Бугунги кунда коронавирус балоси ер юзини қамраб, ажал ваҳимасини солмоқда. Одамзот пайдо бўлибдики, бошидан нималар кечмаган. Зилзилар, довуллар, сув тошқинлари булар ҳам етмагандек, уруш-низолар, очарчилик, қаҳатчилик... Фалокат оёқ остида, деб бежиз айтишмайди. Аҳли башар бошига тушадиган бу кулфатлар доимо соядек эргашиб юради. 1823 йилдан то 1925 йилгача биргина Россияда 55 маротаба вабо эпидемияси қайд этилган. 1892 йил ёзида Жиззахда, Тошкентда бу ўлат кўп кишининг ёстиғини қуритган. Лекин XIVасрда Осиё, Европа ва Африка қитъаларига ҳуруж қилган ўлат эпидемияси чинакамига “Буюк деприссия” ни келтириб чиқарган, миллионлаб кишилар ўлимига сабаб бўлган эди.
“Буюк деприссия”нинг мухтасар тарихни билиб қўйишимиз, нима учун муҳтарам Президентимиз қаттиқ жон куйдираётгани, эпидемияни дафъ қилиш учун барча имкониятларни сафарбар этаётганлиги, қатъий интизомга даъват этаётганлиги, давлат ғазнасидан 10 триллионлаб маблағ ажратаётганлиги сабабларини чуқур англашимизда асқотади, дея ўйлайман. Англамаслик оқибатлари эса тузатиб бўлмайдиган даражада хунук оқибатларга олиб келади. Бу-исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Йирик антрополог олим Джек Уэзерфорднинг “Чингизхон ва ҳозирги замон дунёсининг туғилиши” (2018й) китобида келтирилган далиллар билан танишайлик. Қарийб 700 йилдан сўнг коронавирус-ўлатнинг бир тури жаҳонни ларзага солади, деб ким ўйлабди. Тарихнинг такрорланишими ёки кишилик қисматининг ёзуғи шундайми? 1332 йилда Хитой жанубида вабо тарқалади. Эрталаб соғ юрган одамнинг куннинг ярмига бориб, иситмаси чиқиб кетади, қайт қила бошлайди, ичи кетади. Қон қуюқлашади, қовуқ ва чотда, қўлтиқ остида яра, шиш пайдо бўлади. Хасталик оқибати тезкор ўлимга олиб боради. Муаллифнинг айтишича, бу хасталикнинг яна бир тури бўлиб, унда ўпка яллиғланиши, нафас ололмаслик, акса уриш, йўтал бўлиши кузатилган. 1332 йилда тарқалган вабонинг турдоши ҳозирги коронавирус эмасмиди? Уни юқтирган киши ҳаво ва контакт, йўтал орқали бошқаларни ҳам шу дардга мубтало этган.
1338 йилга келиб, вабо хуружи Хитой сарҳадидан ўтиб, Ўрта Осиё ва Европага ҳам етиб боради. Худди бугунда ҳам авжи баланд ҳолда Италияда давом этаётган эпидемия ўша пайтда шаҳар-қишлоқларнинг ҳувиллаб қолишига олиб келган. Бу воқеа 1348 йилда содир бўлади. Қироллар вабога қарши воситада ожиз эдилар. Милан шаҳрида касалга чалинган уй барча одамлари билан ихота қилиниб, эшик ва деразалари ёпилиб, михлаб ташланган. Бошқа манзилларда эса, черков қўнғироқлари тўхтовсиз чалиниб турилган.
Джек Уэзерфорд XIV асрдаги глобал вабонинг сабабини бурга ва каламушларга боғлиқ бўлган, дейди. Бу зараркунандалар, хашоратлар эса савдо карвонлари орқали жанубдан шимолга борган. Катта талофатлардан сўнг буни аниқлаган давлатлар савдо ва барча алоқаларни тўхтатиб қўядилар.
“Буюк деприссия”- XIV аср вабо эпидемиясидан икки аср ўтиб, Америка қитъасида ҳам бу юқумли ўлат юз беради. Вабо қутирган йилларда Африка аҳолиси 80 миллиондан 68 миллионга тушиб қолади. Осиёда эса 238 миллион жон сонидан 37 миллиони ҳаётдан кўз юмади. Америка қитъаси ҳам 450 миллионлик кўрсаткичдан 350-375 миллион даражасига тушиб қолади. Европа 75 миллион нуфусдан 52 миллионга камаяди.
500-700 йиллар аввалги бу рақамлар кишини бугун ҳам қайғуга солади. Джек Уэзерфорднинг фикрларини араб сайёҳи ва олими Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”(2012й) асари ҳам тасдиқ этади. Ибн Баттута китобида “Дамашқдаги буюк вабо ҳикояси” деган лавҳасида шундай ёзади: “Етти юз қирқ тўққизинчи (милодий 1348) йилнинг раби ус-соний ойи охирларида Дамашқда буюк вабо тарқалган пайтда... Султоннинг ноиби малик ул-умаро Арғун шоҳ жарчига Дамашқ аҳлига: “одамлар уч кун рўза тутсинлар, ҳеч ким бозорда кундузи ейиладиган нарса пиширмасин” – деб жар солишни буюради... Амирлар, ашрофлар, қози ва бошқа турли табақадаги одамлар жомега(масжид) ғуж-ғуж бўлиб йиғилиб, жума кечасини намоз, зикру дуода ўтказдилар. Кейин бомдод намозини ўқиб, ҳаммалари оёқда тик турганча қўлларида Қуръонни ушлаб чиқдилар. Амирлар ялангоёқ ҳолда, шаҳарнинг барча аҳолиси, эркагу аёл, ёшу қари, яҳудийлар тавротлари билан-барчалари йиғилган ҳолда, Аллоҳ таолага китоблари ва пайғамбарларини васила қилиб тазарру билан Ақдом масжидига бордилар, заволга қадар ўша ерда туриб, кейин шаҳарга қайтдилар ва жума намозини адо этдилар. Аллоҳ таоло шунда балони улардан енгиллатди. Ҳолбуки, бир кунда ўлганлар сони икки минг кишига етган эди”.
Табиийки, бу ёруғ оламда бир иш Аллоҳ таоло изнисиз содир бўлмайди. Гуноҳ ва хатолар бандаларда: фоҳиш, диёнатсизлик, манфаат, пора, уруш-низо, адолатсизлик, ҳасислик, туҳмат, муросасизлик... Нима бўлганда ҳам, инсоният катта синовни бошдан кечираяпти. Коронавирусдан вафот этганлар сони дунё бўйича 50000 дан ошиб бораяпти. Раҳматки, мамлакатимизда унга қарши бор имкониятлар кўрилаяпти. Президентимизнинг мурожаати халқимиз руҳиятини кўтарди. Белгиланган чоралар оғишмай амалга оширилса, ҳамжиҳатлик, жипслик, диёнат, эътиқод юракдан бўлса, Аллоҳ таоло меҳрибондир, балони элимиздан, жаҳондан кўтаради.
Эҳсон-хайрия, садақа-радди балодур дейишади. Назаримда, ҳамжиҳатлик, бирдамлик, айтилганга риоя қилиш ҳам балони қайтаради. Давлатимиз ғазнасидан камбағалларга, етим-есирларга, қарияларга хайр-эҳсон учун махсус маблағлар ажратилмоқда. Саховатпеша инсонларимиз ҳам ўз имкониятлари даражасида хайр-эҳсонлар қилмоқда. Ибн Баттута зикр этгани каби Аллоҳ таолодан бу балони юртимиз ва жаҳондан дафъ қилишни сўраб дин пешволаримиз хатми Қуръон тиловат қилмоқдалар. Яхши ниятлар ила бу балодан қисқа фурсатларда фориғ бўламиз, деган умиддамиз.
Олим РАВШАНОВ,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.