
Тиббиёт ривожланса, одамларнинг ҳаётдан розилиги ортади. Жонимиз оғриса, касал бўлсак, яқинларимиз оғриб қолса шифокорга чопамиз. Бир жойдан шифо топсакку, хўп-хўп, агар шифохонама шифохона сарсон бўлсак, мутахассисга учрашиш учун кунлаб ойлаб навбат кутсак, ундан ёмони йўқ. Бугун соҳага қаратилаётган эътибор ана шундай муаммоларнинг олдини олади, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш билан бирга, хизмат сифати яхшиланишига сабаб бўлади. Илгари айниқса, тиббиёт ходимларнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши борасида бу даражадаги ижобий ўзгаришлар кузатилмаган эди.
Президентимизнинг тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилиши бунга тўла асос бўлади.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги бир қатор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Хусусан, соҳанинг бирламчи бўғинини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт ходимларининг билимини ва даволаш сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Аҳоли қамрови, касалликлар таҳлили ва мурожаатлар туридан келиб чиқиб, янгича иш тартиби белгиланди. Ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳаси тубдан такомиллаштирилмоқда.
Аввало, бирламчи бўғин ислоҳ қилинади, тизимда катта ўзгаришлар бўлади. Масалан, эндиликда тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилади. Булар бежиз эмас, албатта. Одатда, одамлар миллий тиббиётнинг даражасига бирламчи бўғинга қараб баҳо беради. Чунки бу бўғин бевосита одамлар ичида ишлайди, уларнинг кайфиятига ё яхши, ё ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.
Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланди ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади. Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади.
Бундан буён бирламчи бўғинда ярим ёки 0,25 ставка бўлмайди. Барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди. Умуман, тумандаги маҳалла ва оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил қилинади.
Тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилади. Барча тор соҳа мутахассислари шу ерда ишлайди.
Ушбу вазифаларнинг замирида жуда кенг ва чуқур маъно бор, албатта. Албатта, юртимиз тиббиётидаги бундай ижобий ўзгариш ва янгиланишлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббиётни халққа яқинлаштириш ва кадрлар масаласи билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади. Оддий тилда айтганда, эндиликда бирламчи тиббиёт бўғини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган кучли тизимга айланмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури бошланишини эълон қилди. Дастурда ҳокимлар тиббиёт муассасаларида «она-бола» хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул бўлади.
«Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашади», — деди Президент. Бунга ҳар бир вилоят ҳокими 10 миллиард сўмдан ажратади.
Мутасаддиларга бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиш, тўқсон кун натижаси бўйича президентга батафсил ҳисобот бериш топширилди. Демак, ҳар жиҳатдан соғлом жамиятни ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки соғликнинг асоси бу аввало, маданиятдир.
Шунингдек, ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилмоқда. Масалан, ногиронликни белгилашда ВКК — врачлик-маслаҳат комиссиялари деган коррупцион тизимдан тўлиқ воз кечилиши белгиланди. Эндиликда ногиронлик оилавий шифокор расмийлаштирган ҳужжат асосида тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан белгиланади. Шу билан бирга, касалликларни барвақт аниқлаш ва асоратларини камайтириш бўйича ҳам янги маҳаллабай тизим бўлади.
Кўриниб турганидек, эндиликда ногиронликни белгилашнинг самарали механизмлари ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизими такомиллаштирилмоқда.Ногиронликни белгилаш жараёнида коррупцияни камайтириш ва шаффофликни оширишга эътибор қаратиляпти. Бу орқали давлат бюджети маблағи тўғри йўналтирилади, яъни ногиронлиги бор фуқаро ногиронлик нафақасини олади.
Умуман олганда, бугун тиббиёт тизими катта ўзгаришлар остонасида турибди. Энг муҳими, буларнинг замирида халқимиз розилигига эришиш мақсади мужассам. Шу тариқа тизимдаги муаммоларга ечим топилади, мамлакат тиббиётини янги сифат босқичига олиб чиқиш борасидаги ишлар янада жадаллашади.Биз ҳам ушбу вазифаларнинг самарали бажарилиши устидан доимий равишда парламент назоратини олиб боришимиз, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришимиз керак. Чунки энг катта бойлик халқимиз саломатлигидир.
Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.