
Кейинги йилларда Сирдарё катта ислоҳотлар майдонига айланди. Азим Сайхун дарёси соҳилларидаги сўлим бу воҳа мамлакатимизнинг марказида жойлашгани учун шарқий ва ғарбий вилоятларни бир-бири билан боғлаб туради. Аҳоли сони камлиги ва ҳудудининг кичиклигига қарамай, ушбу вилоят ўзининг географик жойлашуви ва бир қатор хусусиятлари билан мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди.
Сирдарё республиканинг иккита томонидан икки давлат билан чегарадош бўлган учта вилоятидан биридир. Пойтахтимизга яқинлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун етарли хом ашё базаси мавжудлиги, саноат ривожи, қулай инфратузилма объектлари билан ҳудуд катта салоҳиятга эгалигини яққол кўрсатиб турибди.
Бугун вилоятда партиямизнинг 54 нафар депутати бор. Шундан 9 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати бўлса, 45 нафари туман ва шаҳар Кенгашларидаги вакилларимиздир. Аъзоларимиз сони 35 минг нафарга яқин, бошланғич партия ташкилотлари 509 тани ташкил этади. Вилоятдаги бугунги ўзгариш ва янгиланишларда уларнинг ҳиссаси борлиги биз учун қувончли, албатта.
Англаганингиздек, маҳаллий Кенгашлар учун ажратилган саҳифамизнинг бу галги меҳмони ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Шерали Мамадецоев бўлди. Суҳбатдошимиз саволларимизга ўз нуқтаи назари, кузатувлари ва фаолиятидан келиб чиқиб жавоб берди.
– Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?
– Вилоятимизда мамлакатимиз аҳолисининг 2,5 фоизи истиқомат қилади. Сирдарё табиий географик ҳолати ва топонимиясига кўра, бошқа вилоятлардан катта фарқ қилади. Чунки, бу ҳудуднинг уникал жиҳатлари бор. Шунинг учун ҳам охирги йилларда вилоятимиз катта воқеалар, муҳим тажрибалар марказида турибди. Ишонинг, бугунги Сирдарё кечаги Сирдарё эмас!
Барча соҳалардаги, энг муҳими, одамлар онги ва дунёқарашидаги ўзгаришлар янги Ўзбекистон, ўзгараётган Сирдарёнинг хақли равишда янги тарихи бошланганидан дарак беради. Ислоҳотлар шиддатига мос равишда партия ташкилотларимиз ва депутатлар ҳам фаоллашмоқда.
Ҳудудларда билимли, салоҳиятли депутатларимиз жуда кўп. Депутатлик гуруҳлари халқнинг фикри ва муаммоларини, хоҳиш-истакларини яхши билиш, мурожаатларини эшитиб, уларни ҳал этишда шижоатли ва ташаббускор бўлишга жон-жаҳди билан киришган.
Сўнгги пайтларда маҳаллий вакиллик органлари функцияларининг тизимлаштирилиши, хусусан, жамоатчилик назоратига оид ваколатларнинг аниқ белгиланиши Кенгашларнинг, депутатларнинг ва жойлардаги партия ташкилотларининг режали ва самарали фаолият юритиши, сифатли қарорлар қабул қилишларига ёрдам бермоқда.
Масалан, ҳар бир маҳаллий Кенгашда аҳолининг муаммолари ва эҳтиёжларини аниқлаш учун жамоатчилик фикрини ўрганиш ва муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилган.
Ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларда парламент ва депутатлик назорати олиб бориляпти. Кейинги пайтларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг марказий нуқтасига чиқаётган муҳим соҳаларга оид қатор масалалар сессиялар кун тартибига киритилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашмоқда.
Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларимиз томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида 75 дан ортиқ депутатлик сўровлари жўнатилди. Бу сўровларнинг 65 таси ижобий ҳал этилди.
Партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қошида ташкил қилинган жамоатчилик қабулхоналарига 130 тага яқин мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарият қисми ижобий ҳал қилинди.
Улар асосан, коммунал соҳа, бандлик, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида ололмаслик, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, таълим, банк кредити ва бошқа масалалар юзасидандир.
Кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани депутатлик назоратини олиб бориш давомида янада яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижроси, яъни, рўёбини билиш учун кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш керак. Муҳими – мана шу ишни сидқидилдан бажаришда.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида депутатларимиз томонидан сессияга 9 та масала киритилган. Уларнинг ижроси бўйича доимий депутатлик назорати ўрнатилган. Сессияда қабул қилинган қарорлар ижросини ҳар ой алоҳида йиғилишда кўриб чиқамиз. Вилоят, туман-шаҳар депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда партия кенгашлари ҳамкорлигида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Кўзга кўринарли муҳим ташаббусларга тўхталадиган бўлсам, биз бир қатор лойиҳаларимиз билан маҳаллаларга, сайловчилар орасига кириб боряпмиз, улар билан елкама-елка туряпмиз.
Масалан, вилоят партия кенгаши томонидан ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича 100 дан ортиқ лойиҳалар, форумлар ўтказилди. Жумладан, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш мақсадида «Сафимиздаги ёшлар» лойиҳаси, «Депутат ва ёшлар» форуми, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови, шунингдек, йигит-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтиришга қаратилган 20 дан ортиқ пресс-клублар ташкил қилинди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида «Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ойлиги», «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунар ўрганишга жалб этиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоядан - ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасида 50 дан ортиқ тадбирлар амалга оширилди.
– Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?
– Шубҳасиз, партиямиз кенгаши ҳозирги кунда бир қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб, ижтимоий адолат ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатмоқда. Биз аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, мурожаатларни ҳал этиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва маҳаллий муаммоларни ҳал этиш борасида катта саъй-ҳаракат қиляпмиз.
Албатта, ишимиздан қониқадиган жиҳатлар жуда кўп. Аммо бу барча ишлар рисоладагидек дегани эмас. Янада фаол ишлаш, катта-катта ташаббуслар билан чиқиш учун ишга солинмаган имкониятларимиз бор, шундан унумли фойдаланишимиз керак. Сиёсий ташкилот сифатида доимо ўз фаолиятимизни таҳлил қилиб, ривожланиш йўлларини излашимиз зарур.
Партиямиз аъзолари сонини кўпайтириш борасида йилдан-йилга ошиб бораётган тенденция кузатилса-да, аммо умумий сайловчилар сонига нисбатан олганда бу етарли эмас.
Масалан, айтайлик, партиямиз аъзолари сони 2019 йилда 19 765 нафар бўлган бўлса, ўтган вақт мобайнида 14877 нафарга ёки 75 фоизга ортиб, 2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига 34 642 нафарни ташкил этмоқда. Аммо бу вилоятдаги умумий сайловчилар сонининг атиги 6,4 фоизини ташкил этади. Айниқса, партиялар учун ҳамиша муҳим сиёсий тадбир бўлган сайловларда бу муаммо яққол сезилади.
Шу билан бирга, партиямиз сафини ошириб боришда фақат сон эмас, сифатдан жиҳатдан ҳам ўсишга алоҳида урғу беришимиз кераклигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Шунинг учун ҳам жорий фаолиятимизда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларини, халқ орасида обрў қозонган жамоатчилик фаолларини партия сафига қабул қилишга кўпроқ эътибор қаратяпмиз.
Йўл қўйилаётган асосий хатолардан бири – ташаббусларнинг фақат «қоғозда» қолиб кетишида, деб ўйлайман. Тўғри, партия томонидан кўтарилган муаммолар бўйича жиддий таҳлил ўтказилса-да, уларни амалга ошириш механизми етарлича ишлаб чиқилмаяпти. Масалан, партия депутатлари маҳаллий Кенгашларда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўплаб таклифлар билан чиқади, сессия қарорларини қабул қилади, лекин уларни амалга ошириш учун етарли назорат тизими ёки ижро механизмлари мавжуд эмас. Бу эса ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилишида сусткашликка олиб келади.
Сўзимнинг бошида таъкидлаганимдек, ҳозир Сирдарё катта ислоҳотлар майдонига айланган. Ҳар бир ҳудуднинг меҳнат салоҳияти, аҳолининг талаби, жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб, инвестицион лойиҳалар устида ишланмоқда. Биз ҳам бу жараёнда фаоллик кўрсатишимиз керак. Чунки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ҳолатидан келиб чиқиб амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватласак, бу орқали янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшамиз.
Бундан ташқари, жамоатчилик ва депутатлик назорати орқали норасмий иш ўринлари салмоғини камайтириш, яширин иш ўринларини легаллаштириш ва бу орқали электоратимиз вакиллари, ёшларнинг бандлик кафолатларини қанчалик кўп таъминласак, уларнинг партиямиз ва унинг дастурига бўлган ишончини орттирамиз.
– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларга тўхталдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз. Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?
– Дарҳақиқат, партиянинг жамиятдаги нуфузини ошириш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалалардан бири. Чунки келажакдаги сайловлар натижаларига бу жиддий таъсир этади. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда бир қатор чора-тадбирларни ишлаб чиққанмиз.
Хусусан, халқ билан мулоқотни кучайтириш, партиянинг фаолияти ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор қилиш, қарорлар қабул қилиш жараёнида, муҳим масалалар бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, бунда халқнинг фикрини эшитиш ва ҳисобга олишга алоҳида урғу бермоқдамиз.
Шунингдек, ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган лойиҳаларни кўпайтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жумладан, ўтган 2024 йил мобайнида «Сафимиздаги ёшлар» ҳамда «Ёш сиёсатчилар мактаби» лойиҳалари доирасида 108 та тадбир ўтказилиб, уларда 3730 нафар ёшлар қамраб олинган ва 2765 нафар ёшлар партия сафига қабул қилинган.
Юқорида айтиб ўтганимдек, партиямиз аъзолари сони сайловчилар сонига нисбатан 6,4 фоизни ташкил этади.
Шунинг учун ҳам келгуси фаолиятимизда партия сафини кенгайтириш, сайловчилар меҳрини қозониш, аҳолига янада яқинлашиш бўйича катта лойиҳаларни режалаштирганмиз. Асосий мақсадимиз мазкур лойиҳаларни самарали амалга ошириб, йил якунигача партиямиз аъзолари сонини кўпайтиришдир.
Тараққиётнинг ҳозирги босқичи партия зиммасига нафақат ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, балки уларни амалга оширишда фаол иштирок этиш вазифасини юклайди.
Депутатлик бирлашмалари ва партия ташкилотлари фаолияти маълум мурожаатларни ҳал этиш билан бирга, ҳудудларда партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро ҳолати ҳақида аниқ хулосани шакллантириши керак, деб ўйлайман.
Шу муносабат билан фаолиятимизнинг барча даражасида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни режалаштирганмиз. Бу орқали маҳалла, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий ривожланиш ҳолатини тизимли равишда мониторинг қилишни мақсад қилдик.
Шунингдек, партиямиз ғоялари тарғиботини таъсирчан усулларда олиб боришимиз керак. Сайловолди дастуримизда катта ғоялар ўрин олган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган яхши ташаббуслар илгари сурилган, одамларимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Улар шунчаки гап эмас, электорат, халқимиз, жамият ва давлатнинг эртанги кунини янада яхшилашни кўзлаган аниқ мақсад-муддаолардир. Ҳозир жойларда дастур ижросига қатъий ва жиддий киришилган. Ана шу жараёнда ҳар бир фаолимиз ўз таклифи ва иштироки билан қатнашса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Дастурий ташаббуслар, таклифларимизни оддий, тушунарли тилда, ҳаётий мисоллар орқали халқимизга етказишимиз керак. Яна бир масала, партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур. Бу соҳаларни чуқур ўрганиш, таҳлил ва таклифлар кўпайиши учун хизмат қилади. Менинг фикримча, ваъдадан кўра, амалий ҳаракатлар ва натижалар муҳимроқ.
Умуман олганда, камчиликлар устида ишлаб, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари нуфузини ошириш бўйича қатъий режаларимиз бор. Имкониятларимиз кўп, ваколатларимиз ҳам етарли. Ишонаманки, режаларимизнинг барчаси амалий натижаларимизда акс этади. Энг муҳими, халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмасликка ҳаракат қиламиз.
***
Тўғри, амалга оширилаётган эътиборга молик ишлар кўп, лекин жараён тўхтаб қолмаслиги, вақт ўтгани сари изчил тус олиши керак. Биз ҳам сирдарёлик фаолларимиз ва депутатлардан бундан кейин ҳам кўзга кўринарли ташаббусларни кутиб қоламиз.
«Ўзбекистон овози» мухбири
Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.
«Ўзбекистон овози», 21.5.2025, №20