
Тошкент шаҳри яна бир муҳим саноат тадбирига мезбонлик қилмоқда — ИННОПРОМ Марказий Осиё V-Халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу тадбир нафақат минтақа давлатлари, балки бутун дунё саноат ва иқтисодий ҳамжамияти учун катта аҳамият касб этади.
ИННОПРОМ кўргазмаси — халқаро саноат соҳасидаги энг нуфузли платформалардан бири бўлиб, Марказий Осиё минтақасидаги саноат, инновация ва технологияларни ривожлантириш, ҳамкорликни кучайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш учун хизмат қилади. Тадбирда асосий эътиборни саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, энергетика, машинасозлик, кимё ва фармацевтика соҳаларига қаратилган.
Бу йилги кўргазмада 15 дан ортиқ давлатдан 400 га яқин компания ва ташкилотлар иштирок этмоқда. Унда Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 10 мингдан ортиқ делегатлар ҳамда етакчи компаниялари ўз стендлари билан иштирок этмоқдалар.
ИННОПРОМда иштирок этаётган компаниялар ўзининг энг янги ишланмалари, саноат ускуналари, илғор технологик ечимлари ва экспорт маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Кўплаб делегациялар ўз давлатларининг саноат салоҳиятини очиб бериш мақсадида махсус тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган.
Кўргазма доирасида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши, яъни хусусий сектор ва давлат ташкилотлари ўртасида янги ҳамкорлик меморандумлари, инвестиция шартномалари тузилиши, қишлоқ хўжалиги техникаси, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик бўйича катта келишувларга эришиш кўзда тутилган.
Шунингдек, тадбир давомида бизнес-учрашувлар, семинар ва панель муҳокамалар ташкил этилиб, улар орқали компаниялар ўзаро тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имкониятига эга бўладилар.
ИННОПРОМ Марказий Осиё кўргазмаси инновацияларнинг намойиши учун самарали платформа ҳисобланади. Қатнашчилар янги робототехника ечимлари, сунъий интеллект асосида ишловчи саноат тизимлари, «ақлли фабрикалар» концепцияси ва саноатда рақамли трансформациянинг амалиётдаги намунаси билан танишмоқдалар. Бундай илғор технологиялар Ўзбекистон ва бошқа минтақа давлатларининг иқтисодий ўсишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ИННОПРОМ Марказий Осиё V-Халқаро саноат кўргазмаси бир неча жиҳатдан ўзини ўзи оқлаши шубҳасиз, у нафақат минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки саноат соҳасида янги истиқболли лойиҳалар учун пойдевор яратади.
Бугунги глобаллашган дунёда бундай тадбирлар халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, технологик тараққиётни тезлаштириш ва миллий иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
ИННОПРОМ Тошкент кўргазмаси бунинг ёрқин намунаси бўлмоқда ва унда иштирок этган ҳар бир давлат ҳамда компания келгуси йиллар учун муҳим тажриба ва имкониятларга эга бўлади.
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси,
Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва
саноат масалалари қўмитаси аъзоси.