Ижтимоий иш ҳақидаги қонун ижтимоий ҳимоя учун муҳим

 

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисида «Ижтимоий иш тўғрисида»ги, «Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, ижтимоий аҳамияти ва амалий натижаларини чуқур таҳлил қилди.

Жумладан, «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами учун ижтимоий иш тизимини жорий этишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, ижтимоий ишчи вазифаси, унинг мажбуриятлари, жамиятда тутган ўрни ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари билан ишлаш усуллари ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилади. Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кўрсатилаётган ёрдамларнинг аниқ ва манзилли бўлишида принципиал аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Қайд этилишича, эндиликда мамлакатимизда ижтимоий ходимнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиб, уларнинг фаолияти учун муносиб шароит яратиш ҳамда қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Бу эса партия электорати муаммолари аниқланиши ва самарали ечим топишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ижтимоий хизматлар бирламчи, ихтисослашган ва юқори ихтисослашган турларга ажратилмоқда. Яъни, ижтимоий хизматлар фуқаронинг уйида, маҳалласида, ижтимоий объектларда ҳамда онлайн шаклда кўрсатилиши назарда тутилмоқда. Депутатлар ижтимоий фаолиятнинг халқимизга яқин бўлиши муҳимлигини қайд этди. Айниқса, ногиронлиги бор шахсларга қулай ва профессионал хизмат кўрсатилишига эътибор қаратилди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича айрим аниқлаштирувчи саволлар ва таклиф-мулоҳазаларини билдиришди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита билан изчил ҳамкорлик қилиниши айтилди. Юқоридаги асосларга кўра, лойиҳа концептуал равишда қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда «Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамадан ўтди.

Бўлиб ўтган савол-жавобларда амалдаги мавжуд жазо чораларининг нега оширилаётгани, лойиҳанинг тушунтириш хатида бунга етарлича асос келтирилмагани муҳокама қилинди. Қонун ижодкорлари иккинчи ўқишга тайёргарлик жараёнида бугунги кўтарилган масалалар юзасидан ҳамкорликда иш олиб боришини айтганидан сўнг лойиҳа қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш