депутатга яна бир қатор масалаларда мурожаат қилди. Ўзларини ташвишга солаётган муаммоларда амалий ёрдам сўради. Ҳар бир мурожаат депутат назоратига олиниб, тегишли тартибда ҳал қилинадиган бўлди.