
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28-30 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти III чақириқ биринчи йиғилиши ҳамда “Ёшларнинг парламентдаги ўрни” мавзусида республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ёшлар – жамиятнинг энг катта кучи экани бугун қоғозларда эмас, амалий ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда.
Ёшлар орзу қилади, интилади, ташаббус кўрсатади. Аммо баъзиларининг орзуси ҳаракатга айланмасдан қолади. Кимдир эса бир имконни топиб, минглаб тенгдошларининг овозига айланиш учун жазм этади. Худди шундай, менинг ҳаётимда ҳам муҳим бурилиш нуқтаси рўй берди – мен Ёшлар парламенти раиси ўринбосари, ЎзХДП ёшлар гуруҳи раҳбари этиб сайландим.
Бу лавозим нафақат юксак ишонч белгиси, балки улкан масъулият ҳамдир. Чунки бу лавозимга ЎзХДП ёшлар гуруҳи мени ишониб танлади, улар мени ўз фикрини, муаммосини, орзусини юқори минбарга олиб чиқадиган вакил сифатида кўрди. Энди менинг вазифам фақат фикр айтиш эмас, балки амалий фаолият билан исботлаш, ташаббус кўрсатиш ва натижага ишлашдир. Демак, энди ҳар бир сўзим, ҳар бир қарорим, ҳар бир қадамим – улар номидан.
Ёшлар парламенти – бу фақат мажлислар, оташин нутқлар эмас. Бу – муаммоларга ечим қидириш, ҳаётий, долзарб ташаббусларни илгари суриш, ҳақиқатда ёшлар ҳаётига таъсир этадиган қарорлар қабул қилиш минбари. Менинг вазифам — бу минбардан фойдаланган ҳолда ёшларнинг овозини эшиттириш, уларни қарорлар марказига олиб чиқиш.
Биламан, бу йўл осон бўлмайди. Унда юриш учун фақат билим эмас, юрак, виждон ва фидойилик ҳам керак.
Шу ўринда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти самарали ишлаши учун у расмий платформа бўлиб қолмаслиги, балки муаммоларни тан олиш ва уларни тизимли ҳал этиш орқалигина бу тузилма ёшлар ишончини қозона олишини унутмаслигимиз керак. Ёшлар парламентининг ташаббуслари парламентдаги етакчи сиёсатчилар томонидан кўриб чиқилиб, баъзилари ҳукумат сиёсатига айлантирилиши ҳам мумкин. Бу Ёшлар парламентининг нафақат “мактаб”, балки “сиёсий лифт” эканини ҳам исботлайди.
Қолаверса, Ёшлар парламенти аъзоларига ҳар йили парламент фаолияти симуляцияси ўтказилиб, реал қонунчилик тажрибаси берилиши лозим. Бу нафақат рамзий, балки амалий жиҳатдан ҳам уларни тенг сиёсий субъектга айлантиради. Янги таркибдаги ёшлар парламентининг вакиллик, таъсирчанлик, очиқлик ва сиёсий боғлиқлик даражаси бўйича намунали тизимга айланади.
Назаримда, Ёшлар парламенти навқирон авлод манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги устувор масалаларда амалий ечимларни амалга ошириши мақсадга мувофиқдир:
бринчидан, таълим соҳасида ижтимоий тенглик ва замонавийлик асосида қонуний ташаббусларни илгари суриш. Бунда, грантларни ижтимоий мезонлар асосида дифференциаллаш ва қонунийлаштириш;
иккинчидан, ёшлар ўз ҳунари, ғояси ёки стартапи билан иқтисодий мустақилликка эришмоғи учун кўмаклашиш, фриланс ва рақамли меҳнатнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш;
учинчидан, Ёшлар парламенти аъзоларига берилаётган имконият, яъни, реал қонунчилик амалиётига таяниб, стратегик тафаккурга асосланган дипломатия мактабини шакллантиришга муваффақ бўлиш.
Булар орқали миллий парламентимизни чуқур ўрганган ва миллий шароитга мослаштирган интеллектуал элита етишиб чиқади. Дипломатик анъаналар янги авлод учун қайта шакллантирилади.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП ёшлар гуруҳи раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 4.6.2025, №22