Самарқандлик фаолларимиз нималар билан банд?
Самарқандлик фаолларимиз нималар билан банд?

 

СамарқандЕр юзининг сайқали, цивилизациянинг қадимги ўчоқларидан бири. Бу вилоят Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятига эга ҳудудларидан саналади. Географик жиҳатдан жойлашуви, табиий ва маданий ресурсларга бойлиги, иқтисодий имкониятлари билан ҳам Ўзбекистонда етакчи ўринда туради.

Президентимиз ташаббуси билан бугун вилоятда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар обод қилиниб, бутун жаҳондан келадиган меҳмон ва сайёҳларнинг ҳавасини тортмоқда. Хуллас, бугун Самарқанд ҳаётига назар ташласак, жойларда ҳаёт қайнаётгани, янгиланиш ва ўзгаришлар ортаётганига амин бўласиз.

Ана шундай муҳим паллада вилоятдаги партиямиз маҳаллий кенгашлари нималар билан машғуллигига қизиқдик. Шу мақсадда ЎзХДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Бадриддин НАСРИЕВни суҳбатга чорладик.

 

– Маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Бугун вилоятда партиямиз аъзолари сони 92 минг нафардан ортди. Бошланғич партия ташкилотлари 852 тани ташкил этмоқда. Вилоятда бўлаётган бугунги бунёдкорлик ишларида уларнинг ҳам ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради, албатта.

Халқ демократик партиясидан 2024 йилда бўлиб ўтган сайловда маҳаллий Кенгашларга 95 нафар депутат сайланди. Уларнинг 10 нафари вилоят кенгаши депутати бўлса, 85 нафари туман (шаҳар) кенгашлари вакилларидир. Бугунги кунда депутатларимиз ўз ваколатларидан самарали фойдаланиб, аҳолининг муҳим муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.

Масалан, партиямиз ташкилотлари ва депутатларимиз томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида ЎзХДП Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга оширишга жиддий эътибор берилди. Сайловчилар билан мулоқотни кўпайтириш, жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш, ижро органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Депутатларимиз томонидан сайловчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ҳамда жойлардаги учрашувларда кўтарилган масалалар, сайлов округларидаги ўрганишларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича мансабдор шахсларга жами 187 та депутатлик сўрови юборилди. Уларнинг 157 таси бўйича ижобий натижага эришилди. Қолганлари назоратимизда турибди.

Депутатларимизнинг округларидаги фаолияти давомида 647 маротаба учрашувлар ўтказилиб, 4 мингга яқин фуқаро билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилди. 3 минг 394 та мурожаат ва муаммоларга аниқлик киритилиб, қонуний ечими кўрилди.

«Депутат маҳаллада» лойиҳаси асосида 833 маротаба сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилди. Сайёр қабулларда фуқаролар томонидан 5 мингдан ортиқ масалалар кўтарилди. Аниқланган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида 251 та депутатлик сўрови юборилди. Мансабдор шахсларнинг 38 марта ҳисоботлари эшитилди.

Муҳими, бу орқали одамларни қийнаб келаётган қанчадан-қанча масалалар ечим топадиган бўлди. Албатта, мурожаатларнинг кейинги «тақдири» билан қизиқиш ҳам муҳим ва асосий жараён саналади. Бунда эса биз, депутатлар фаоллик ва зийракликни бой бермай, назорат ўрнатишимиз зарур, деб ўйлайман.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатларнинг амалий ишлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Энг муҳими, ижтимоий адолат ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатяпмиз. Биз аҳоли билан мулоқотни кучайтириш орқали маҳаллий муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратяпмиз. Албатта, бу йўлда тўхтаб қолиш керак эмас, ҳар доим ўзгаришлар, янгиланишлар томон юриш зарур.

Агар ҳақиқий ўзгаришларга эришмоқчи бўлсак, сиёсий фаолиятни аниқ натижалар билан боғлашимиз ва партиявий ечимларни амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамлашимиз шарт.

 

– Шахсан ўзингиз вилоят партия кенгаши ишидан тўла қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?

– Аввало, айтмоқчиманки, партиямизнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўрни ва салоҳияти бор. Бунинг асосий сабаби, маҳаллий Кенгашларга аксарият салоҳиятли ва фаол шахсларнинг депутат этиб сайланганидир.

Эътиборга молик ишлар кўп, албатта. Аммо бу соҳада барча ишлар рисоладагидек, дегани эмас. Айрим масалаларда камчиликларимиз ҳам бор. Юқорида таъкидлаб ўтдим, бугун вилоятда партиямизнинг 95 нафар депутати фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам бирдек фаол ва ташаббускор, дейиш нотўғри.

Бугун ҳудудларда ўзгаришлар катта, ислоҳотлар кўлами кенг. Депутатлар ҳам шунга яраша фаол бўлиши, ўзгаришларга тайёр туриши керак, деб ўйлаймиз. Бу кўпнинг вакили учун муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Айтайлик, партиянинг амалий Ҳаракат дастурида партия гуруҳларига юклатилган вазифаларга эътиборсиз қараб келаётган партия гуруҳлари ҳам бор. Партиямиз депутатлари Дастур ижросига жиддий киришса, жойларда одамларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни изчил ўрганса, камчиликларни очиқ-ойдин таҳлил этса, кўп муаммолар ечилади, эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг оғири енгил бўлади, деб ўйлаймиз.

Аксарият ҳолларда партия гуруҳлари масалани муҳокамаларга олиб чиқиш билан чекланиб, қабул қилинган қарорлар ижроси назоратсиз қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Ваҳоланки, энг муҳими, эришиладиган натижадир. Ўз ишига виждонан ёндашадиган депутат эртага сайловчилар ҳузурига нима деб бориши ҳақида ҳам ўйлаб кўради.

Биз сайловолди чиқишларимизда сайловчиларга кўп ваъдаларни берганмиз. Буни бажариш учун тинмай ҳаракат қилишимиз, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун фаолиятимиз самарадорлигини оширишимиз керак. Излаган имкон топади. Демак, янги имкониятларни ишга солишимиз, фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, ривожланиш йўлларини топишимиз зарур.

Партиямиз аъзолари сонини кўпайтириш бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳам ҳали етарли эмас. Шундан келиб чиқиб, обрў-эътиборга эга, халқ орасида ҳурмат қозонган фаолларни кўпроқ жалб этиш чораларини кўряпмиз.

Яна бир масала. Жойларда ўтказилаётган айрим тадбирларимиз қайсидир маънода юзаки, ҳисобот учундек, гўё. Сир эмас, аксарият туман (шаҳар) кенгашлари, депутатлар жойларда номигагина тадбирлар ташкил этаётгани, аҳоли ўртасида бундай тадбирларнинг самара бермаётгани бор ҳақиқат.

Кейинги хатолардан бири бу назорат тизими етарли йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. Партия кенгаши, депутатларимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Сессияларга масалалар киритилмоқда, таклифлар берилмоқда, ташаббуслар билан чиқилмоқда. Бироқ назорат тизими бўлмаганлиги боис, бундай ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тўлақонли якунига етмай қоляпти.

Мазкур ишларни амалга ошириш мақсадида вилоят кенгашининг «Ҳаракатлар дастури» ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Дастурда бошқа партияларникидан фарқли равишда нуронийлар, пенсионерлар учун алоҳида ташаббуслар белгиланган бўлиб, кексалар учун «Саломатлик боғлари»ни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Энди саволингизни иккинчи қисмига келадиган бўлсак, биринчидан, агар депутатлар жойлардаги фаолиятини кучайтирса ва аҳоли билан тизимли ишласа, партиянинг таъсирчанлиги ортади. Иккинчидан, агар сайловчилар мурожаатлари тўлиқ ҳал этилса, партияга бўлган ишонч ортган ҳолда, электорат муаммолари ечилади.

Энг асосий вазифаларимиздан бири партия ғоялари тарғиботини таъсирчан усулларда олиб боришдир. Ҳозир жойларда Ҳаракат дастури ижросига жиддий киришилган. Агар ҳар бир депутат, партия фаоли ўз таклифи ва иштироки билан қатнашса, олдимизга қўйган мақсадга, албатта, эришамиз, деб ўйлайман.

 

– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларни санаб ўтдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Шунингдек, юқорида сиз санаб ўтган муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?

– Бугун мамлакатимизда одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳаётини ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий қулайликларни барпо этиш, бир сўз билан айтганда, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш бош мақсад қилиб белгиланган.

Биз ана шу мақсадга эришиш учун қатор амалий ишларни режалаштирганмиз. Электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларда назорат-таҳлил ишларини олиб бориш ҳаракатидамиз. Хусусан, инклюзив таълим, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларга яқиндан ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш юзасидан аниқ манзилли чора-тадбирлар режасини тасдиқладик.

Юқорида айтиб ўтганимдек, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган амалий Ҳаракат дастурида бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, қурилиш, уй-жой, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид 271 та масала қамраб олинди.

Ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилади. Депутатлар томонидан фуқаробай, хонадонбай аҳоли муаммолари ўрганилади, сайёр қабуллар уюштирилади.

Аҳолини ўйлантираётган йўл таъмирлаш, электр энергияси, сув таъминоти, янги иш ўринларини яратишга оид тизимли ишлар амалга оширилади.

Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ва тушунтириш, партиянинг жамиятдаги ижобий имижини яратиш мақсадида тарғибот, ташвиқот тадбирлари ташкил этилади.

Айни дамда бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда. «Депутат маҳаллада», «Соғлом она – соғлом оила», «Маҳаллада ижтимоий хизмат», «Сафимиздаги ёшлар», «Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари», «Тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятлар», «Аёлларга кўмак» «Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш» каби лойиҳалар амалга ошириляпти.

Муаммолар бор ва уларни бирданига тўлиқ бартараф этиш осон эмас. Лекин партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш учун бор куч-имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланган ҳолда қатъий ҳаракат қилишимиз лозим.

Депутатлик бирлашмалари ва партия ташкилотлари фаолияти маълум мурожаатларни ҳал этиш билан бирга, ҳудудларда партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро ҳолати ҳақида аниқ хулосани шакллантириши керак, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан фаолиятимизнинг барча даражасида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни режалаштирганмиз. Бу орқали маҳалла, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий ривожланиш ҳолатини тизимли равишда мониторинг қилишни кўзлаяпмиз.

Умуман олганда, камчиликлар устида ишлаб, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари нуфузини ошириш бўйича аниқ режаларимиз бор. Имкониятларимиз кўп, ваколатларимиз ҳам етарли. Ишонаманки, барчаси амалий натижаларимизда акс этади. Энг муҳими, халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмасликка ҳаракат қиламиз.

 

***

Гап кўрсаткичларда эмас, аниқланган муаммоларни вақтида бартараф этишда, бунинг учун асосли ва ўткир таклифлар тайёрлашда. Шунинг учун биз энг муҳимларига тўхталишни жоиз топдик.

Шуниси аёнки, белгиланган чоралар вақтида амалга ошса, партиямиз ҳақиқий кучга айланади ва ишонч ортган ҳолда барча муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади. Бунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлар, фаоллар ва аъзолар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши, бир-бирига елкадош бўлиши керак.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 4.6.2025, №22

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш