
Парламент назорати демократик бошқарув тизимининг ажралмас қисми бўлиб, ижро ҳокимиятининг давлат молиясидан фойдаланишини кузатиш ва баҳолаш имконини беради. Бюджетни ҳукумат сиёсатининг иқтисодий ифодаси дейиш мумкин.
Шу боис парламент Давлат бюджети устидан самарали назорат ўрнатмаса, коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва самарасиз харажатлар келиб чиқиши мумкин. Дунё тажрибасида парламент бюджетни қабул қилиш жараёнида давлат молияси қандай йўналтирилиши устидан сиёсий назоратни амалга оширади.
Аксарият давлатларда ҳисоб палаталари ёки олий аудит органлари мустақил фаолият юритиб, парламентга ҳисобот беради. Уларнинг ваколатлари қонун билан белгиланган ва бюджет харажатларини текшириш ҳуқуқига эга. Бюджет жараёнини омма (халқ) учун очиқ бўлиши доимий тарзда муҳим бўлиб келган. Халқаро тажриба кўра, ривожланган мамлакатлар бюджет устидан парламент назорати ўзига хос ривожланиш қонуниятларига эга. Хусусан, АҚШда Конгресс бюджет устидан тўлиқ назорати ўрнатилган. Congressional Budget Office (CBO) – мустақил таҳлилчи орган, GAO (Government Accountability Office) – парламентга боғлиқ аудит органи сифатида бюджет устидан назоратни амалга оширишда таниқли орган ҳисобланади. Буюк Британияда парламентдаги Public Accounts Committee бюджет ижроси муҳокамаси билан шуғулланади. National Audit Office (NAO) мустақил ҳисоб палатаси ҳисобланади. Германия Бундестагида ҳам бюджет қўмитаси самарали фаолият олиб боради. Германияда Federal Court of Auditors мустақил хулосалар тайёрлайди, бюджетнинг тўғри тақсимланиши бўйича янги сигналларни аниқлаш билан шуғулланади.
Демократик мамлакатларда парламентнинг бюджет устидан самарали назорат ўрнатиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши зарур:
биринчидан, мустаҳкам ҳуқуқий асослар зарур бўлади. Хусусан, парламентнинг бюджетни тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш ваколатлари қонун билан аниқ белгилаб қўйилиши керак;
иккинчидан, мустақил аудит органи мавжуд бўлиши керак, яъни, ҳисоб палатаси ҳукуматдан мустақил фаолият юритиши зарур;
учинчидан, таҳлилий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиши керак. Унга кўра, бюджетни баҳолаш учун экспертлар ва таҳлил марказлари иштирокини таъминлаш лозим.
тўртинчидан, очиқлик ва жамоатчилик назорати керак, барча ҳужжатлар оммага очиқ бўлиб, фуқаролар иштирокини рағбатлантириш лозим. Ўзбекистон учун ҳам бу тажрибаларни инобатга олган ҳолда, парламент назоратини мустаҳкамлаш, ҳисоб палатасини мустақил равишда фаолият кўрсатишига шароит яратиш ва бюджет жараёнига фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Мамлакатимизда Давлат бюджети ижроси бўйича парламент назоратини таъсирчан амалга ошириш учун ҳуқуқий асос, бошқа имкониятлар ҳам етарли эканини қайд этиш жоиз.
Куни кеча Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастури ҳам фаол иштирок этиб, Ҳукумат аъзоларига қатор масалаларга эътибор қаратишни таклиф қилди.
Биринчидан, бюджет маблағларини олган ҳар бир давлат ташкилотининг натижадорлик ва самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш механизмларини жорий этиш зарур.
Иккинчидан, ижтимоий эҳтиёжлар билан боғлиқ харажатларга йўналтирилган маблағлардан самарали фойдаланиш учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий соҳага оид тендер савдоларини ўтказиш учун алоҳида замонавий ягона платформа яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Учинчидан, Ҳукумат вазирлик ва идоралар йўл қўйган хато ва камчиликларга ҳуқуқий баҳо берган ҳолда, самарасиз фойдаланилган маблағларни қайтариш ва масъулларни жавобгарликка тортиш бўйича қатъий чораларини қўллаши, бу ҳақда кенг жамоатчиликка маълумот бериб бориши лозим.
Давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланиши халқимиз манфаатларига хизмат қилади. Шунинг учун Халқ демократик партияси фракцияси бу масалада доим қатъий позицияси кўрсатишга, реал натижаларга эришишга интилади.
Ғолибжон Маҳаммаджанов,
Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши шўъба мудири,
сиёсий фанлар фалсафа доктори (PhD).