Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар томонидан “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасидаги амалий учрашувлар изчил давом эттирилмоқда. Хоразм вилояти туманларида ҳам ташкил этилаётган бундай учрашувларда жойлардаги долзарб масалаларни ўрганиш ва фуқаролар мурожаатларига ечим топиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ХДП Тупроққалъа туман кенгаши раиси Ш. Султонова ва туман Кенгаши депутати М. Ярашовлар тумандаги Й. Охунбобоев маҳалласида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Қабул жараёнида имтиёзли кредитлар, ишга жойлашиш, коммунал тўловлар ва моддий ёрдам масалаларида мурожаатлар тингланди. Айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилиб, икки нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, икки нафарига ҳассалар, бир нафарига эса ортопедик пойабзал топширилди.
Шу каби учрашув Урганч туманидаги Бақайлар маҳалласида ҳам ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутати Замира Саидниёзова иштирок этиб, хотин-қизлар муаммоларини эшитди.
Учрашув давомида болалар нафақаси, уй-жой муаммолари, даволаниш учун моддий ёрдам, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ҳамда йўл инфратузилмаси каби масалалар бўйича мурожаатлар билдирилди. Айрим муаммолар жойида ҳал этилди, қолган мурожаатлар бўйича эса депутатлик сўровлари юборилиши белгиланди.
Ўзбекистон ХДП жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг муаммоларини бартараф этишга, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган амалий фаолиятини изчил давом эттиради.