Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари диққат марказида бўлган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси алоҳида муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш, уларга сифатли ва тезкор ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, бирламчи кўмак хоналарига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар учун банк картасини тиклаш соддалаштириляпти.
Лойиҳанинг ҳимояга қаратилган мақсади Халқ демократик партиясининг дастурий вазифаларига мос келиши қайд этилиб, баъзи аниқлаштирувчи саволлар ўртага ташланди. Ушбу саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала — Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси билан меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқий кафолатлар, меҳнат муҳофазаси ва ишчиларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормалар назарда тутилган.
Депутат Дилбар Мамаджанова қонун лойиҳасида иш вақтидан ташқари меҳнатнинг чегараланган миқдори, қўшимча меҳнат учун ҳақ тўлаш миқдорлари бўйича кўтарилган саволларга иккинчи ўқишгача қандай ойдинлик киритилганини сўради.
Масъуллар нормаларнинг ишчи-ходимлар манфаатлари, қонуний ҳақ-ҳуқуқларига зид эмаслигини ҳуқуқий асослаб берганидан сўнг, фракция аъзолари томонидан лойиҳа маъқулланди.